Туркманистонда қурғоқчиликдан чорва қириляпти

Туркманистоннинг Болқон вилоятида қурғоқчилик туфайли туя ва майда чорва оммавий қирилиб кетмоқда.

Бу ҳақда "Озодлик" радиосининг туркман хизмати хабар берди.

Маҳаллий чорвадорларнинг сўзларига кўра, ҳаво ҳарорати 45 даражадан ошган. Денгиз ва чўл ўртасидаги яйловлар қум билан қопланган. Бундай шароитда минглаб туялар ва майда чорвалар овқат ва сувсизликдан ўляпти.

Қурғоқчилик оқибатлари бу ерда баҳорнинг ўрталаридан сезила бошлаган эди.

Ўшанда озиб-тўзиб кетган қирчанғи отларнинг суратлари ижтимоий тармоқларда тарқалганди.

Туркманистоннинг Болқон вилояти Қозоғистоннинг Манғистау вилояти билан чегарадош.

У ерда Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, қурғоқчилик туфайли июл ойида мингдан ортиқ уй ҳайвонлари, Қизилўрда вилоятида эса 500 га яқин чорва нобуд бўлган эди.