Эронда қонли намойишлар. Ўзбекистон ҳукумати нега жим?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ чиқишида, 23.09.2025

Эронда аҳоли оммавий норозилик чиқишлари бошланганидан қарийб 20 кун ўтиб, Ўзбекистон ҳукумати ва Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) ҳануз бирор муносабат билдиргани йўқ.

Қарийб 2 ярим минг одам қурбон бўлган бу намойишлар борасида дунёнинг аксар давлатлари ва йирик лидерлари ўз муносабитини фаол билдириб бўлди. Улар Эроннинг исломий бошқарувидан намойишчиларга нисбатан куч қўллашни дарҳол тўхтатишни талаб қилмоқда.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати, ўз аҳолисини қизиқтирган ва хавотирга солган сўнгги йирик воқеалар каби, бу намойишлар борасида ҳам сукут сақламоқда? Бу ҳукуматнинг сиёсий ҳушёрлигими ёки ўз фуқароларининг хавотирлари, фикрларига беписандлиги?

Экспертлар Озодликнинг бу саволларига жавоб берди.

"Эронликлар ўз ҳаққини талаб қилмоқда"

АҚШда яшаёган ўзбекистонлик юрист Бекзод Исломов Эрондаги намойишчиларни қўллаб, Чикаго штатида ўтган акцияда иштирок этди.

Бекзоднинг айтишича, Эронда бўлаётган намойиш иштирокчиларини қўллаш муҳим, чунки улар ўз фундаментал ҳуқуқларини талаб қилмоқда:

"Эронликлар ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб кўчага чиқяпти. Улар эркин, қўрқмасдан яшаш, ўз фикрини эркин намоён қилишни хоҳлайди. Афсус, бу намойиш Эрон режими тарафидан шафқатсизларча бостирилмоқда. Бир марказий осиёлик сифатида бу туйғу менга бегона эмас. Бизда ҳам инсонлар ўз фикрини билдиришга жуда қийналади. Ҳукумат тарафдан бунинг учун қаттиқ назоратга олинади. Фикрини билдирган блоггерлар, инсон ҳуқуқлари фаолларига қарши ҳар хил жиноий ишлар очилади ёки маъмурий иш сифатида 15 сутка қамоқ жазоси берилади. Ҳозир Эронда бўлаётган воқеалар бизга жуда ҳам тааллуқли, чунки Эрон каби давлатлар инсон ҳуқуқларига амал қилинса, дунёвий секуляр жамият бўлса, санкциялар остида яшамаса, бу - Ўзбекистон учун жуда катта имконият бўлади. Иқтисодий тарафдан жаҳон бозорига чиқиш учун, илм-фан ривожланиши, радикализмнинг камайиши учун ҳам бизнинг атрофимиздаги қўшнилар дунёвий ривожланган давлат бўлиши керак. Бу худди домино эффекти каби".

Бекзод Исломов, Ўзбекистон ҳукуматидан фарқли, юзлаб эронлик қурбон бўлган намойишлар ҳақида сукут сақламасликка қарор қилган фаоллардан биридир.

Эронда 28 декабрдан бери мамлакат бўйлаб давом этаётган намойишлар борасида Ўзбекистон ТИВ ёки бирор бошқа расмий идора ёхуд бирор сиёсатчи шу кунга қадар ҳеч бир шаклда муносабат билдиргани йўқ.

Эронда миллий валюта қулагач, теҳронлик тадбиркорлар норозилик чиқишларига уланиб кетган намойишларда ҳозиргача 2 ярим мингга яқин одам ўлгани айтилмоқда.

Эрон ва АҚШдаги инсон ҳуқуқларини ҳамоя қилиш ташкилотларига кўра, намойишчиларнинг аксари ўқотар қуроллардан олинган жароҳатлардан қурбон бўлган.

Яъни фаоллар, намойишларни куч билан билан бостиришга уринаётган Эрон куч ишлатар тузилмалари иштирокчиларни ўлдирмоқда, деган хавотирни илгари сурмоқда.

