БМТ Эронни учоқ уриб туширилишига доир терговни тезлаштиришга чақирди

БМТ агентлиги Эронни январь ойида Теҳрон яқинида Украина йўловчи учоғининг уриб туширилганига доир терговни тезлатишга чорлади.

6 ноябрь куни Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) кенгаши Эронни 176 киши умрига зомин бўлган ҳалокат терговини илдамлатишга чақирди.

«Украина халқаро ҳаво йўллари» авиаширкатининг «Being737-800» учоғи 8 январь куни Теҳрон аэропортидан ҳавога кўтарилганидан кейин уриб туширилган эди.

Бошида Эрон расмийлари учоқни ракета уриб туширганини рад этишди. Аммо кейинчалик Эрон мамлакат ҳаво мудофаа кучлари учоқни «бехосдан» уриб туширганини тан олди.

Эронлик терговчиларга кўра, авиаҳалокатга радиолокацион станциянинг нотўғри созлангани ҳамда аскарлар ва юқори лавозимли офицерлар ўртасидаги тушунмовчилик сабаб бўлган.

Фожиа минтақада Эрон билан АҚШ ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда содир бўлган.

Эроннинг ICAO ташкилотидаги вакили Фарҳод Парвареш Reuters агентлигига берган интервьюсида Теҳрон тергов жараёни тўғрисида кенгашга хабар берганини айтди.