Айрим кузатувларга кўра, аввал қирғиз амалдорларининг истеъфоси ўзбек жамоатчилиги ва ахборот воситаларида бундай даражада қизиқиш уйғотмаган. Айниқса, Kun.uz, Vaqt.uz, Gazeta.uz, Qalampir ва Daryo каби нашрлар бу мавзуни атрофлича ёритди.
Президентларнинг телефон мулоқоти
Нега айнан Ташиевнинг сиёсий фаолияти ва бошқарув услуби яқиндан кузатилди? Нега унинг ишдан кетиши катта шов-шувга айланди? Мустақил журналист Улуғбек Ашур бу саволга қуйидагича фикр билдирди:
“Ташиевнинг рахбарлик давридаги фаолиятини кўриб, ижтимоий тармоқларнинг минглаб ўзбек фойдаланувчилари “Бизга ҳам шундай раҳбар керак”, “Бизда ҳам шундай одам бўлса эди” деган фикрларни ёзишарди. Бу, шубҳасиз, сиёсий эмас, руҳий реакция эди. Ўзбекистонда сўнгги йилларда “адолатли, қатъий ва халқ учун гапирадиган раҳбар” образи жамият онгида янада қадрли бўлиб борди. Ташиевнинг халқ олдидаги чиқишлари, коррупцияга қарши позицияси ва миллий ғурурни ҳимоя қилишга уринишлари Ўзбекистонликларда хавас ва ишонч уйғотган. Бу эҳтиром ортидаги сабаб, ўз юртида етишмаётган адолатни, кўшни давлат бошқарувида аниқ тиниқ кўриш эди”.
Бишкеклик сиёсий таҳлилчи Адил Турдуқулов буни сиёсий тизимлар фарқи билан изоҳлайди:
“Ташиевнинг лавозимдан кетиши - Қирғизистонда катта сиёсий воқеа. Қозоғистон ва Ўзбекистонда бу воқеага бўлган қизиқишнинг сабаби шундаки, бу давлатларда президентдан ташқари куч тузилмалари ёки иқтисодий соҳаларни назорат қиладиган алоҳида сиёсий фигуранинг пайдо бўлиши амри маҳол. Чунки бундай тизим уларда шаклланмаган. Қирғизистонда авторитар тенденциялар бор, деб айтилса-да, 30 йил давомида минтақада нисбатан демократия сақланиб келаётгани натижасида икки таъсирли сиёсий арбобнинг бир вақтда етакчи сифатида намоён бўлишига замин яралди. Менимча, қўшни давлатлардаги қизиқиш ва маълум даражадаги ҳавас ҳам шу билан боғлиқ".
Қамчибек Ташиев ва Садир Жапаров.
Ташиев Қирғизистон сиёсат майдонида аввал миллатпарвар позицияси билан танилгани айтилади, кейинчалик эса ижтимоий тармоқларда у ватанпарвар сиёсий арбоб сифатида баҳолана бошлаган.
У лавозимдан олинган куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳам қайд этилди. Расмий маълумотга кўра, суҳбат стратегик шериклик масалаларига бағишланган. Шу билан бирга, жамоатчилик муҳокамаларида бу мулоқот Ташиев масаласи билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар ҳам билдирилди.
"Қамчибек Ташиев 2020 йилдан бери қирғиз сиёсатида энг таъсирли иккинчи шахсларидан бири сифатида танилди. У раҳбарлик қилган хавфсизлик қўмитаси доирасида уюшма жиноятчиликка ва коррупцияга қарши қаттиқ кураш олиб борди. Шунингдек, у Қирғизистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегара масалаларини ҳал қилишда ҳам фаол иштирок этди. Шу боис уни қўшни давлатларда яхши таниб қолишган. Икки мамлакат президентлари дўстона муносабатда эканини яхши биламиз. Шунинг учун уларнинг телефон орқали суҳбатида Ташиевнинг ишдан олиниши муҳокама қилинган бўлиши мумкинлиги ҳақида тахмин бор" - дейди таҳлилчи Қанатбек Мурзаҳалилов.
