Ўзбекистон Арманистон ва Озарбайжонни дипломатик музокараларни бошлашга чақирди

Тоғли Қорабоғ харитаси.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви Ўзбекистонда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 27 сентябрь куни тарқатган баёнотда маълум қилинди.

«Ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий кучнинг ишлатилиши икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилаётган давлат сифатида МДҲ ҳудудида дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, баҳсли масалалар халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий мос равишда тинч йўл билан ҳал қилинишининг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикасини ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз», -дейилади вазирлик баёнотида.

27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон қўшинлари ўртасида шиддатли отишма содир бўлди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон томонидан оддий аҳоли пунктига ракета отилгани ва ҳаводан ҳужум қилинганини таъкидлади.

Озарбайжон эса ҳарбий амалиёт Арманистон томонидан бўлган ҳужумга жавобан бошланган, деб билдирди.

Ҳар икки тараф тўқнашувларда оддий аҳоли ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, юз минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган.

1994 йилдан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Боку улар сафларида Арманистон ҳарбийлари борлигини таъкидлайди.

Тоғли Қорабоғ мустақиллигини бирорта давлат тан олмаган.