Айрим экспертлар буни президентнинг ролини мустаҳкамлаш деб баҳоламоқда.
Тўқаев айтган бир палатали парламент – “Қурултой”да 145 депутат бўлиши кўзда тутилган. У беш йиллик муддатга пропорционал тизим, яъни партия рўйхатлари орқали сайланади. Ҳозирги икки палатали парламентда 148 депутат бор, Мажилис депутатлари беш йилга, сенаторлар олти йилга сайланарди.
Сиёсатдаги ўзгартишлар режаси ҳақида Қасим-Жомарт Тўқаев 20 январ куни Қозоғистоннинг жанубидаги Қизилўрда шаҳрида ўтган Миллий Қурултой йиғилишида гапирган:
“Бугун Миллий Қурултойнинг якуний мажлисида мен янги ва муҳим таклиф билан чиқиш қилмоқчиман. Мен таклиф қилаётган янгилик сўнгги бир неча йил давомида изчил равишда барпо этган сиёсий тузилмамизни мукаммал тарзда тўлдиради. Гап Қозоғистон Республикаси вице-президенти институтини ташкил этиш ва уни Конституцияда тегишлича мустаҳкамлаш ҳақида кетмоқда. Вице-президентни президент парламент розилиги билан кўпчилик овоз билан тайинлайди. Унинг ваколатлари доирасини давлат раҳбарининг ўзи белгилайди” .
Тўқаевнинг таъкидлашича, таклиф этилаётган конституцион ўзгариш президент ҳокимиятининг камайишини англатмайди. Унинг фикрича, президент лавозими давлат бошқарувида асосий устун бўлиб қолади.
Янги тартибга кўра, Қозоғистон халқ ассамблеяси ва Миллий Қурултой ҳам тугатилиб, ўрнига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган Халқ кенгаши тузилади. 126 аъзодан иборат бу кенгаш йилига бир марта йиғилади.
Таклиф этилаётган тартибдаги яна бир ўзгариш: Конституциявий суд, Олий аудитор палатаси ва Марказий сайлов комиссиясига тайинловлар фақат парламент розилиги билан амалга оширилади. Ҳозирги Конституцияда эса бу лавозимларга тайинлаш ваколати парламентнинг икки палатаси ва президент ўртасида бўлинган.
Сиёсий таҳлилчи Димаш Алжанов бу таклифларни келажакдаги ислоҳотлар учун қадам деб билади:
Димаш Алжанов
“Асосий савол шунда: 2029 йилда президент ваколати тугаганда ҳокимият қандай тартибда ва қайси механизмлар орқали топширилади? Менимча, ҳозирги таклифлар келажак ислоҳотларига қадамдир. Масала фақат бир палатали парламент тузиш билан чекланмайди, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган Халқ кенгаши ҳам ташкил этилади. Бу орган ваколат жиҳатидан собиқ Сенатдан ҳам кучли бўлиши мумкин. Шунингдек, вице-президент лавозими жорий этилади. Президент муддатидан олдин лавозимдан кетган тақдирда, вице-президент янги сайловгача вақтинча давлат раҳбари вазифасини бажариши мумкин” .
22 январ куни Тўқаев Конституциявий ислоҳотлар бўйича комиссия тузиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Расмий маълумотларга қараганда, комиссия Конституцияга киритиладиган ўзгаришлар бўйича таклифлар тайёрлайди.
Бошқа давлатлар тажрибаси
Қозоғистонда вице-президент лавозими 1991 йил декабридан 1996 йил февралигача бор эди. 1996 йилда ўша пайтдаги президент Нурсултон Назарбоев бу лавозимни бекор қилган.
Янги таклиф этилаётган вице-президент лавозими АҚШдаги каби президент билан бирга сайланмайди. Қозоғистонда уни президент парламент розилиги билан тайинлаш кўзда тутилган. Бундай тизим Озарбайжонда ҳам мавжуд. 2017 йилда президент Илҳом Алиев рафиқаси Меҳрибон Алиевани вице-президент этиб тайинлаган. Озарбайжон Конституциясига кўра, давлат раҳбари ўз вазифасини бажара олмай қолса, унинг ваколатлари вице-президентга ўтади.
Қозоғистондаги ҳозирги таклифлар Туркманистонда ўтказилган ислоҳотларга ҳам ўхшайди. Бу мамлакатда 2023 йили икки палатали парламент бекор қилиниб, унинг ўрнига бир палатали парламент тузилган. Шунингдек, “Халқ Маслахати” деб номланган юқори даражадаги орган ташкил этилган ва унга собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов раҳбарлик қилмоқда.