Қирғиз парламенти раиси депутатларни навбатдан ташқари йиғилишга чақирди

Қирғиз парламенти раиси Дастан Жумабеков.

Қирғиз парламенти матбуот котиби Ибраим Нуракун Озодлик радиоси қирғиз хизматига депутатлар 6 октябрь куни Бишкекдаги “Достук” меҳмонхонасида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказишини билдирди.

Парламент йиғилишида мамлакатдаги сиёсий вазият муҳокама қилинади. Сўнгги маълумотга қараганда, айни пайтда меҳмонхонага ҳали депутатлар етиб келмаган, аммо депутатларнинг тарафдорлари йиғилмоқда.

Аввалроқ "Ата Мекен" партиясининг сайловдаги лидери Жанар Акаев парламент йиғилиши 7 октябрда ўтказилиши тўғрисида музокаралар ўтказаётганини билдирган эди. Ўзи ҳам парламент депутати бўлган Жанар Акаев бу йиғилишда парламентнинг янги раисини сайлаш ва “Халқ ишончи ҳукумати”ни шакллантириш масаласи муҳокама қилинишини айтган.

5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган партияларнинг тарафдорлари Бишкек марказий майдонида митингга йиғилганлар.

Оқшомга бориб, милиция ходимлари майдондаги митингни куч қўллаган ҳолда тарқатган. 6 октябрь тонггача давом этган тўқнашувлар ортидан кучишлатар тузилмалар ходимлари таслим бўлган ва норозилар президент маъмурияти жойлашган Оқ Уйни эгаллаган эди.

Шунга қарамай, президент мамлакатдаги вазиятни назорат қилаётганини иддао этди. Бироқ бугунги кунда президентнинг қаерда экани маълум эмас.