АҚШдан туриб, бундай ҳаракатларнинг тўхтатилишини талаб қилаётган Бекзод Исломовга кўра, бу - Ўзбекистон халқига таниш маназарадир:

"Шавкат Мирзиёев ҳукумати Эрон масаласида сукут сақлаётгани сабабларидан бири, Мирзиёев ҳукумати қўшни давлатларда ҳукумат қуролли йўл ёки намойишлар йўли билан ағдарилишини истамайди. Чунки Эрандаги воқеалар минтақанинг бошқа давлатларига ҳам ёйилиши ва ўз ҳукуматидан норози халқлар Эрон халқи йўлидан бориши мумкин. Мисол учун, ўзбек шеъриятидан ҳам "Халқ тўлқиндир, халқ денгиздир, халқ кучдир"" деган сўзлар бекорга айтилмаган. Иккинчи сабаб, Мирзиёев ҳукумати мустақил сиёсат олиб боришда Россия ва атрофдаги авторитар давлатлар - Хитой ва Эрондан қўрқади. Ҳозир агар Эрондаги намойишларни қўллаб чиқса ва намойишчилар ютқазса, Россия ва Эрон тарафидан босим остига тушиб қолишидан қўрқади".

"Ўзбек халқига таниш маназара"

Ўзбекистон яқин тарихида бундай норозилик чиқишлари, бу чиқишларни куч билан бостириш ҳоллари кузатилган, қатор намойишларда иштирокчиларнинг ўқотар қуроллардан ўлганини расмийлар ҳам тан олган.

Сўнгги 40 йилда содир бўлган камида 4 та йирик аҳоли намойишини эсга олиш мумкин:

2022 йил — Қорақалпоғистон воқеалари
Сабаб: Конституцияга киритилиши режаланган ўзгаришларга қарши
Жароҳатланганлар: расман 243 нафар
Ҳалок бўлганлар: расман 18–21 нафар

2019–2020 йиллар — кўча юришлари, йўл тўсишлар
Сабаб: Уй-жой бузилиши, электр ва газ тақчиллиги каби муаммолар
Ҳудуд: Тошкент, Самарқанд, Хоразм, Андижон, Қашқадарё вилоятларида
Қурбон ёки жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ, норозилар кучишлатар идоралар босими билан тарқатилган
2005 йил — Андижон воқеалари
Сабаб: Ижтимоий-сиёсий муаммолар, “Акромийлар” диний жамоаси устидан суд жараёнлари
Жароҳатланганлар: юзлаб, расмий рақам очиқланмаган
Ҳалок бўлганлар: расман 187, мустақил манбалар 700–1500 гача

1992 йил — Тошкент талабалар намойиши
Сабаб: Озиқ-овқат нархларининг ошиши ва ижтимоий муаммолар
Жароҳатланганлар: расман 10 нафар
Ҳалок бўлганлар: мустақил манбаларда 2 нафар

"Иқтисодий эмас, кўпроқ сиёсий талаблар"

Эрон миллий валютаси қулаши ва АҚШ долларининг қарийб 80 фоизга қимматлаб кетишидан норози аҳоли 28 декабрдан бери давом этаётган намойишларда фақат иқтисодий эмас, балки сиёсий талабларни кўпроқ илгари сурмоқда.

Аксар эронликларга кўра, мамлакатдаги бугунги оғир аҳвол Эроннинг исломий ҳукумати йиллар давомида йўл қўйган улкан сиёсий, ижтимоий хатолар ва сўз, эътиқод эркинлигини кескин чеклагани оқибатидир.

«Бир неча ой олдин Эронда эдим ва ўрта табақага мансуб оилам оддий асосий эҳтиёжларни ҳам қондиролмаётганини кўриб, ишона олмадим. Мен ўзим ҳам ўрта табақаданман, камбағаллар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. У ерда келажак йўқ, иш ўринлари йўқ, сув йўқ, электр ҳам йўқ», дейди ҳозир хорижда яшаётган эронлик ошпаз ва қаҳвахона эгаси Насим Алиханий.

«Нимани кутишимиз керак? Трампни шайтон деймизми, Трамп империалист деймизми? Йўқ! Жаноб Трамп келсин, Испания Бош вазири жаноб Педро Санчес келсин, халқни қутқара оладиган исталган давлат келсин. Эронликлар пашшадек қирилиб кетяпти. Кунми-тун, Оятуллоҳни мағлуб бўлмагунча, Эрон халқига ёрдам беришимиз керак», эронлик 68 нашар нафақахўр.

Расмий Тошкент нега жим?

Аксар экспертлар, бугун оддий эронликлар ўқ овозлари остида тилга олаётган муаммолар Марказий Осиёнинг қарийб барча республикалари, хусусан Ўзбекстон учун ҳам хосдир, демоқда.

