Хитойнинг БМТдаги элчиси уйғурлар масаласини кўтарган Британияга норозилик билдирди

Қашқар яқинидаги Ўпал шаҳри четида жойлашган қабристон ёнида ўрнатилган туркий халқлар мутафаккири Маҳмуд Кошғарий ҳайкалини Хитой ҳукумати олиб ташлаган.

Хитойнинг БМТдаги элчиси Британия ҳукуматини танқид қилди ва уни мамлакат ички ишларига аралашаётганликда айблади.

12 январь куни Британия давлат вазири Жеймс Клеверли БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида айрим пайтларда давлатлар террорчиликка қарши кураш учун “фавқулодда чоралар” кўришга мажбур бўлишини таъкидлаган ҳолда, Хитойнинг уйғурларга нисбатан сиёсатини танқид қилган эди.

Клеверли ўз сўзи давомида: “Кўпинча террорга қарши кураш инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузилиши ва истибдодни оқлаш воситаси бўлиб қолди. Шинжонда уйғурларга нисбатан сиёсат бунинг яққол намунасидир”,-деб айтди.

Хитой вакили Чжан Юнг Британия вазирининг нутқини “сиёсий ҳужум” сифатида баҳолади ва Лондонни Хитой ички ишларига аралашаётганликда айблади.

АҚШ ва қатор ғарб давлатлари Хитойда 1 миллиондан ортиқ мусулмон 2017 йилдан бери экстремизмга қарши кураш баҳонасида “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётганини танқид қилиб келади.

Аммо Хитой бу лагерлар “экстремист ва террорчиларни қайта тарбиялаш” мақсадида ташкил этилганини билдирган.

Мавзуга алоқадор Apple таъминотчиси уйғурлар мажбурий меҳнатидан фойдаланганликда айбланмоқда