Сув тақчиллиги Марказий Осиёда иқлим миграцияси хавфини кучайтирмоқда

Иқлим исиши оқибатида Марказий Осиёда музликлар эрияпти.

Сув танқислиги кучайиб бораётган Марказий Осиёда яқин йилларда аҳолининг қулай ҳудудларга кўчиши эҳтимоли ошмоқда. Мутаҳассислар бу ўзгариш 2030 йилдан кейин тезлашиши мумкинлигини айтишади.

Ҳозир 80 миллиондан кўп аҳоли яшайдиган минтақанинг катта қисмида дарё ва кўлларда сув озайган, музликлар эрияпти, ёғингарчилик камайган.

Даладан умид узиляпти

Жаҳон Ресурслари Институти 2040 йилга бориб 30дан ортиқ мамлакат, жумладан Марказий Осиё давлатлари ҳам экстремал сув танқислигига дуч келишини прогноз қилган. Институтнинг таҳлилларида минтақадаги сув ресурсларининг 80% ортиғи трансчегаравий дарёларга боғлиқ экани қайд этилган.

Минтақадаги сув муаммоси шунчалик ўзаро боғлиқки, уни алоҳида ҳал қилиш ёки ҳар бир мамлакат муаммосини якка тартибда кўриб чиқишнинг иложи йўқ.

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Наманган вилояти Уч‑Қўрғон туманида сув танқислиги охирги йилларда деҳқончиликка сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Ҳалимбой Шералиев илгари бир йилда икки марта ҳосил оларди: аввалига буғдой, йиғим-теримдан кейин сабзи экарди. Сув миқдори камайганидан кейин унинг ерларида иккинчи ҳосилни етиштириш имкони қолмаган.

"Уч йилдан бери сув етишмайди. Буғдойни эплаб оламиз, лекин сабзига сув муаммо. Сабзи экмай қўйдим. Даромад камайди, шунинг учун Россияга бориб қурилишда ишлаб келяпман" - дейди 48 ёшли деҳқон.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Ноокен туманида ҳам сув тақчиллиги муаммога айланган.

"Ерни суғориш қийин бўлиб қолди. Деҳқончиликни ташлаб, тирикчилик қилиш учун Бишкекка келдим" - дейди ёшлигидан деҳқончилик билан шуғулланган 45 ёшли Абдужжабор.

У ҳозирда қурилиш ёки ободонлаштариш соҳасида иш излаб юрганини қўшимчалади.

Ўзбекистонда сув ресурслари камайиб бораётгани расмий баёнотларда ҳам ўз тасдиғини топмоқда. 11 декабрь куни парламентдаги чиқишида Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев вазиятнинг жиддийлигини таъкидлаган:

“Бугунги кун ҳолатида трансчегаравий сув омборлари билан ҳисоблаганда сув заҳирамиз ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 миллиард м³ кам. Ички сув омборларимизда эса 2,7 миллиард м³ кам сув сув йиғилган”.

Қирғизистондаги масжидларнинг бирида ёмғир ва қор тилаб дуо ўқиётган диндорлар. Расм Мусулмонлар идораси бошқармасининг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.

Ёмғир учун илтижо

Кузнинг охири ва қишнинг бошларида минтақанинг аксарият ҳудудларида ёғингарчилик бўлмади. Иқлим ўзгариши кучайгани сайин, ҳатто одамлар бу муаммога қарши диний амаллар орқали ҳам чора излай бошлади.

28 ноябрь куни Тожикистон ва Ўзбекистондаги 2000 дан ортиқ масжидда оммавий намоз ўқилиб, ёмғир ёғиши сўралган бўлса, 5 декабрда Қирғизистонда Мусулмонлар идораси раҳбарининг топшириғига биноан барча масжидларда қор ва ёмғир учун илтижо қилинди.

Синоптиклар аввалроқ таҳмин қилганидек, декабрнинг ўрталарига келиб, минтақада ёмғир ва қор ёғди. Бироқ аҳоли бу ёғингарчиликни олдинги йиллар билан солиштирганда анча кам деб баҳолайдилар.

Об-ҳавони кузатувчи мутаҳассислар маълум қилишича, 2026 йил январь ойининг охирида Марказий Осиёда қаттиқ совуқ бўлиши кутилмоқда. Шунга қарамай, ёғингарчилик миқдори барибир меъёрдан паст бўлиши айтилган.

Қурғоқчилик муаммоси сиёсатда ҳам долзарб мавзуларнинг бирига айландики, давлат раҳбарлари турли ташрифлар доирасида учрашганда муҳокамани аввало шундан бошлашмоқда.

