Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида яшовчи Нуржон Аҳмедова “Озодлик” таҳририятига илк бор 15 январда мурожаат қилган. Унинг айтишича, 36 ёшли акаси Давронбек Жуманазаров 2025 йилнинг кузида Россиядан Украинадаги урушга жўнатилган.
“Акамга иш таклиф қилишган экан. У ишлагани деб ўйлаб қоғозларга қўл қўйган, нимага қўл қўйганини билмаган. Чунки ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайди. Акам оилали, бир яшар қизи бор. Фарзанди у Россияда ишлаб юрган пайтда туғилгани учун, ҳали уни бирор марта ҳам кўрмаган” – дейди Нуржон.
У акаси Санкт-Петербургда қурилишда ишлаб юргани ва октябр ойи охирида хорижга чиқиш учун мўлжалланган биометрик паспортини йўқотиб қўйганини билдирди. Шу боис ID ҳужжати билан 29 октябр куни Ўзбекистонга қайтиш учун самолётга чипта олган.
“Озодлик” таҳририятига тақдим этилган чипта нусхасида Давронбек Санкт-Петербургдаги Пулково аэрпортидан Урганчга учиши кўрсатилган.
Чипта нусхаси.
Бироқ яқинлари аниқлаган маълумотларга кўра, ватанига қайтишидан уч кун олдин полиция Давронбекни кўчада ушлаб, ҳужжатлари йўқлиги сабаб Красное Село қишлоғида жойлашган чет элликларни вақтинча сақлаш марказига олиб кетишган.
“Красное Село деган марказга олиб бориб ташлашган. Паспорти йўқ Ўзбекистон фуқароларини 90 кун у ерда ушлаб, кейин ватанига жўнатишар экан. Телефон қилмаяпти деб, ҳавотир ола бошладим. Санкт-Петербургда синглимнинг эри ҳам ишлайди. У суриштирса, акамнинг Красное Селода эканини айтишган, 90 кун ичида Ўзбекистонга жўнатилади дейишган”, - деди Нуржон.
Нуржон “суриштирдик” деганда Санкт-Петербургдаги Федерал суд ижрочилари хизмати идорасига мурожаат қилинганини айтди. Унинг таъкидлашича, куёв боласи ўтган йили декабрда у ерга иккинчи бор борганда, Давронбекни армияга олиб кетишгани билдиришган. Идора ходими билан бўлган суҳбат аудиоси “Озодлик”ка тақдим этилган, мазмуни қуйидагича:
— У аллақачон кетган.
— Қаёққа?
— Ноябрда армия билан контракт тузган.
— Контракт?
— Албатта. Уни ҳарбийлар 21 ноябрда олиб кетишган.
— У ҳарбий хизматдами?
— Ҳа, у махсус ҳарбий операцияга боришни истаган ва бир ой олдин, ноябрда кетган.
— Мен сизларга 20 ноябрда келгандим-ку.
— Уни 21 ноябрда олиб кетишган, бошқа маълумотларни Красное селодан аниқлайсизлар.
“Озод Европа/Озодлик” радиоси Россияда “исталмаган ташкилот” деб тан олингани сабабли, у ердаги давлат идораларидан изоҳ олиш имконияти чекланган.
Нуржон Аҳмедованинг айтишича, оила Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги консуллигига мурожаат қилиб, Давронбекнинг йўқолгани ҳақида ариза беришган. Аммо буни консулликдан мустақил тасдиқлаш ҳозирча имкони бўлмади.
Нуржон Давронбекни Украина ҳукуматининг “Яшашни ҳоҳлайман” (“Хочу жить”) лойиҳаси орқали ҳам излаганини, аммо натижа бўлмаганини айтади.
Унинг сўзларига кўра, 13 феврал куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан қўнғироқ бўлиб, Давронбек Жуманазаров Украинада асирга тушгани ҳақида маълумот беришган.
