Қирғизистон президентлигига сайловда Садир Жапаров олдинда бормоқда

Президентликка номзод Садир Жапаров хотини билан сайлов участкасида овоз бермоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига қараганда, сайлов участкаларидаги овозларни электрон санаш ускуналари номзодлар орасида Садир Жапаров олдинда бораётганини кўрсатмоқда.

Бишкек вақти билан соат 21 (Тошкент вақти билан соат20:00)даги кўрсаткичларда қайд этилишича, Садир Жапаровга 79 фоиз овоз берилган.

Президентлик сайловида иштирок этаётган 17 номзод орасида Адахан Мадумаров 6,60 фоиз, Бобуржон Тўлбоев 2, 31 фоиз, Миқтибек Арстанбек 1.66 фоиз, Абдил Сегизбаев - 1.46 фоиз, Имамидин Ташов 1.19 фоиз овоз олган. Қолган номзодлар олган овозлар сони 1 фоиздан кам.

Қирғизистонда 10 январь куни аҳоли мамлакат бошқарув тизими учун ҳам овоз берди. Электрон ҳисоблаш маълумотларига қараганда, сайловчиларнинг 81 фоизи президентлик бошқарув, 10,78 фоизи парламент бошқаруви учун овоз берган. 4,41 фоиз сайловчи бошқарувнинг ҳар икки тури учун қарши овоз берди.

Электрон ҳисоблаш натижалари ҳали якунланган эмас. Бундан ташқари овозларни қўлда санаш жараёни ҳам бўлади.
Хабарларда айтилишича, соат 18га қадар 3 миллион 563 минг 574 сайловчидан 33 фоизи овоз берган.