Тожикистоннинг президенти Эмомали Раҳмон 26 ноябрда Бишкекка келганда Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан гапни шу масаладан бошлаб, ёғингарчилик бўлмаяётганидан ташвиш билдиришган.

Дарёлар, кўллар ва сув омборларидаги таназзул

NASA ва ESA томонидан олинган тасвирлар 2000–2023 йилларда минтақадаги кўплаб сув ҳавзаларининг майдони қисқарганини кўрсатади.

  • АМУДАРЁ

Марказий Осиё сувни мувофиқлаштириш комиссияси ҳисоботига кўра, 2018 йилда Амударё ҳавзасидаги умумий оқим норманинг 83% ташкил этган. 2024 йилга келиб, сув таъминоти барқарор эмас, тақчиллик кучайгани қайд этилган.

Афғонистондаги Қўштепа канали қурилиши оқимни янада камайтириши ҳақида халқаро экспертлар огоҳлантириб келмоқда. Толибон ҳукумати каналнинг умумий лойиҳа қуввати йилига 10 миллиард куб метргача сувни Амударёдан олишини билдирган.

  • СИРДАРЁ

2018 йилда Сирдарё ҳавзасидаги умумий оқим норманинг 98% ташкил этса, етти йил оралиғида сув камая бошлаган. Бунга эса Қирғизистондаги музликлар ҳажмининг қисқариши сабаб бўлган.

Қирғизистон Геология хизмати маълумотларига кўра, мамлакатдаги музликлар ҳар йили ўртача 0,2–1% гача қисқармоқда.

Афғонистон қураётган Қўштепа канали Марказий Осиёда сув тақчиллиги билан боғлиқ масалани кучайтириши мумкинлиги айтилади.

  • ЧОРВОҚ

Ўзбекистондаги маҳаллий тадқиқотларда Чорвоқда сув сатҳи йил давомида 40 метргача ўзгариши қайд этилган. Туркия Фан ва технология тадқиқот кенгаши ҳисобича, Чорвоқда 2022–2024 йилларда сувнинг мавсумий пасайиши кучайган. Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, Чорвоқ сув омбори мамлакат гидроэнергетикасининг 30% яқинини таъминлайди, шу боис сув сатҳининг ўзгариши энергетикага ҳам таъсир қилади.

  • ТУЗКОН, ШАРДАРА

Ўзбекистондаги Тузкон кўлида ҳам сув сатҳи пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. Бунга Сирдарёдан келадиган сувнинг камайиши кўпроқ таъсир қилиши айтилади.

Ҳудди шундай ҳолат Қозоғистондаги Шардара сув омборида ҳам қайд этиляпти. Қозоғистон Экология вазирлиги 2023 йилда Шардарада сув сатҳи 15–20% га пасайганини маълум қилган.

  • ИССИҚКЎЛ

Қирғизистондаги Иссиқкўлда сув сатҳи сўнгги 98 йилда 3,5 метрга пасайгани 2024 йилда расман маълум қилинган.

Давлат раҳбарияти аҳвол шундай давом этса, келажакда Исиқкўлнинг Орол денгизи каби йўқолиш хавфи борлигини айтган. Президент Садир Жапаров жорий йилнинг май ойида Остонада ўтган "Марказий Осиё - Италия" саммитида Иссиқкўлнинг сув сатҳи 1854 йилдан бери 14 метрга пасайганини айтган.

Исиқкўл - Марказий Осиёдаги энг йирик тоза сув кўли бўлиб, унинг сув баланси асосан ер ости манбалари ва музлик сувларига боғлиқ.

  • БАЛХАШ

Қозоғистонда Балхаш кўлининг қуриб қолиш хавфи ва трансчегаравий дарёлар оқимининг камайиши экологик муаммолар қаторида турибди. Маълумотларга кўра, Балхашга қуйиладиган Или дарёси оқими Хитойдаги сув иншоотлари туфайли 20–30% гача қисқариши мумкин. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа Иқтисодий комиссияси Или дарёсининг 80% суви Хитой ҳудудида шаклланишини қайд этган.

  • КАСПИЙ

Каспий денгизи сатҳи ҳам 2018 йилдан буён тарихий пастликка тушди. Иқлим исиши натижасида сув тез буғланмоқда. Каспийнинг асосий манбаи бўлган Волга дарёсининг оқими камайган. Маълумотларга кўра, сув сатҳи –29 метрдан ҳам пастга тушган. GEOMAR океанология институти ҳисоботларига кўра, Каспий 2100 йилга бориб яна 9–18 метргача пасайиши мумкин.