“Акангиз Украинага асирга тушган, бизга хабар беришди дейишди. Акамни тасвирлаб беришимизни сўрашди. Уларда видеоси бор экан. Ички ишлар вазирлигидан қўнғироқ қилганлар акамнинг ёнида телефон бўлса, топиб беришга уринишларини айтди. “Гаплашинглар, яна русларга ўтиб кетса, урушга кириб кетмасин, Ўзбекистонга олиб келишга ҳаракат қилинглар”, дейишган. Акам Украинага асирга тушганда уларга полиция кўчадан ушлаб кетганини, урушга жўнатилишини билмаганини ҳам айтган экан” .
Нуржоннинг айтишича, Ички ишлар идораси ходими Давронбек Украинанинг Суми вилоятида асирга тушгани ва у 30-мотоўқчилар полки таркибида урушгани ҳақида маълумот борлигини билдирган.
“Озодлик” журналисти бу вазият юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига расмий сўров юборганини, ҳозирча жавоб келмаганини таъкидлаймиз.
Шунингдек, 18 феврал куни Украина ҳукуматининг “Яшашни ҳоҳлайман” лойиҳасига юборилган сўровимизга эса қуйидаги жавоб йўллашди:
“Ушбу шахс Украина ҳудудида ҳарбий асир сифатида қайд этилмаган ва аввал ҳам бундай мақомда бўлмаган”.
“Яшашни ҳоҳлайман” лойиҳаси Россия армияси аскарларининг таслим бўлиши ва ёлланма жангчилар ҳақида маълумот тўплайди. Унинг 2025 йил октябр ҳисоботига кўра, Россия армиясига ёлланганлар орасида 481 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган, жами 2715 нафар ўзбекистонлик урушда иштирок этгани қайд этилган. Ҳисоботда бу рақамлар ўсиб бораётгани ва ўзбекистонликлар чет эллик ёлланма жангчилар орасида энг кўпчиликни ташкил этиши таъкидланган.
“Афсуски, агар Ўзбекистон Россияга ишлашга кетаётган фуқароларига урушга жалб этилиш хавфи ҳақида қандайдир тушунтириш ишларини олиб бораётган бўлса ҳам, бу саъй-ҳаракатлар етарли эмаслиги кўриниб турибди. Шунинг учун ўзбекистонликлар келгусида ҳам Россия армиясида энг хавфли вазифаларга юборилиши эҳтимоли сақланмоқда” – деб ёзилган ҳисоботда. Ўзбекистон ҳукумати бунга расмий муносабат билдирмаган.
Украина ҳукумати асирларга нисбатан муносабат халқаро қоидаларга асосланишини билдириб келади. Яъни Женева конвенциялари талабларига кўра уларни қийнаш, таҳдид қилиш ёки камситиш мумкин эмас, тиббий ёрдам ва овқат билан таъминланади, хавфсиз жойларда сақланади ва оиласига хабар бериш имкони берилади. Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ходимлари Украинада асирлар билан учрашиб туриши ва уларнинг шароитига оид кузатувлар олиб борилиши хақида маълумотлар бериб борилади. БМТнинг мониторинг миссияси ҳам Украина томонидаги умумий муносабат халқаро ҳуқуққа мос эканини қайд этган. Асирлар алмашинуви жараёнлари Қизил Хоч назоратида ўтади, ҳар бир асирнинг соғлиғи ва ҳуқуқлари текширилади.
Ҳуқуқ ҳимоячилари сўнгги йилларда Россияда Марказий Осиёлик мигрантларни ҳарбий хизматга жалб қилиш ҳолатлари ортганини билдирмоқда. Айрим маълумотларга кўра, ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган шахслар полиция босими, депортация ёки маъмурий жазо таҳдиди остида контракт имзолашга мажбурланиб, урушга юборилган ҳолатлар қайд этилган.
Контрактга рози бўлганларга фуқаролик, юқори маош ва турли тўловлар ваъда қилиниши, айрим ҳолларда эса қамоқдагиларга жазони енгиллаштириш эвазига фронтга бориш таклиф этилиши айтилади.
