Трамп яна президент сайловларига оид даъволари билан тарафдорларига юзланди

АҚШ президенти Дональд Трамп Жоржия штатида, 5 декабрь, 2020.

АҚШ президенти Дональд Трамп Жоржия штатида республикачи сенаторлар уюштирган раллида қилган чиқишида, ўтган ойда бўлиб ўтган президент сайловлари тўғрисидаги даъволарини такрорлади.

Жо Байденга ютқазганини ҳали ҳам тан олмаган Трамп бир неча ҳафтадан бери 3 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловлар давомида қонунбузарликлар содир этилганини иддао қилиб келмоқда.

Президент Жоржия штатининг Валдоста шаҳрида қилган чиқишида:

- [Сайлов натижалари] сохталаштирилган, - дея иддао қилди.

Трамп бирорта шикояти судда қондирилмаганига қарамасдан, сайлов натижалари сохталаштирилгани ва қонунбузарликлар содир этилгани тўғрисидаги иддаоларини давом эттирмоқда.

5 январга белгиланган иккинчи босқич сайловда республикачи сенаторлар Дэвид Пердью ва Келли Леффлер Сенатда Республикачилар партияси ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун курашади.