  • НОРАК

Тожикистондаги Норак сув омборида ҳам сув сатҳи зарур меъёрдан 6 метр пастга тушиб кетгани айтилади. Бу эса сув‑энергетика мувозанатига таъсир қилмоқда. Норак ГЭСи Тожикистон электр энергиясининг 50% дан ортиғини ишлаб чиқаради.

  • МАММАТКЎЛ ВА ДЕЛИЛИ

Туркманистонда қурғоқчилик сабаб Мамметкўл ва Делили сув омборлари бутунлай қуриб қолгани хақида "Метеожурнал" ёзди. Маълумотга кўра, 2024–2025 йилларда қор ва ёмғир кам бўлгани учун омборлар зарур миқдорда сув тўплай олмаган ва захираларининг катта қисмини йўқотган.

Бундай ҳолат охирги марта 2021 йилда кузатилган, омборлар 2023 йил августида кучли ёмғирдан кейингина тикланган. Мазкур сув омборлари 1964 ва 1970 йилларда ишга туширилган.

Иссиқкўл ҳудудидаги Қора‑Ботқоқ музлиги.

  • МУЗЛИКЛАР

Марказий Осиёда Ерни амалий тадқиқ этиш институти маълумотларига кўра, охирги 70 йил ичида Қирғизистондаги музликлар майдони 16%, йирик музликлар майдони эса 17% қисқарган.

БМТнинг Атроф‑муҳит дастури томонидан жорий йил март ойида эълон қилинган Атласда эса Қирғизистонда 1960–2023 йиллар оралиғида ўртача ҳарорат 1,2 даражага кўтарилгани қайд этилган.

Президент Садир Жапаров БМТ Бош Ассамблеясида музликларни сақлаш учун кураш, маблағларни экология ҳамда барқарор тоғ ҳудудлари ривожига йўналтириш борасида бир неча бор баёнот қилган.

Музликларнинг эриши ҳолати Тожикистонда ҳам кузатилмоқда. Айниқса, Помир тоғларидаги музликлар тез эриётгани ҳақида маълумотлар бор. Мамлакатдаги Федченко музлиги - Евроосиёдаги энг йирик деб музликдир. У сўнгги 95 йилдан бери 1 км дан ортиқ қисқарган.

Ички сув истеъмоли муаммолари

Марказий Осиёда энг аҳолиси кўп Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги асосий иқтисодий тармоқ бўлгани учун, далаларни суғоришда дарё сувлари ишлатилади. Бир йилда икки марта ҳосил олишга интиладиган ҳудудларда суғоришга талаб янада ошган.

Сув хўжалиги вазирлиги мутаҳассиси Зиёдулла Жумаев BMB Holding каналидаги чиқишида 30 йил олдин Амударё ва Сирдарёдан қишлоқ хўжалиги учун 64 миллиард метр куб сув олинган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич сув тақчиллиги туфайли 51 миллиардгача тушганини таъкидлаган.

Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда суғориладиган ерлар 4,3 миллион гектарни ташкил қилади ва бу минтақадаги энг юқори кўрсаткич.

Ҳукумат сувни тежаш бўйича бир қатор лойиҳаларни бошлаган, аммо кузатувчиларга кўра, бу лойиҳалар ҳали кенг оммалашмаган ва сув тақчиллиги муаммолигича қолмоқда.

Президент Мирзиёев 2024 йилнинг ноябрида ўтказган видеоселектор мажлисида Ўзбекстонда янги технологияларни тадбиқ қилиш орқали ерлар икка карра кўп суғорилганини, олти миллиард куб метр сув қайта жойига қуйилганини билдирган.

“Дунёда бир вақтлар чўл бўлган ҳудудларда ёғингарчилик кўпайиб бормоқда. Бошқа ҳудудларда қурғоқчилик кенгайиб бормоқда. Шу боис, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва каналларни бетонлаш бўйича тўплаган тажрибамиз, танлаган йўлимиз – бу яккаю ягона тўғри йўл” – деган у.

2025 йилнинг апрелида Самарқанддаги халқаро Иқлим форумидаги нутқида Мирзиёев унумдор ерлар камайиб, бугунги кунда Марказий Осиёдаги жами ер майдонининг 20 фоиздан ортиғи деградацияга учраганини таъкидлаган ва чорак асрдан сўнг ҳосилдорлик учдан бир қисмга озайиши мумкинлигини айтган.

Ўзбекистонда томчилатиб суғорилаётган далалар.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда сувнинг 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалигига ишлатилади. Лекин ирригациядаги инфратузилмалар эскилиги туфайли сувнинг деярли тенг ярми исроф бўлиши Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳисоботида келтирилган. Экспертлар эса ҳудди шундай муаммо Ўзбекистоннинг қўшниларига ҳам тегишли эканини таъкидлайдилар.

