Россия ҳукумати томонидан сиёсий қочқинлик мақомидан маҳрум қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик Москванинг "Шереметьево" аэропортидаги махсус ҳибсхонадан озод қилинди.
У янги Ўзбекистон паспортини олган ва Арманистонга учиб кетган. Бу ҳақда "Озодлик" радиосининг рус хизматига унинг ёрдамчиси Александр Ким маълум қилди.
Аввалроқ “Настояшчее время” телеканали Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Шереметьево аэропортига боришганини хабар қилган эди.
Чупикнинг ёрдамчиси Александр Ким улар ҳуқуқбонни, гўё исталган давлатига чиқиб кетиш имконини берувчи паспорт тайёрлаб бериш учун суратга туширишганини айтганди.
Чупик етти кун аэропортда сақланди. Ҳуқуқбоннинг қочқинлик гувоҳномаси олиб қўйилиб, Россияга кириши 2051 йилгача тақиқланди.
Унинг ўзи Тошкентга депортация қилиниши мумкинлигидан хавотир билдирган. Чупик Ўзбекистонга жўнатилгани тақдирда “ДХХ ертўласи”га тушиб қолишидан хавтирда бўлган.
Аввалроқ БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Чупикка нисбатан инсоннинг унга қийноқлар таҳдид солаётган мамлакатга бериб юборилишини тақиқловчи 39-қоидани қўллаш масаласида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилган эди.