Аммо Марказий Осиё бўйича эксперт Темур Умаров бу мулоқотни тасодиф сифатида баҳолаш эҳтимолини илгари суради:
"Агар қўнғироқ айнан шу воқеага боғлиқ бўлса, одатда “долзарб масалалар муҳокама қилинди” дейиларди, лекин бу сафар асосий эътибор икки томонлама ҳамкорликка қаратилгани айтилди. Шунинг учун Мирзиёев вазиятни аниқлаш учун қўнғироқ қилган, деб ўйлаш қийин. Шу билан бирга, Қирғизистондаги воқеалар ва умуман Марказий Осиёдаги барқарорлик эндиликда фақат миллий масала эмас. Минтақавий боғлиқлик кучайгани учун бир мамлакатдаги ўзгаришлар бошқаларига ҳам таъсир қилади. Савдо ва иқтисодий алоқаларнинг ўсиши эса қўшниларда барқарор ва кутилмаган ҳолатларсиз вазият бўлишини янада муҳим қилади.
Чегарани ҳал қилиш масаласида қўшма протокол имзолаш пайти. Ўзбекистоннинг бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистоннинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев. 2022 йил, сентябрь.
Оқсоқоллар мурожаати ва президент фармони
Президент Садир Жапаров 10 феврал куни Ташиевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва бош вазир ўринбосари лавозимларидан бўшатган. Президент матбуот котибига кўра, бу фармон “жамият ва давлат идоралари ўртасида бўлинишнинг олдини олиш” мақсадида қабул қилинган.
Лавозимдан озод этилган пайтда Германияда даволанаётган Ташиев бу қарорни “кутилмаган” деб атади ва президент қарорини ҳурмат қилишини айтиб, тарафдорларини қонунларга риоя қилишга чақирди.
13 феврал куни у Қирғизистонга қайтиб келди. Шу куни Жапаров "Кабар" агентлигига берган интервьюда қарор ҳақида Ташиевга телефон орқали маълум қилганини ва бу ҳолат уларнинг шахсий муносабатларига таъсир қилмаслигини билдирди.
Президент Садир Жапаров 10 феврал куни Қамчибек Ташиевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва бош вазир ўринбосари лавозимларидан озод қилди. Президент матбуот котиби бу қарор “жамиятда, шу жумладан давлат тузилмалари ўртасида бўлинишга йўл қўймаслик” мақсадида қабул қилинганини билдирди.
“Дўстлигимиз ўз ўрнида қолади. Камчибек Қидиршаевични лавозимдан озод қилишдан олдин у билан боғланиб, вазиятни тушунтирдим ва шундан сўнг қарор қабул қилдим. Юқорида айтганимдек, менинг қарорим давлатимиз ва халқимиз тинчлиги, бирдамлиги учун қабул қилинди. Дўстлигимизни қандайдир лавозим ёки манфаатга боғлаш тўғри эмас” - деди Садир Жапаров.
Президентга кўра, парламентда “кимни қўллайсиз?” деган мазмунда бўлинишлар бошланган, бу бўлиниш жамоатчиликда ҳам акс этган ва айрим “оқсоқоллар” муддатидан олдин президент сайловини ўтказиш ташаббусини кўтаришган.
Шу билан бирга, Ташиевнинг хавфсизлигини таъминлаш Давлат муҳофаза хизмати томонидан давом эттирилаётгани ва бу борада президент топшириқ бергани маълум қилинди.
12 февралда парламент спикери Нурланбек Турғунбек ўғли истеъфога чиқди. У айрим манбаларда Ташиевга яқин шахс сифатида тилга олинган.
