Қозоғистон Никонов баёноти юзасидан Россияга норозилик нотаси топширди

Россия Федерацияси Давлат Думаси Таълим ва фан бўйича қўмита раиси Вячеслав Никоновнинг "Қозоғистон ҳудуди Россиянинг ажойиб совғаси",  деган баёноти Остонада норозилик уйғотган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия дипломатига Россия Федерацияси Давлат Думаси Таълим ва фан бўйича қўмита раиси ва "Катта ўйин" дастури бошловчиси Вячеслав Никоновнинг баёноти муносабати билан нота топширди.

Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

“Россия Федерациясининг муваққат ишлар вакили Александр Комаров Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди. Учрашув давомида ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Марат Сиздиқов Биринчи каналда Россия Федерацияси Давлат Думаси Таълим ва фан бўйича қўмита раиси Вячеслав Никоновнинг "Қозоғистон ҳудуди Россиянинг ажойиб совғаси", деган баёнотидан таажжубда эканини билдирди.

Баъзи бир рус сиёсатчиларининг Қозоғистонга нисбатан тез-тез провокацион ҳужумлари давлатлар ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларига жиддий зарар етказаётгани қайд этилган.

"Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бундай баёнотларга Россия томони томонидан муносиб баҳо берилишини кутади ва Россия Федерациясининг давлат арбобларидан бундай турдаги бошқа баёнотларнинг олдини олиш учун чоралар кўришга чақиради", деб билдирди матбуот хизмати.

Аввалроқ, Россия Федерацияси Давлат Думаси Таълим ва фан қўмитаси раиси, "Катта ўйин" дастурининг бошловчиси Вячеслав Никонов Россия биринчи канали эфирида "Қозоғистон шунчаки мавжуд эмас эди, шимолий Қозоғистон умуман яшамаган" деб айтган эди.

“Улар мавжуд эди, аммо жанубдан анча нарида. Ва, аслида, Қозоғистон ҳудуди Россия ва Совет Иттифоқининг ажойиб совғаси ", - деган эди Никонов телевидение эфирида.