Аммо, ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Рафаэл Сатторов фикрича, расмий Тошкент бу намойишлар ортида Эрондаги иқтисодий ва сиёсий муаммолар эмас, балки ташқи кучлар турипти, деган хавотирда, деб ҳисоблайди.

Аслида Ўзбекистон ҳукумати муносабат билдиришдан тийилган воқеа фақат Эрондаги қонли норозилик чиқишлари эмас.

Сал аввал АҚШ ҳарбийлари Венесуэлада қисқа муддатли амалиёт ўтказиб, президенти Николас Мадуро ҳамда оиласини олиб чиқиб кетди.

АҚШнинг президент Трамп бошчилигидаги маъмурияти юритаётган зиддиятли сиёсат, бунга қадар Россиянинг Украинага босқини ортидан ўзгараётган халқаро сиёсат ва бугунги мураккаб алоқалар манзарасида содир бўлган бу воқеага, дунёнинг аксар йирик давлатлари ҳукуматлари ва лидерлари муносабатини билдирди, аксари танқид қилди.

Аммо, Ўзбекистон ҳукумати бу масалада ҳам муносабат билдирмади.

"Ўзбекистон расмийлари, бироз аввал Венезуэлада бўлган катта намойишлар ёки бугун Эрон Ислом Республикасида бўлаётган катта намойишларга жуда параноик назари билан қарашади. Бунинг ижтимоий-иқтисодий сабабларига эътибор бермасдан, бунга асосан "рангли инқилоб" нишонаси сифатида қарашади. Номаълум ташқи ёвуз кучлар томонидан амалга ошириладиган сиёсий проект сифатида қарашади ва шу йўсинда сиёсий қарор қабул қилишади. Бу мавзуда очиқ равишда ҳеч қандай муносабат билдирилмайди, лекин норасмий шаклда давлат ишчилари, талабаларга кичик "актовий зал"лардаги маънавий тадбирларда "бу воқеа-ҳодисалар ижтимоий сабаблари эмас, коррупция эмас, сувсизлик эмас, балки ёвуз ташқи кучларнинг проекти" деб уқтиришади", деб ҳисоблайди Рафаэл Сатторов.

Украина урушига оид сукунат

Ўзбекистон президенти 2022 йилда Россиянинг Укрианага бостириб киришига ҳам узоқ муддат муносабат билдирмади.

Воқеа бошида, Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ҳукумати Донецк ва Луганск республикалари Украина ҳудуди деб билиши ва Украинанинг ҳудудий яхлитлиги сақланиши тарафдори эканини бидирган.

Сўнгра на ТИВ ва на Ўзбекистон президенти бу урушни тилга олган эди. 2025 апрелига келиб президент сукутини бузди ва урушни қисман қоралади:

“Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокаралар жараёнлари бошланганини олқишлаймиз ва тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Олдинда жуда мураккаб ва ечими осон бўлмаган масалалар турганини тушунамиз. Бироқ дипломатик саъй-ҳаракатлар ва сиёсий қарорлар қабул қилишдан бошқа муқобил йўлни биз кўрмаяпмиз”.

"Марказий Осиёда махсус амалиёт"

Ўзбекистон президенти ёки ТИВ, хусусан ҳозирги ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов айрим муҳим халқаро воқеалар ёки бевосита Ўзбекистон ва ўзбекистонликларга дахлдор ҳолатларга нега муносабат билдирмаслигини очиқ изоҳламайди.

Жумладан, куни кеча Кремлнинг пропагандисти сифатида танилган ва Россиянинг Украинага босқинини қўллаб келаётган телебошловчи Владимир Соловьёв, АҚШнинг Венесуэладаги ҳарбий амалиётидан сўнг, Россия ҳам Марказий Осиёда махсус ҳарбий амалиёт ўтказиши керак, деб таклиф қилди:

"Муаммо бизнинг Осиё, Ўрта Осиё ёки уларнинг таъбири билан айтганда Марказий Осиёда. Биз учун ана шу улкан муаммо бўлиши мумкин. Биз ўз мақсад ва вазифаларимизни жуда аниқ белгилаб олишимиз керак. Биз тушунтириб қўйишимиз керак - ўйинлар тугади. Халқаро ҳуқуққа ҳам, халқаро тартибга ҳам тупуриш керак. Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияни бошлаш зарур бўлган бўлса, худди шу мулоҳазалардан келиб чиқиб, нега биз ўз таъсир ҳудудларимиздаги бошқа нуқталарда ҳам махсус ҳарбий операция бошлай олмаслигимиз керак?", деб савол ташлади 2022 йилдан бери Россия босқинининг асосий тарғиботчиси сифатида танилган, яқинда президент Путин қўлидан мукофот ҳам олган Соловьёв.

