"Ўзбекнефтгаз" АЖнинг бирданига "Насаф", "Бухоро" ва "Бунёдкор" футбол клубларини молиялашни тўхтатишини билдириб, Ўзбекистон футбол ассоциациясига расмий хат йўллаганини қатор маҳаллий нашрлар ёзди.
27 феврал - Ўзбекистонда Суперлига 2026-йилги мавсуми бошланиши арафасида - 3 йирик футбол клубининг молиядан маҳрум бўлиши ҳақидаги хабар футбол мухлисларини хавотирга солган бўлса, айрим иқтисодчиларга умид бермоқда.
Мамлакат йиллардан буён энергетик инқироз домига шўнғиб бораётгани фонида, қатор иқтисодчилар, "Ўзбекнефтгаз" ҳомийлик лойиҳаларини тўхтатиши керак, деб таъкидлаб келаётганди.
Аммо, тежалган пул халққа айтилгани каби кўпроқ табий газ қазиб олишга сарфланадими - бу борада иқтисодчилар орасида ҳам, футбол мухлислари орасида ҳам умидворлар озчилик кўринмоқда.
"Ҳомийлик қатъий тақиқланади"
Ўзбекистондаги қатор маҳаллий нашрларнинг ёзишича, "Ўзбекнефтгаз" жамияти "Насаф", "Бухоро" ва "Бунёдкор" клубларини молиялашни тўхтатиши ҳақида 12 феврал куни Ўзбекистон Футбол ассоциациясига хат йўллаган.
2025 йилнинг декабридан бошқарувига Абдуғани Сангинов келган акциядорлик жамиятига кўра, Ўзбекистон футбол клубларига йиллардан буён сарфланаётган бир неча юз миллиард сўмлик маблағ бундан буён энергетика соҳаси, аниқроғи газ қазиб олишни кўпайтиришга йўлантирилади:
“Бошқарув раиси томонидан ҳомийлик ва носоҳавий харажатларнинг қатъий тақиқланиши молиявий ресурсларни асосий вазифаларга йўналтиришга хизмат қилиши қайд этилди. Президент томонидан 2026 йилда кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 миллиондан 70 миллион куб метрга етказиш вазифаси қўйилди. Бу мақсадга эришиш учун аниқ ҳисоб-китоблар асосида 149 та геологик-техник тадбир, 70 та қудуқ бурғилаш, 40 та қудуқни таъмирлаш ҳамда 6 500 квадрат километр майдонда 3Д сейсмика ишларини амалга ошириш режалаштирилган”.
"Миллион-миллион долларга ҳомийлик"
Шу пайтгача, жамиятнинг футбол клубларига сарфланган маблағлари суммаси ҳақида очиқ манбаларда аниқ ва тўлиқ маълумотлар учрамайди.
Аммо мустақил манбалар ва хусусан, ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги етакчи клублардан бири бўлган “Насаф” футбол жамоаси учун сўнгги 3-4 йил ичида ажратилган ҳар йиллик маблағ тақрибан 80-100 миллиард сўмни ташкил қилган. Марказий Банкнинг шу кундаги валюта курсига кўра, бу сумма тахминан 6 ярим 8 миллион АҚШ долларига тенг бўлади.
Яна норасмий манбаларга кўра, “Бухоро” футбол жамоаси учун сафрланган маблағ, 2025 йилда тақрибан 65 млрд. сўм, яъни 5.3 миллион АҚШ доллари атрофида бўлган. Эслатиш жоиз, бу рақамлар мустақил манбалардан олинган норасмий маълумотдир.
Футбол клублари хусусийлашишга тайёрми?
Футбол мухлислари ва шарҳловчиларига кўра, аслида футбол жамоаларининг хусусийлашиши ҳамда давлат корхоналари мажбурий ҳомийлигидан чиқарилиши кутилаётган эди.
