Эронда карантин кучайтирилди, корхона ва бизнеслар ёпилади

Эрон ҳукумати коронавируснинг иккинчи тўлқинига қарши кураш доирасида 21 ноябрдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб қатъий чекловларни жорий қилади.

Пойтахт Теҳронда ва 160 га яқин бошқа «қизил зона» ҳисобланувчи шаҳарда муҳим бўлмаган корхона ва бизнеслар ёпилади. Бу ҳақда 20 ноябрь куни Коронавирус инқирозига қарши кураш миллий маркази маълум қилди.

«Қизил зона» ҳисобланувчи шаҳарларга автомобиллар киритилмайди ва чиқарилмайди.

Касаллик тарқалиши хавфи озроқ бўлган «тўқ сариқ» ва «сариқ» шаҳарларда эса енгилроқ чекловлар жорий қилинади.

Янги чекловлар камида икки ҳафта давом этиши кутилмоқда.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб бугунга қадар COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони 43 896, вирусни юқтирганлар сони эса 828 377 кишига етган.