Қирғиз сиёсатчиларининг оила можаролари: зўравонлик, кўп хотинлилик

Сулайманов, Мияров, Бердиев, Нуралиев

Қирғизистонда сиёсатчилар орасида оилавий зўравонлик ва кўп хотинлилик масаласида тўртта можаро юзага келди.

Парламент депутатининг собиқ рафиқаси эридан зўравонлик кўргани хақида оммага айтиб чиқди.

Аввалроқ собиқ вилоят ҳокимига нисбатан хотини устига хотин олгани хақидаги даъволар асосида жиноят иши қўзғатилган.

Яна бир собиқ депутат рафиқасини ургани учун қамалди. Бошқа бир амалдор эса иккинчи никоҳ билан боғлиқ ҳолат сабаб элчилик лавозимидан бўшатилгани айтилмоқда.

Депутатнинг зўравонлиги ҳақида даъво

Мамлакат парламенти - Жогорку Кенеш депутати Элдар Сулаймановнинг собиқ турмуш ўртоғи эканини билдирган Асел Азаматова 24 январ куни Instagram ва Threads ижтимоий тармоқларида зўравонлик ҳақидаги даъволар билан чиқди.

У Сулайманов билан никоҳ тўйлари 2016 йилда бўлгани, бошида оилада майда келишмовчиликлар кузатилиб, икки йил ўтгач жисмоний зўравонлик ҳолатлари бошланганини айтган.

Асел Азаматова 2022 йилда, тўрт ойлик ҳомиладор пайтида, қаттиқ калтакланганини ва суд-тиббий экспертиза унда мия чайқалишини қайд этганини билдирган. Шунингдек, у фото, видео ва тиббий ҳужжатлар мавжудлигини таъкидлаб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилганини, аммо чора кўрилмаганини белгилаган.

“Менинг ҳаётимдаги энг азобли кунлар 2022 йил бошида, Элдар Жогорку Кенешга депутат бўлганидан кейин бошланди. У ичиб олиб, мени ура бошлади. Кейин эса қилган ишини оқлашга уринди, гўё “ҳокимиятдан маст” бўлган экан. Унинг бетартиб жинсий муносабатлари ҳақида эса умуман тўхталиб ўтирмайман. Ўша пайтда ҳомиладор эдим, ҳомилам 16 ҳафталик эди. Шундай кунларнинг бирида, аниқроғи, 2022 йил 30 июндан 1 июлга ўтар кечаси у мени шафқатсизларча калтаклади. Суд-тиббий экспертиза хулосасида мия чайқалиши, танамнинг турли жойларида жароҳатлар, қон қуйилиб кўкарган излар борлиги, шунингдек, ҳомила тушиш хавфи мавжудлиги қайд этилган. Сабаби, мени жува билан урганида қорнимга ҳам зарба теккан”деб ёзди Азаматова.

Асел Азаматова ва Элдар Сулайманов. Коллаж. Сурат Азаматованинг рухсати билан унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан олинган.

Бу даъволарга жавобан 41 ёшли Элдар Сулайманов дарҳол ўз муносабатини билдирди. Инстаграмдаги расмий саҳифасида эълон қилган изоҳида у айбловларни асоссиз деб атади:

“Жамоатчиликка чиқиб кетган бу масала шахсий характерга эга, узоқ йиллар давом этган оилавий келишмовчилик билан боғлиқ. Айтилаётган айбловлар бир томонлама бўлиб, улар ҳуқуқий баҳолашни талаб қилади. Агар мен воқеанинг иккинчи томонини тўлиқ айтсам, бугун мени танқид қилаётганлар ҳам ўйлаб қоладиган ҳолатлар бор. Лекин мен бу йўлдан бормайман. Шунинг учун ҳақиқатни тўлиқ билмасдан хулоса чиқармасликни сўрайман. Ҳозирча менга нисбатан айбни тасдиқловчи суд қарори йўқ. Мен ишнинг тўлиқ ва адолатли кўриб чиқилишига очиқман” – деди депутат.

Муҳокамалар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, фойдаланувчилар Ички ишлар вазирлигининг саҳифаларини белгилаб фикр билдиришни бошлаганидан сўнг, милиция журналистларга расмий маълумот берди. Унда Асел Азаматова 2026 йил 26 январ куни милицияга мурожаат қилгани ва унга ҳимоя ордери берилгани айтилди.

Айрим интернет фойдаланувчилари фикрича, иш суриштирилиб, ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритилгунга қадар депутат мандатини вақтинча топшириши лозим.

Шаръий никоҳ ва бола атрофидаги можаро

Яна бир воқеа Чуй вилоятининг собиқ ҳокими Мирбек Мияровга тегишли. Унга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 176‑моддаси (кўп хотинлилик) бўйича иш очилган.

Иш Хабиби Уланова исмли аёлнинг аризаси асосида қўзғатилган. Уланова “Настоящее время” телеканалига берган интервьюсида Мияров билан шаръий никоҳдан ўтганини айтган. Унинг сўзларига кўра, фарзанди касал экани маълум бўлганидан кейин Мияров ундан воз кечган ва моддий ёрдам бермай қўйган.

Мияров 6 январда бунга изоҳ бериб, Уланованинг айбловларини “ёлғон” деб атади. У ўзини “алдамчилик тўрига илинганини” айтди ва боладан воз кечмаганини, аксинча, уни қонуний рафиқаси билан бирга асраб олишни таклиф қилганини, аммо Уланова рози бўлмаганини билдирди.

Омбудсман Жамила Жаманбаева ва омбдусман идораси ходимлари Ҳабиби Уланова билан мулоқот қилмоқда. 22 декабр, 2025 йил.

