Кечиккан декларация. Ўзбек амалдорининг даромади нега сир?

Президент Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва бошқа амалдорлар. Тошкентдаги ерости йўлини кўздан кечиришяпти. 29 август, 2025 йил. Расм иллюстрация учун ишлатилди.

Ўзбекистонда давлат амалдорлари учун даромад декларацияси тизимини жорий этиш масаласи қарийб ўн йилдан бери ишга ошмаяпти.

Айни дамда қўшни Қирғизистонда бундай тажриба йўлга қўйилиб, мансабдорларнинг мулки ва бойликлари эълон қилина бошлади.

Қозоғистонда ҳам даромад ва мол-мулк декларация тартиби киритилиб, кейинчалик бироз ўзгартирилган.

Ўзбекистонда эса бундай тизимнинг умуман йўқлиги коррупцияга қарши чоралар қай даражада самарали экани ҳақидаги баҳсларни кучайтирган.

Халқаро амалиётда декларация очиқликни ошириш ва коррупция хавфларини камайтириш воситаси ҳисобланади.

"Катталар”ни четлаб ўтган қонун

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг 26 декабрида Олий Мажлис ва халққа йўллаган мурожаатида ҳокимлар ва раҳбарларнинг маоши масаласига тўхталиб, давлат уларга юқори иш ҳақи белгилаганини таъкидлаган.

“Мен ҳамма раҳбарларнинг, энг охирида туман ҳокимларининг ойлигини ҳам кўпайтириб берганман. Мен ҳам туман ҳокими бўлганман, вилоят ҳокими бўлганман, бош вазир бўлганман. Менинг ойлигим билан ҳозирги раҳбарларнинг ойлигини осмон билан ердек таққосласа бўлади” – деган у.

Лекин 27 декабрда Мирзиёевнинг матбуот хизмати эълон қилган видеода президентнинг айнан шу гаплари кесиб ташланган. Давлат раҳбари муроожат пайтида тилга олган ойлик миқдорлари эса жамоатчиликка очиқланмади.

Аслида, Ўзбекистонда 2022 йил 28 майда қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда декларация масаласи қайд этилган. Бироқ бу ҳужжат барча амалдорларга тааллуқли эмас. У фақат давлат фуқаролик хизмати лавозимлари реестрига киритилган айрим хизматчиларга қаратилган.

Президент, парламент аъзолари, судьялар, Марказий банк раҳбарияти, шунингдек куч ва хавфсизлик тузилмаларида ишлаганларда, яъни энг катта ваколат ва таъсирга эга шахсларда бундай мажбурият йўқ.

"Ноқонуний даромад – бу жиноий даромад”

Шу билан бирга, Ўзбекистонда “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги алоҳида қонун қабул қилиш масаласи 2017 йилдан буён муҳокама қилиб келинмоқда.

2022 йил 4 август куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов декларация тизимини жорий этиш учун техник томондан мамлакат тайёр эканини журналистларга билдирган:

“Куни кеча сенат томонидан мақулланган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги” қонунда аниқ белгилаб қўйилди, бундан буён давлат фуқаролик хизматида ишлаётган ҳар бир давлат хизматчиси ўзининг мол-мулки ва даромадини мажбурий декларациялаш лозимлиги эканлиги тўғрисида қоида киритилди. Бу дегани мана шу тизимни тезроқ ишга тушириб, қонунни қабул қилишни тезлатишни тақозо этади. Албатта бу ишларни охирига етказамиз”.

Ўшанда Бурҳонов декларация тизими Жаҳон банки экспертлари ёрдамида ишлаб чиқилганини, халқаро ташкилотлар билан маслаҳатлашувлар ўтказилганини айтган. Аммо ҳалқаро экспертлар томонидан ҳужжатни такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилганини ҳам белгилаган. Орадан уч ярим йил ўтишига қарамай, мазкур қонун ҳанузгача қабул қилинмади.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, 2025 йилнинг 5 март куни президент раҳбарлигида коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган йиғилишда тегишли қонунни ишлаб чиқишга аниқ муддат белгилаб берилган. Фармонга кўра, қонун лойиҳаси ўтган йилнинг май ойигача тайёр бўлиши керак эди. .

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқулов O’zimisdan boshlaylik каналига берган интервьюда бу борада шундай фикр билдирган:

“Демак, шунга ҳалақит бераётган кучлар бор. Бундай қонун керак. Ким бу йил қанча ҳаражат қилди, шуни асослаб бериши керак. Бундай тизимга биз ҳозиргача ўта олмаяпмиз. Бу коррупцияга қарши кураш бўйича қонунимизнинг ишлаб кетишига ҳам туртки беради. Масалан мен давлат хизматида бўлсам, бу йил 100 миллион ҳаражат қилдим, бу пулни қаердан олдим, шуни асослаб беришим керак. Давлат хизматчилари бир йилда бир марта даромад тўғрисида декларация топшириб, даромад ва ҳаражатини асослаб бериши керак. Асослаб бермаса, демак у жиноий даромад топган. Ноқонуний даромад – бу жиноий даромад”.

Иллюстратив сурат

Норматив ҳужжат бор

Тегишли қонун қабул қилинмаган бўлса-да, декларацияга оид норматив ҳужжат мавжуд. Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 6 июлда имзолаган фармонга кўра, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари раҳбарлари ва уларнинг оила аъзолари даромад ва мол-мулкларини декларация қилиши керак эди. Лекин у ҳужжатнинг ҳам ишламаётгани фаолларда савол уйғотган.