“Мигрантлар Россия томонидан оккупация қилинган Украина ҳудудларига бормаслиги керак. Уларни окоп қазишга ёки миналар майдонини тозалашга олиб кетиш хавфи ҳам катта. У ерда уларнинг ҳуқуқий ҳимояси мутлақо йўқ. Бундан ташқари, улар жиноятчи сифатида ҳисобланади” - дейди мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Валентина Чупик.
Сўнгги йиллари Россияда куч тузилмалари мигрантларни текширишни кескин кучайтирган.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати 2022 йилдан бери чет элдаги қуролли можароларда иштирок этганларга нисбатан 338 та жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган. Идора бу ишлар диний-экстремистик ёки хорижий ҳарбий тузилмалар билан боғлиқ ёлланиш ҳолатларига тааллуқли эканини билдирган, аммо қайси можаролар назарда тутилгани очиқланмаган.
Россия Украина ҳудудига 2022 йил 24 феврал куни бостириб кирган. Таҳлилчилар буни Украина Ғарб давлатлари билан ҳамкорликни кучайтиришга интилгани ва Москва ушбу жараённи ўз хавфсизлигига таҳдид сифатида қабул қилгани билан боғлайди. Кремль эса "махсус ҳарбий операция" деб номлаган бу ҳаракатини “хавфсизликни таъминлаш” ва “тартибни тиклаш” деб изоҳлаган. Кўплаб давлатлар эса Кремлнинг агрессияси сифатида баҳолайди. Уруш давомида ҳар икки томондан юз минглаб одамлар ҳалок бўлиб, қурбонлан сони кун сайин ошиб бормоқда.
Украинадаги уруш масаласида расмий Тошкент нейтрал позицияни сақлашга интилади ва Украинага босқин ёки Россияда ўзбекистонликларни урушга ёллаш каби воқеаларни очиқ танқид қилмайди.
Аммо Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хориж армияларига қўшилган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексида 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланганини эслатган.
Бошқа ҳолатлар
"Озодлик" ва "Озодлик Осиё" таҳририяти мигрантлар, уларнинг урушга турли йўллар билан ёлланиши, мажбурланиши каби ҳолатларни мунтазам ёритиб келмоқда.
“Озодлик” урушга ёлланган яна бир ўзбекистонлик мигрант, сурхондарёлик 23 ёшли Акбар Қурбоновнинг Ўзбекистонга қайтарилганини аниқлади. У ўтган йил октябрда Украинадан видеомурожаат йўллаб, "Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари алдови билан" урушга олиб кетилганини, қочмоқчи бўлганлар отиб ташланиши ва калтакланишини айтиб, ёрдам сўраган эди.
Унинг онаси Рўзигул Бобоева Тошкентда идорама-идора юриб, журналистлар орқали мурожаат қилиб, январь ойида ўғли ҳукумат ёрдамида қайтарилганини билдирган. Айтилишича, фарзанди ҳарбий полигонда калтаклангани сабаб Ўзбекистонда шифохонага ётқизилган, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкин. Бобоевага давлат идоралари матбуотга бошқа чиқмасликни тавсия қилган.
Рўзигул Бобоева ўғлини ватанга қайтариш умидида қилган мурожаатларидан бирида туширилган расм.
Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячилари маълум қилишича, Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган Марказий Осиёлик мигрант аёлларга ҳам қамоқдан чиқиш эвазига Украинадаги урушга бориш таклиф этилмоқда. Тошкентдаги “Эзгулик” жамияти Россияда сақланаётган бир қатор ўзбекистонлик аёлларнинг яқинлари шу мазмунда мурожаатлар йўллаганини билдирган.
Москва мигрантларни урушга ёллаш борасида расмий изоҳ бермайди, аммо кучайтирилган текширувларни ва рейдларни "ҳавфсизликни таъминлаш" дея асослайди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 январда хориждаги фуқаролар тақдирига бағишланган нутқида Россия номини тилга олмасдан, рейдлар ҳақида гапирган. У элчи ва консуллар ҳар бир ҳолат бўйича фуқароларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши шартлигини таъкидлаган.