Аммо, ижтимоий тармоқлардаги баҳсларга қараганда, Ўзбекистон футбол клубларининг ўзи хусусийлашишга тайёр эканига ишонч билдирганлар озчилик:
“Орттирилган маблағ ҳеч қачон ишчиларга “Мана клублардан ортган пул, сизларга берамиз”, дейилмайди. Бундан фақат одамлар, футбол мухлислари зарар кўради. Шунинг учун клубларни бирдан молиялашни тўхтатмасдан 2 йил давомида сотувга қўйиш керак, бақувват тадбиркорлар балки сотиб олар”.
------------------------
“Бир томондан тўғри қилган: 30 йилдан ошиқ вақт ичида ўзини молиялаштиришни ташкил этолмаган боқиманда клублар нима керак бизга? Айтганча, Сангинов тарафдори эмасман ва Сардоба бўйича халқ билан бир хил фикрдаман”.
---------------------
“Ўзбекнефтгаз" таркибида ишчилар иссиқда, совуқда, чанг ва газни ҳидини ҳидлаб, 5 млн. ойлик олса-да, футболчилар ками 30 млн. олса. Унисигаям майли, ўзбек ўйинчисига 30 млн. берган билан, шу ойликдан уйига уста ишлатади, бошқа иш қилади ва кейинги табақа ҳам бундан пул топади ва уларниям рисқи бўлади 30 млн. Легионерлар-чи, Шала Кингсли ва Отабанжо кимга керак?!”
---------------------
“Мен бир нарсани аниқ айта оламанки, шу 3 та клуб тугатилса ёки ҳомийлик тўхтатилса, нафақат бу клублар, балки ўзбек футболи 20–30 йил орқага кетади, балки ундан ҳам кўпроқ йилларга. Муҳокамалар ўтказиш керак — Вазирлар Маҳкамаси, Футбол федерацияси, Спорт вазирлиги ва вилоят ҳокимликлари ўртасида, битта хат билан кутилиб қолмасдан”.
"Ўзбекнефтгаз” самарадорлигини ошириш
27 феврал - Ўзбекистонда Суперлига 2026-йилги мавсуми бошланиши арафасида - 3 йирик футбол клубининг молиядан маҳрум бўлиши ҳақидаги хабар футбол мухлисларини хавотирга солган бўлса, айрим иқтисодчиларга умид бермоқда.
Айниқса, мамлакат йиллардан буён энергетик инқироз домига шўнғиб бораётгани фонида, қатор иқтисодчилар "Ўзбекнефтгаз"нинг ҳомийлик лойиҳалари тўхтатиши кераклигини таъкидлаб келаётганди.
“Ўзи бўғзигача қарзга ботган ва қазиб олиш кўрсатгичлари тубга инаётган монополистимиз камида тўртта клубга эгалик ва/ёки ҳомийлик қилиб келган. Бундан ташқари нохос ва нопрофил йўналишларда харажатларининг ҳисоби йўқ (Муттаҳамлар алдаб кетган Ривалдонинг қарзидан тортиб пиар контейнерларгача). Ўзгаришлар анонси ҳозирча ёмон эмас, энди амалдаги ишларни кутамиз”, деб ёзди жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров.
Асосий тўсиқ - янги захиралар
Шу йил 30 январь кунги йиғинда, “Ўзбекнефтгаз” самарадорлигини ошириш бўйича гапирган президент, биринчи галда табиий газ захиралари ва қазиб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда қайта ишлаш корхоналари қувватидан тўлиқ фойдаланишни бошлаш ҳақида кўрсатма берди.
"Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқаруви янги раиси Абдуғани Сангинов бу мақсад йўлидаги асосий тўсиқ — янги захираларнинг етарли даражада қўшимча қилинмаётганидир, деган хулосани берган.
Бунинг ортидан соҳани яқинда қўлга олган бошқарув раисига, Сурхондарё, Ҳисор ва Устюрт ҳудудларида захираси оширилмаган 31 та инвестиция блокини қайта хатловдан ўтказиш ҳамда Геология вазирлиги балансидаги айрим блокларни «Ўзбекнефтгаз» ихтиёрига ўтказиш вазифаси қўйилди.
Бу инвестиция блокларининг ҳозирги тақдири ҳақида ҳозирча қўшимча маълумот йўқ.