Қирғизистонда жами 17,7 минг гектар ерга томчилатиб суғориш тизими ўрнатилгани ҳақида Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги 2025 йилнинг 11 ойи якунига бағишланган ҳисоботда билдирган.

Халқаро келишувлар ва иқлим миграцияси

2015 йилда қабул қилинган ва 195та давлат имзолаган Париж шартномасига кўра, глобал иссиқлик ҳароратини 1,5 градусдан оширмаслик чоралари кўрилиши керак. Лекин Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, глобал ҳарорат бу кўрсаткичга етиб қолди. Агар шундай давом этса, Марказий Осиёда ҳам келаси йилларда одамлар қулайроқ жойларга кўчиб кетиши эҳтимоли ошмоқда.

“Жаҳон банкининг тадқиқотига кўра, иқлим ўзгариши оқибатида бизнинг минтақада тахминан беш миллионга яқин одам мажбурий миграцияга дуч келиши мумкин. Бунинг сабаблари - сув танқислиги, қишлоқ хўжалиги ерларидаги муаммолар ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ ҳолатлар"- деди “Озодлик” билан суҳбатда бишкеклик таҳлилчи, иқлим бўйича эксперт Дастан Абдилдаев.

Унинг таъкидлашича, иқлим миграцияси 2030 йилдан кейин сезиларди даражада ошиши мумкин.

Сув тақчиллиги туфайли қуриб қолган мевали дарахтлар. Тожикистон, Кулоб.

Жаҳон банки ҳисоботида иқлим ўзгаришига мослашиш учун бир қатор чоралар таклиф этилган. Улар орасида ирригация ва қишлоқ хўжалигида комплекс режалаштириш, инфратузилмани мустаҳкамлаш, экстремал об‑ҳавога бардошлиликни ошириш, фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик ва хавфларни бошқариш тизимларини яхшилаш, энергия самарадорлигини ошириш ва хусусий инвестицияларни рағбатлантирувчи ислоҳотлар каби йўналишлар бор.

Айни дамда Марказий Осиё давлатларида “Сув ва ер ресурсларининг ўзаро боғлиқлиги” лойиҳаси иш бошлади. Бу дастур сув ресурсларини барқарор бошқариш, ер деградациясини секинлаштириш ва биохилма-хилликни сақлашга қаратилган. Глобал экологик жамғармаси донорлик қилаётган 26 миллион долларлик лойиҳага 25 ноябрда Самарқанддаги йиғинда старт берилди.

13 ноябрда Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалиги комиссиясининг Ашхободда ўтган мажлисида 2026 йиллар учун сув тақсимланди. Унга кўра, Амударёдан умумий 55,4 млрд куб метр сув олинади: Ўзбекистон ва Туркманистон 22 млрд куб метрдан, Тожикистон 9,8 млрд куб метр олади, қолган қисми қуйи оқимни таъминлаш учун йўналтирилади.

Сирдарё бўйича умумий лимит 4,219 млрд куб метр бўлиб, Ўзбекистон 3,347 млрд куб метр, Қозоғистон 460 млн, Тожикистон 365 млн, Қирғизистон 47 млн куб метр сув олади.

“Иқлим ўзгариши аллақачон реал ҳолатга айланган. Шу реалликка мослашиш йўлларини излаш ҳам жуда муҳим. Камроқ сув талаб қиладиган экинларни етиштириш, сув захирасини тиклаш учун сунъий музликлар яратиб, улардан мавсум-мавсуми билан фойдаланиш, шунингдек айрим мамлакатларда сунъий кўллар барпо этиш каби мослашув чораларини қидирмасак, бу муаммони фақат тавсиялар билан ҳал қилиш ёки унга бардош бериш қийин бўлади, деб ўйлайман” – дейди эксперт Абдилдаев.

Қуриган Орол денгизи ва қаровсиз қолган кемалар. Архив.

Марказий Осиё сув инқирози билан боғлиқ ҳолатга аллақачон дучор бўлгани Орол денгизининг қисқариб кетиши мисолида яққол кўринади. 1960 йилдан бери у 90% ортиқ майдонини йўқотган. Амударё ва Сирдарё сувларининг катта қисми йиллар давомида суғоришга йўналтирилгани натижасида денгиз деярли бутунлай қуриб қолган.

Бир пайтлар Сибир дарёларидан сувни Орол ҳавзасига буриш ҳақидаги лойиҳа муҳокама қилинган бўлса‑да, у амалга ошмаган.