Қирғизистоннинг ҳибсхонадаги собиқ президенти Атамбаев очлик эълон қилди

Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошев 26 октябрь куни ўз мижози Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) тергов ҳибсхонасидан Бишкекдаги 1-сонли тергов ҳибсхонасига кўчирилганини билдирди.

Уни аввал ўлим жазосига ҳукм қилинганлар сақланган ертўлада сақлашяпти. Бунгача камерада анчадан бери ҳеч ким бўлмаган, камерага иссиқликни фақат бугун беришди, канализация ишламайди, камера эшиклари доим очиқ. Алмазбек Атамбаев очлик эълон қилди”, дея иқтибос келтиради З. Жоошев сўзларидан Озодликнинг қирғиз хизмати.

Адвокатга кўра, Атамбаевнинг соғлиғи ёмон бўлиб, у бронхит ва юрак билан боғлиқ муаммолардан азият чекмоқда.

МХДҚ вакиллари Озодликнинг қирғиз хизматига Атамбаев 1-сонли тергов ҳибсхонасига Бишкек шаҳар суди қарори билан кўчирилганини билдирганлар.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев Бишкек марказий майдонида 9 октябрь куни тартибсизликлар уюштирганликда гумонланиб, МХДҚ ва ИИВнинг 10 октябрь куни ўтказилган қўшма амалиёти натижасида қўлга олинган. У бошқа маҳбуслар билан биргаликда 6 октябрга ўтар кечаси халқ ғалаёни ортидан ҳибсхонадан озод қилинганди.

2020 йил ёзида Бишкек туман суди Азиз Батукаевнинг муддатидан олдин ноқонуний озод қилинганига оид иш доирасида Атамбаевни мол-мулкини мусодара қилиш билан 11 йилу 2 ойга озодликда маҳрум қилганди. Бундан ташқари, собиқ президент давлат унвонлари ва мукофотларидан ҳам маҳрум этилган. Кейинроқ Бишкек шаҳар суди бу ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Атамбаев суд томонидан ҳали кўриб чиқилмаган Қўйтошдаги воқеалар бўйича ишнинг ҳам фигуранти бўлиб ҳисобланади. Қўйтош қишлоғидаги воқеалар бўйича 2019 йили Қирғизистон Жиноят кодексининг “Қотиллик”, “Суиқасд ҳаракати”, “Гаровга олиш”, “Оммавий тартибсизликлар”, “Безорилик”, “Ҳокимият вакилига таҳдид ёки зўравонлик қилиш” моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Бош прокуратура гумонланувчиларнинг кўпини мазкур жиноятларни содир этганликда айбдор, деб ҳисоблайди. Алмазбек Атамбаев дохил гумонланувчиларнинг ўзлари бу айбловларни рад этиб келадилар.