Ўзбекистон жамоатчилигида Соловьёв баёнотлари қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди ва муҳокамаларда бунга Ўзбекистон ТИВ расман муносабат билдириши керак, деган талаблар ҳам янгради.

Жамоатчилик фаолларининг мамлакат аҳолисини қизиқтирган, норози қилган ёки хавотирга солган турли воқеаларга нисбатан ТИВ ёки шахсан президентдан муносабат сўраши тез-тез кузатилади.

"Бугунги кунда Ташқи ишлар вазирлиги сиёсий қарор қабул қилиш иерархиясида юқори поғоналарда эмас. Ташқи сиёсатга оид асосий сиёсий қарорларни президентнинг ўзи ёки президент қошидаги хавфсизлик кенгаши ва президент администрацияси қабул қилади. Ташқи ишлар вазирлиги ўша органлардан фақатгина йўриқнома олади ва амалга оширади. Бугунги кунда Ташқи ишлар вазирлиги таъсири жуда юқори эмас. Чунки президент Мирзиёев даврида ҳали ҳеч қайси вазирлик у бинодан бу бинога уч марта ҳайдалмаган", дея эслатади сиёсий таҳлилчи Рафаэл Сатторов.

"Кремл услубини қўллаётган Тошкент"

Аксар экспертларга кўра, ҳозир расмий Тошкент ташқи сиёсатга оид айрим зиддиятли масалаларда айнан Кремл қўллаётган йўл - тўғридан-тўғри ҳукумат расмийлари ёки биринчи раҳбарлар эмас, балки алоҳида сиёсатчилар ёхуд Соловьёв каби тарғиботчилар воситасида позициясини ифодалаш йўлини тутмоқда.

Жумладан, Кремл ва Тошкент муносабатларига бевосита дахлдор масалалар, масалан Россиядаги миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига оид зиддиятларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров нисбатан кескин чиқишлар қилиши кузатилади.

Аксар экспертлар, дунёдаги сўнгги воқеалар фонида халқаро эътиборни тобора кўпроқ ўзига тортаётган Марказий Осиё республикалари ташқи ишлар вазирлари янада фаол позицияда бўлиши зарур, деган фикрда.

"Кескин муносабатлар, одатда президентнинг ўзи ёки ташқи ишлар вазирлиги ёки матбуот хизмати томонидан берилади. Аммо, бу баёнотлар жуда хавфсиз мавзуларда бўлиши керак, яъни дипломатик жанжални келтириб чиқармайдиган мавзуларда баёнотлар берилади. Дейлик, Исроил ва Фаласин мавзусида Исроилни кескин танқид қилиш имконияти бор ва президент ҳам, Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Исроилга қарши кескин танқидларни айтади. Лекин Россиянинг Украинага нисбатан сиёсатида бундай якдил бир позиция билан чиқадиган қарорлар ёки баёнотлар бўлмайди. Лекин Соловьёвга жавобан кескин баёнот бериш - унга жуда катта совға бўларди, албатта. Бу ҳолатда нима қилиниши керак? Бу ерда президент Соловьёвнинг хўжайинлари билан учрашганда: "Нима бўляпти ўзи акалар? Стратегик алоқаларимиз мавжуд бир вақтда нимага бундай фикр-мулоҳазалар чиқяпти?" деган саволларни бериши керак. Аммо, бундай саволни бера оладими - бу энди алоҳида катта мавзу", дейди Рафаэл Сатторов.

Гарчи 2022 йилда бошланган Украинага босқини ортидан Кремлнинг Тошкент ва минтақага сиёсий босими кучайганича қолаётган бўлса-да, айнан Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси, ҳам катта давлат ва ҳам салкам 40 миллионлик миллат номидан у ёки бу масалада дадил, кескин муносабат билдириши ҳозир имконият бор, деб фикр билдираётган экспертлар кўпаймоқда.

Бундайлар фикрича, ҳозир дунё бўйлаб шаклланаётган янги сиёсий воқеълик ва реал халқаро муносабатлар фонида, Ўзбекистон ўз ўрнини мустаҳкам эгаллаб олиши, бунинг учун эса ташқи сиёсатда нисбатан журъатлироқ ва қатъий қадамлар ташлаши зарур.