Бу воқеалардан сал олдин, 9 февралда аввал сиёсий хизматларда ишлаб кетган 75 нафар шахсдан иборат гуруҳ муддатидан олдин сайлов ўтказиш таклифини илгари сурганди. Кейинчалик му мурожаатнинг айрим иштирокчилари унинг мазмуни билан танишмасдан имзо чекканини айтишган. Ушбу жараён доирасида айрим шахсларга беш киши қўлга олиниб, Жиноят кодексининг "Оммавий тартибсизликлар" моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Мавзуга алоқадор
«Тандемнинг ўз муддати бор». Садир Жапаровнинг Қамчибек Ташиевни истеъфога чиқариш ҳақидаги қарори ортида нима турибди?Ўзбекистонлик сиёсатшунос Мухтор Назиров Vaqt.uz нашридаги мунозарада Қирғизистондаги бу сиёсий жараёнлар олдиндан режалаштирилган бўлиши эҳтимол деган фикрни билдирди:
“Балки Садир Жапаров Ташиевни муайян янги ролга ўтказаётгандир. Чунки бу жараёнларга тезкорлик билан изоҳ бераётган томон Жапаровнинг ўзи бўляпти. Маълумот учинчи томондан келмаяпти. У ҳокимиятдаги бўлинишларнинг олдини олиш учун деган асосларни келтиряпти. Бу эса бизни “бу қандайдир режалаштирилган қадам” - деган фикрга ундайди”.
"Икки дўст"
Ташиев узоқ йиллар давомида амалдаги президент Жапаровнинг энг яқин сиёсий ҳамкорларидан бири сифатида танилган. 2012 йилда улар Қумтор кони масаласи бўйича Бишкекдаги норозилик намойишларига бошчилик қилишган ва “парламентни ишғол қилишга уринган” дея судланган.
Қирғизистонда Алмазбек Атамбаевнинг президентлик даврида Қамчибек Ташиев ва Садир Жапаров муҳолифатда бўлган ва Қумтор кони масаласидаги чиқишлари боис қамалишган. 2012 йилдаги сурат.
Кўп йиллар мухолифатда фаолият юритган Ташиев 2020 йил октябридаги сиёсий инқироз пайтида ҳам фаол иштирок этди ва Жапаровнинг президент бўлишида асосий қўллаб-қувватловчи бўлди. Жапаров ҳокимиятга келгач, у Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланди. Уларга нисбатан одамлар орасида "Икки дўст" ибораси кенг қўлланила бошлади.
Шу билан бирга, айрим ўзбекистонлик таҳлилчилар Жапаров–Ташиев тандемининг барқарор эмаслиги ва бир кун келиб бузилиши мумкинлиги ҳақида олдиндан тахмин қилишган. Иқтисодчи Отабек Бакиров 2021 йили Телеграмга шундай деб ёзган:
"Жапаровнинг яккаҳокимлигига яқин орада энди ҳеч бир куч тўсқинлик қила олмайди, шу маънода ҳокимиятни эгаллашдаги шериги Қамчибек Ташиевнинг таъсир кучи секин-аста сўниб боришини прогноз қилиш қийин эмас".
Қамчибек Ташиев 2010 йил июн ойидаги Ўш ва Жалолобод воқеаларида тўқнашувларни тўхтатишга қаратилган ташаббусларда ҳам фаол иштирок этган. Ўша даврда унинг миллийликка таянган сиёсий риторикаси айрим таҳлилчилар томонидан “ультрамиллатчи” деб баҳоланган. Шу билан бирга, баъзи экспертлар Ташиевнинг иштироки можаронинг янада кенгайиб кетишининг олдини олишда муҳим роль ўйнаганини таъкидлайдилар.
“Ташиев ҳақиқатан ҳам катта сиёсий балл тўплади. Лекин унга нисбатан саволлар ҳам бор. Сўнгги йиллардаги сўз эркинлигига босим ва сиёсий таъқиблар фақат президент Садир Жапаровнинг сиёсати эмас, балки бу сиёсатни амалга оширган Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига ҳам тааллуқли. Буни алоҳида таъкидлашимиз керак, бу тарих учун муҳим" - дейди таҳлилчи Адил Турдуқулов.
Етти миллион аҳолига эга Қирғизистон Марказий Осиёда қўшни давлатларга нисбатан сиёсий жараёнлари ўзгарувчан ва нисбатан демократик муҳит мавжуд мамлакатлардан бири сифатида тилга олинади. Ўзбекистоннинг аввалги раҳбарияти даврида Тошкент ва Бишкек муносабатлари совуқ бўлгани қайд этилади ва таҳлилчилар буни ўртадаги сиёсий фарқлар билан изоҳлаганлар.