Тожикистон шимолига қайтадан ўзбек гази етказиб берилади

Ўзбекистон кўп йиллик танаффусдан кейин Тожикистон шимолига яна табиий газ етказиб бера бошлайди. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.

“Сомон-Сўғд-Газ” корхонаси маълумотига кўра кўра, ўзбек газини етказиб бериш ишлари шу йил ноябрь ойиданоқ бошланади.

Ҳозирда корхонанинг 15 чоғли мутахассиси Хўжандда газ қувурларини тиклаш бўйича таъмир ишларини олиб бормоқдалар. “Зангори олов” билан аввалига саноат корхоналари, кейин эса хусусий ва кўп қаватли уйлар таъминланади.

“Сомон-Сўғд-Газ” вакилларига кўра, Тожикистон ўзбек газини, ўзаро шартномага мувофиқ, минг куб метрини 130 доллардан сотиб олмоқда, бу эса 2012 йилдагидан қарийб 2,5 баравар арзондир.

Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ етказиб беришни 2012 йили тўхтатиб қўйган. Сўнгги бор Тожикистон Ўзбекистондан табиий газни 2011 йил охирида минг куб метрини 370 доллардан сотиб олган. Ўша пайтда экспертлар, Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг дўстона бўлмаган сиёсатини назарда тутган ҳолда, газ нархини “сиёсийлашган”, деб ҳисоблар эдилар.