Қирғизистон омбудсмани Жамила Жаманбаева "кўп хотинлиликнинг қурбони бўлганини" айтган Уланова билан учрашгани маълум қилинган. Омбудсман идораси унга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилиши, суд ишларига мониторинг қилиниши ҳақида хабар берган.

42 ёшли Мияров 2020 йили ҳокимият алмашгандан ҳукуматнинг Чүй вилоятидаги вакили (вилоят ҳокими) бўлиб ишлаган. 2021 йили “Ордо” партияси билан парламент сайловида иштирок этган лекин етарли овоз тўплай олмаган.

38 йиллик никоҳ ва зўравонлик айблови

Январ ойи бошида интернетда Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Аққулу Бердиевнинг қонуний рафиқаси эканини айтган Батма Ормонованинг видеомурожаати тарқалган.

У 38 йил бирга яшаган турмуш ўртоғидан зўравонлик кўрганини, ҳаёти таҳдид остида эканини билдириб, Миллий ҳавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиевга мурожаат қилган. Ормонованинг айтишича, Бердиев унинг устидан ўн марта хотин олган.

Аққулу Бердиев ушлангани хақида Ички ишлар вазирлиги тарқатган расм.

Бу мурожаатдан сўнг 11 январ куни 60 ёшли собиқ депутат қўлга олинди. Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, у 2022 йилда одамларни алдаш йўли билан пул олган ва уни шахсий мақсадларига сарфлагани аниқланган. Шунингдек, расмий баёнотда унинг рафиқаси томонидан оилавий зўравонлик бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушгани қайд этилган.

Аққулу Бердиевнинг ўзи, яқинлари ёки адвокати бу борада изоҳ берган эмас.

Дипломат ҳақида овоза

Декабр ойи охирида эса Қирғизистоннинг Қатардаги элчиси Марат Нуралиев президент фармони билан лавозимидан озод этилган. Бунга расмий изоҳ берилмаса-да, унинг кўп хотинлиллик билан боғлиқ ҳолатлар туфайли ишдан олингани овоза бўлди.

Давлат идораларида ишловчи, бир-бирига боғлиқ бўлмаган камида икки манба “Озодлик”нинг қирғиз хизматига берган маълумотларга кўра, 46 ёшдаги Марат Нуралиевнинг ишдан бўшатилашига унинг хулқи билан боғлиқ хизмат текшируви сабаб бўлган.

Манбаларнинг айтишича, Нуралиевнинг икки хотини борлиги ва уларни Қатарда оила аъзоси сифатида рўйхатдан ўтказгани аниқланган. Аммо собиқ элчи ва унинг яқинлари бу борада изоҳ бермаган.

Қирғизистоннинг Қатардаги собиқ элчиси Марат Нуралиев.

2025 йил июнида Қирғиз парламенти кўп хотинлилик учун жиноят-жазо жавобгарлигини бекор қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган. Аммо президент Садир Жапаров бу ҳужжатни ортга қайтарган.

Қонун лойиҳасини илгари сурган депутатлардан бири Нурланбек Азиғалиев кўп хотинлилик учун жазони бекор қилиш ташаббуси ҳақида "Озодлик"нинг қирғиз хизматига изоҳ бериб, бундай таклифни қонундаги жиноий жавобгарликка тортишга оид норма ишламаётгани сабабли кўтарганини айтган.

"Бу масалани тўғри тушуниш керак. Мен кўп хотинли бўлиш масаласини кўтармадим. Жиноят жавобгарлигига тортиш нормаси бугунга қадар ишламаган. Шунинг учун жиноят жавобгарлигини бекор қилишни айтяпмиз. Норма ишламаганидан кейин унинг кераги борми ёки йўқми? Аслида кўп хотинлиликка қўйилган таъқиқ мавжуд"- деган Азиғалиев.

Мамлакатдаги зўравонлик масаласи

Қирғизистонда оилавий зўравонлик ва кўп хотинлилик масалалари сўнгги йилларда энг кўп муҳокама қилинаётган ижтимоий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Амалдаги қонунларга кўра, расмий никоҳда турган шахснинг бошқа одам билан турмуш қуриши тақиқланган. Шунга қарамай, маҳаллий медиада иккинчи хотин олиш, яширин никоҳлар ва эркакларнинг икки оила билан яшаш ҳолатлари тез-тез ёритилади.

Оилавий зўравонликка оид рақамлар ҳам жиддий хавотир уйғотади. Қирғизистонда 2025 йилда эри томонидан қилинган зўравонлик оқибатида 21 аёл ҳалок бўлгани қайд этилган. Расмий статистикага кўра, ўтган йилнинг ўзида мамлакат бўйлаб 20 мингга яқин оилавий зўравонлик ҳолати рўйхатга олинган.

Президент Садир Жапаров 25 декабр куни Бишкекда ўтган IV Халқ қурултойида оилавий зўравонлик масаласига тўхталиб, “аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш масаласи хавфли чегарага яқинлашиб қолди”, деб таъкидлаб, зўравонларга нисбатан қаттиқ чоралар кўриш зарурлигини билдирган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳам 27 декабрдаги чиқишида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўз вазифасини тўлиқ бажармаётгани учун аёллар ҳуқуқлари поймол этилаётганини, шу боис зўравонлик ҳолатлари кўпайганини айтган. У ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларини кабинетларда ўтирмасдан, маҳаллаларга чиқиб, зўравонлик қилаётган шахсларни аниқлаш ва уларни рўйхатга олишга чақирган.

2026 йилнинг январ ойида Қирғизистонда оилавий зўравонликда айбланган шахсларга нисбатан кучайтирилган ҳимоя ордери қўлланила бошлади. Илк бор 15 нафар шахсга электрон билагузук тақилиб, мобил кузатув воситалари ўрнатилди.