Сангиновнинг сафарлари
Аммо, ўша мажлисда айтилган бошқа масала- ҳар бир топшириқ ижроси ҳужжатлар билан тасдиқланмагунча назоратдан тушмаслиги ва шу билан раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш йўналишида ишлар шитоб билан бораётгани кузатилмоқда.
Абдуғани Сангинов 2025 йилнинг декабрида ташкилотга келганидан буён “Долзарб 100 кунлик” дастури доирасида муттасил йиғилишлар, вилоятларга сафарлар қилмоқда. Сафарлар асносида эса раҳбарлар, шу жумладан нефтбаза раҳабарларини ишдан олди.
Хусусан, 16 январ куни жамият матбуот хизмати Сангинговнинг Қорақалпоғистонга сафарини ёритди. Янги раҳбар, шунингдек тахминан 32 минг ишчиси бўлган ташкилотда ойлик маошларни оширмоқда.
"20 га яқин мулозим терговга тортилган"
Айни пайтда, Озодлик манбалари “Ўзбекнефтгаз”нинг аввалига раҳбарияти устидан ДХХ катта терговини давом эттираётгани, хусусан ҳозир эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда сақланаётган Баҳодир Сиддиқовдан ташқари, яна 20 га яқин мулозим терговга тортилганини иддао қилмоқда.
Бу шахсларнинг аксари акциядорлик жамиятида катта лавозимларда ишлагани, расмий рақамларда юзага чиққан камомадлар ҳамда ташқи ҳамкорлар билан тузилган тўғридан-тўғри шартномаларга масъул бўлгани айтилмоқда.
Ҳозирча ДХХ бу терговлар ҳақида бирор расмий маълумот бергани йўқ. Аммо, президент Мирзиёев шу йил 27 январ куни ўтказган йиғинда “Ўзбекнефтгаз” АЖда катта тафтиш бораётгани, дастаблаки маълумотлар миллиард-миллиард сўмлик талон-тарожни кўрсатганини маълум қилган.
Президент айтган тафтиш эса, Озодлик манбаларига кўра, унинг энергетик хавфсизлик бўйича вакили Алишер Султоновнинг ҳам ишдан олинишига сабаб бўлган.
“Ҳозир Баҳодир Сиддиқов асосий масъул қилиб айбланяпти. Олдинроқ Алишер Султновни кеткизишди. Ҳозир ўртада 3,3 млрд. мерт кублик табиий газ йўқ. Қазиб олинди, деб кўрсатилган, лекин йўқ. Бу жуда катта сумма. Албатта, ўша пайтдаги раҳбарлар айбдор”, дейди ҳукумат идораларидан биридаги Озодлик манбаси.
Алишер Султонов 2015-2018 йилларда «Ўзбекнефтгаз» раиси сифатида ишлаган, 2019-2022 йилларда энергетика вазири, кейин президент маслаҳатчиси бўлганди.
Баҳодир Сиддиқов эса 2019-2020 йилларда «Ўзбекнефтгаз»га раҳбарлик қилган, 3 йиллик танаффусдан сўнг 2023 йил яна шу лавозимга қайтиб қўйилганди.
Айнан шу икки мулозим раҳбарлиги даврида, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги билан биргаликда, Россия томони билан Ўзбекистонни газ экспортчисидан рус газига қарам импортчига айлантирган катта-катта ҳужжатлар имзоланганди.
Мамлакатдаги энергетик тақчилликни яна янги заҳираларни очиш ва инвестициялар олиш йўли билан ҳал этиш таклифини аввалроқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳам тилга олган эди.
3,3 млрд. кублик камомад
Ўзбекистонда сўнгги йилларда кетма-кет газ қазиб олиш ҳажми камайиб бормоқда — 2025 йил якунига кўра, қазиб олинган табиий газ ҳажми 42,3 млрд. метр куб бўлди. Ваҳоланки, 2019 йилда бу кўрсаткич 59,4 млрд. метр кубни ташкил қилган.
Ҳозир эса, Ўзбекистон Миллий Статистка қўмитаси қайта ҳисоблаш натижасида, аслида қазиб олиш ҳажми бундан кам бўлганини билдирди. Янгиланган ҳисоботга кўра, 2024 йилда 41,3 млрд. метр куб газ олинган.
