Тихановская “ҳокимиятни эгаллаб олишга чақиргани учун” қидирувга берилди

Светлана Тихановская.

Беларусь президенти лавозимига собиқ номзод Светлана Тихановская миллий хавфсизликка зиён етказишга оид чақириқлари учун давлатлараро қидирувга берилган. Бу ҳақда Беларусь Тергов қўмитаси баёнотида айтилади. Аввалроқ “Интерфакс” агентлиги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда, Тихановская ҳокимиятни босиб олиш ва конституциявий тузумни ағдаришга оид чақириқлари туфайли қидирувга берилгани ҳақида хабар қилганди.

Октябрь ойида Тихановскаянинг қидирувга берилгани ҳақида Россия Ички ишлар вазирлиги маълум қилганди.

9 август куни бўлиб ўтган президент сайловидан кейин Светлана Тихановская таъқибдан хавотирланиб, Литвага кетганди. Мухолифат вакили сифатида у европалик қатор лидерлар билан учрашиб, уларни Беларусдаги норозилик намойиши иштирокчиларини дастаклаш чақирганди.

Озодликнинг беларус хизматига берган интервьюсида Тихановская расмийларнинг зўравонлиги туфайли беларуслик кўплаб фаоллар ва мухолифатчилар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани юзасидан афсус билдирганди.

Минск ва Беларуснинг бошқа шаҳарларида 9 августдан бери оммавий норозилик намойишлари тингани йўқ. Бу акцияларга юз минглаб одам йиғилмоқда. Мазкур намойишларни бостириш чоғида камида 4 киши нобуд бўлган, 6 киши бедарак кетган. Норозилар орасида қанча киши жабрлангани ёки ҳисбга олингани ҳақида ҳалигача аниқ маълумот йўқ, бироқ улар сони минглаб экани айтилади.

Европа Иттифоқи билан АҚШ Беларусдаги президент сайловини легитим, дея тан олган эмас. Бироқ Россия тан олган.