Беларусдаги TUT.BY портали уч ойга ОАВ мақомидан маҳрум қилинди

Беларусь Ахборот вазирлиги TUT.BY онлайн нашрининг фаолияти 1 октябрдан бошлаб уч ойга тўхтатилиши ҳақида эълон қилди. Бунга оид буйруқ ахборот вазири Игорь Луцкой томонидан имзоланган.

Мазкур қарор эртадан бошлаб TUT.BY нашри оммавий ахборот воситаси мақомини йўқотишини англатади. Нашр вакиллари, ОАВ мақоми йўқотилишига қарамай, аввалгидай интернет-ресурс сифатида ўз ишларини давом эттираверишларини билдирганлар.

TUT.BY қайдича, Беларусда интернет-ресурсларнинг онлайн нашр ўлароқ рўйхатдан ўтиши ихтиёрийдир. Оммавий ахборот воситаси мақоми қонуний асосда қуролли тўқнашувлар содир бўлаётган жойларда юриш ёки фавқулодда вазиятларда, оммавий тадбирларда, ижтимоий аҳамиятга эга воқеа жойларида эркин ҳаракатланиш ва у ерлардан ахборот узатиш каби айрим имтиёзларни беради.

TUT.BY оммавий ахборот воситаси сифатида ўтган йилнинг январида рўйхатдан ўтган, унгача эса, яъни таъсис этилган 2000 йилдан бери портал ОАВ мақомисиз фаолият юритган.

TUT.BY мустақил портали Беларусдаги сўнгги президент сайлови кампанияси ҳамда сайлов натижаларини қайта кўриб чиқиш талаби билан ўтказилган оммавий норозилик чиқишларини фаол ёритган. Мазкур оммавий намойишлар иштирокчилари сайлов натижалари Александр Лукашенко фойдасига сохталаштирилганини айтиб келадилар. TUT.BY ҳар куни Лукашенко мухолифларининг шу кунгача давом этиб келаётган чиқишлари ҳамда фаолларнинг шафқатсиз йўсинда қўлга олинишларига оид материалларни ёйинлаб келмоқда.

Шу йил 7 августида нашр Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунни бузганлиги ҳақида тўртта огоҳлантирув хати олган. Бу Ахборот вазирлигига нашр фаолиятини тўхтатиш ҳақида судга даъво аризаси киритиш ҳуқуқини беради. Бу каби ариза вазирлик томонидан Минск Иқтисодий судига йўлланган. Маҳкаманинг илк мажлиси, “Интерфакс” агентлигининг хабар қилишича, 8 октябрга белгиланган.