“Эътибор беринг, декларацияланиши керак бўлган рўйхатда чиновникларнинг вояга етган фарзандлари, ака-укалари, опа-сингиллари, бобо-бувалари, қайната-қайноналари, келин ва куёвлари чиқариб ташланган. Ҳаттоки нормал дунёдаги каби харажатлар ҳам декларацияланмайди. Ҳаттоки шу чеканкаланган, ўзларига қулай қилиб мослаштирилган қоидалар ҳам ишламаяпти. Дарвоқе, амалдорларнинг даромад ва мулкларини декларациялаш бўйича ҳар йили халқаро ташкилотларга ваъда беришади. Ош ва тўнга ўргатилган халқаро ташкилотлар эса ишонаверишади” – деб ёзган иқтисодчи Отабек Бакиров Телеграм каналига.

Қирғизистондаги декларация ва миллиардерлар

Ҳозирча Марказий Осиё мамлакатлари орасида фақат Қирғизистон амалдорлар даромадига оид маълумотларни нисбатан очиқроқ эълон қилаётган давлат сифатида кўрилади.

Яқинда Қирғизистонда давлат хизматчилари ва уларнинг яқинларининг 2024‑йилдаги даромад‑харажатлари бўйича декларациялар эълон қилинди.

Расмий маълумотга кўра, қўшни мамлакатда давлат хизматида ишлаб туриб, миллиардлаб сомлик мол‑мулкка эга бўлган икки киши бор. Улар президент Садир Жапаров ва парламент депутати Шаирбек Ташиев.

Шаирбек Ташиев - Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг укаси. У декларацияда ўзининг кўчма мулки борлигини ва унинг қиймати 12,6 миллиард сом эканини кўрсатган.

Президент Садир Жапаров эса легаллаштирилган 1 миллиард 163,5 миллион сом маблағи, 2627 квадрат метрлик савдо маркази, иккита ер участкаси ва қиймати 100 минг сом бўлган енгил автомобилга эгалигини қайд этган.

Шунингдек президент Жапаров 2024 йилда 2 млн 214 минг сом даромад топган, унинг яқинлари эса 29 млн 706 минг сом даромад олгани қайд этилган.

1 АҚШ долларининг нархи қирғиз сомига 87-88 сом атрофида.

Қирғизистондаги қонунда ёзилишича, давлат хизматчисининг турмуш ўртоғи, бирга яшайдиган болалари ва боқувидаги қариндошлари декларацияда кўрсатилиши шарт.

Мамлакатда 2021 йили солиқ декларациясини топшириш талаби жорий этилган. 2024 йилда давлат хизматчилари декларациялари оммага эълон қилина бошлаган. Лекин ҳамманики эмас. “Озодлик”нинг қирғиз хизмати маълумотига кўра, 2024 йили таҳлиллар натижаси билан декларацияларнинг фақат 12% Солиқ хизмати сайтига чоп этилган.

Бишкеклик сиёсий таҳлилчи Мавлян Асқарбеков тизим қандай ишлаётгани хақида бундай дейди:

Мавлян Аскарбеков

“Бизда 17 мингга яқин давлат ва муниципал хизматчилари декларация топширади, аммо муаммо - юқори мансабдагиларга тегишли маълумотлар амалда тўлиқ текширилмаслигида. Расмий органлар паст лавозимдагиларнинг декларациясини осон текшириши мумкин, лекин юқори даражадаги амалдорларнинг даромади ва мулкини ҳеч бир идора, ҳатто Бош прокуратура ҳам очиқ тарзда текшириб, жамоатчиликка маълум қила олмайди. Очиқлик учун эса эркин жамият, сўз эркинлиги ва мустақил журналистика зарур. Фақат эркин журналистлар, блогерлар ва жамоатчилик назорати бўлсагина декларациялар ҳақиқий аҳамият касб этиб, коррупцияга қарши кураш самарали бўлиши мумкин”.

Бошқа давлатлар мисоли

Қозоғистонда давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизими 2021 йилдан амал қила бошлаган бўлса‑да, очиқлик тўлиқ таъминланмагани таъкидланади.

Қонунга кўра, мансабдорлар декларация маълумотларини эълон қилиши керак, аммо “Озодлик”нинг қозоқ хизмати таҳлилларида айтилишича, 2025 йил охирида Давлат хизматлари агентлиги фақат умумий даромад суммасини очиқлаш тартибини жорий этган. Мулк, банкдаги маблағлар ва расмий маош эълон қилинмайди, Молия вазирлиги буни хавфсизлик тушунчаси билан изоҳлаган.

Вячеслав Абрамов

“Бу ҳолатда ҳеч қандай очиқлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Агар давлат ҳақиқатан очиқликни таъминлашни истаганида, буни бир дақиқада амалга оширган бўлар эди” – дейди суриштирувчи журналист Вячеслав Абрамов.

Ривожланган давлатлар орасида амалдорлар даромади ва мол‑мулкини декларация қилиш тизими энг яхши йўлга қўйилган мамлакатлар сифатида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Канада ва Жанубий Корея тилга олинади. Бу давлатларда декларациялар оммага очиқ, мустақил органлар томонидан текширилади ва манфаатлар тўқнашувини аниқлаш механизми кучли экани Global Data Barometer ҳисоботларида қайд этилган.

Россияда амалдорлар даромади ва мол‑мулкини декларация қилиш тизими бир вақтлар мавжуд бўлган, лекин сўнгги йилларда у жиддий ўзгарган. Bloomberg нашри таҳлилига кўра, 2025 йил охирида Россияда амалдорларнинг йиллик декларацияларни оммага эълон қилиш талаби бекор қилинган. Яъни, тизим формал равишда сақланса‑да, унинг очиқлиги йўқолган.

Ўзбекистонда эса ҳужжатлар бор, баёнотлар бор, ваъдалар бор. Лекин ҳозирча декларация тизими йўқ. Амалдорларнинг даромади қачон жамоатчиликка тақдим этилади, деган савол ҳозирча очиқ қолмоқда.