Қўмитанинг ўтган йилги ҳисоботида эса 2024 йилда мамлакатда 44,6 млрд. метр куб газ қазиб олинган, деб кўрсатилганди. Орадаги фарқ 3,3 млдр. метр кубни ташкил қилмоқда.
Бу камомад – 3,3 млрд. метр куб табиий газ - ошириб кўрсатилганми ёки ҳисоботдаги хатоликми? Агар ошириб кўрсатилмаган бўлса, унда бунча газ ёки унинг пули қани?
“Масалан, янги рақамларга кўра, 2024 йил январь-декабрь ойларида 41,3 млрд. куб газ қазиб олинган бўлса, 2024 йил декабрь ойида атига 0,3 млрд. куб газ қазиб олинган бўлиб чиқади. Ва ўзи умуман, газ қазиб олиш янада тушиб кетган 2025 йилда 42,3 млрд. куб газ қазиб олинганига энди кимдир ишонадими? Келаси йил охирига бориб, 2025 йилда газ қазиб олиш кўрсаткичлари 40 млрд. кубга ҳам етмаган бўлиб чиқмайдими?” дея савол ташлайди иқтисодчи Отабек Бакиров.
“Ўзбекнефтгаз”да тозалаш-текшириш-янгилаш
Озодлик манбалари, Сангиновнинг “Ўзбекнефтгаз” АЖда олиб бораётган тозалаш-текшириш-янгилаш кампанияси аслида алоҳида мақсадларни кўзлаган ва бу мақсадлар тизимидаги ўғрилик, коррупцияни тугатишни кўзламайди, деб даъво қилмоқда.
“Султонов, Сиддиқовларни "Ўзнефтегаз" тепасига ким қўйган, нега улар бемалол бунақа катта коррупцияни қилган? Бевосита биринчи шахс розилиги бўлмаса, ким Кремл билан яширин газ олди-берди қилади? Бу нарсаларни ҳеч ким охиригача аниқламайди, менимча. Кейин, янги қўйилган Сангинов ҳали нима қилиб беради, деган савол ҳам бор. Эскиларни олиб, ўрнига ўзини одамларни қўяяпти, кўряпсиз. Янги конларни беринг, деяпти. Хуллас, умид каттамас менда, узр-ку!”, дейди Озодлик билан аноним тарзда гаплашган ҳукуматдаги мулозимлардан бири.
Мавзуга алоқадор Манфаатлар тўқнашуви: Сардоба сув омборининг буюртмачиси ҳам Сангинов¸ қурувчиси ҳам Сангинов!66 ёшли Абдуғани Сангинов 2017 йилдан то 2025 йилнинг 17 декабрига қадар “Ўзбекгидроэнерго” компаниясига раислик қилди, унгача Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг “Ўзсувэнерго” бирлашмаси бошлиғи бўлган.
Унинг бошқаруви пайтидаги энг катта муаммолардан бири - давлат корхоналарининг “Ўзбекгидроэнерго” компаниясидаги энергетик иншоотлардан ўта қиммат нархда электр энергиясини харид қилгани ва бу иш ҳукумат қарорлари билан амалга оширилганидир. Буни иқтисодчилар бот-бот танқид қилган, аммо танқидлар эътиборсиз қолдирилган.
Сангинов бошқарувига қўйилган яна бир йирик савол эса, шубҳасиз 2020 йилнинг 1 майида “Сардоба” сув омборида рўй берган техноген фалокатидан сўнг ўртага чиққан ва ҳануз тўлиқ жавоб берилмаган саволдир.
Озодлик, ишга тушганидан ҳеч қанча ўтмай ёрилган тўғон қурилиши тепасида, ўша кезда “Ўзбекгидроэнерго” АК бошқаруви раиси ва сенатор бўлган Абдуғани Сангинов ҳам давлат буюртмачиси, ҳам уни қурган хусусий пудратчи сифатида турганини аниқлаган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Сардоба фожиаси: Ёпиқ суддан кейин очиқ қолаётган саволлар