COVID-19: Ҳиндистон аҳолини оммавий тарзда эмлашга ҳозирлик кўрмоқда

2 январь куни Ҳиндистонда коронавирусга қарши эмлаш кампаниясига ҳозирлик кўриш машғулотлари бошланди. Мамлакатда жаҳондаги энг йирик эмлаш кампанияси амалга оширилиши кутилмоқда.

1 январь куни Ҳиндистон ҳукумати AstraZeneca ширкати Оксфорд университети билан ҳамкорликда ишлаб чиққан вакцина билан аҳолини фавқулодда эмлашни тавсия қилди.

Ҳиндистон коронавирус юқтирганлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринда бормоқда. Бугунга қадар мамлакатда 10,2 миллиондан зиёд одам вирусга чалинган. Ҳиндистон ҳукумати 2021 йил ўрталаригача 1,3 миллиард аҳолининг 300 миллионини эмлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Хабарларга кўра,Ҳиндистонда AstraZeneca-Оксфорд вакцинасининг ўн миллионлаб дозаси захираси ҳозирланган, 96 минг нафар соғлиқни сақлаш ходими эмлаш учун тайёргарликдан ўтган.