Фарғонада 62 бола заҳарланди. Ота-оналари овқатдан, деб гумон қилмоқда

Иллюстратив сурат.

Фарғонада 62 бола ўткир диарея аломатлари билан шифохонага тушди.

Заҳарланган болаларнинг ота-оналари болалар боғчасида тарқатиладиган овқатдан заҳарланган бўлиши мумкин, деб иддао қилмоқда.

Ота-оналарни тинчлантиришга уринаётган расмийлар эса, хулоса учун тиббий таҳлил натижаларини кутишни тавсия қилмоқда.

21 феврал куни Фарғона шаҳридаги 2-, 58- ва 61-сонли давлат болалар боғчаларининг 62 нафар тарбияланувчиси ўткир диарея аломатлари билан шифохонага тушди.

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси боғча болалари ўртасида оммавий заҳарланиш ҳолати бўлганини расман тасдиқлади.

ССБ маълумотига кўра, 21 феврал куни соат 19:00 дан бошлаб болалар тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин оғриғи, кўнгил айниши, ич кетиш аломатлари билан юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган.

Озодлик олган маълумотларга кўра, касалланган болалардан 3 нафари реанимацияда қолмоқда, врачлар 1-2 кун ичида улар уйига жўнатилишини айтмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари бу боғчалар ошхоналари ва овқат етказиб берувчи кейтеринг корхонасида текширувлар ўтказгани, болалар ўша куни истеъмол қилган таомлардан лаборатория учун намуналар олиниб, текширилаётганини билдирди.

Заҳарланган болаларнинг ота-оналар эса маҳаллий журналистларга улар овқатдан заҳарланган бўлиши мумкин, деб шикоят қилмоқда.

Маълум бўлишича, бу боғчаларга тайёр овқатни Қувасой шаҳридаги Garden Catering Trade МЧЖ етказиб берган. 20 феврал кунги таомномада гречка, борш, тефтел, картошка, салат, компот ва бошқа таомлар бўлгани маълум бўлди.

Garden Catering Trade МЧЖнинг исмини ошкор қилмасликни сўраган ходими вазиятга бундай изоҳ берди:

“Ҳозир республикадан келган врачлар вазиятни ўрганяпти. Аҳвол унақа даражада жиддий эмас экан. Оқатданми, бошқа нарсаданми - ўрганиляпти. Чунки бир кун олдин болалар эмланган ҳам экан қизамиққа қарши. Ҳар ҳолда, олинган анализлар натижаларини кутяпмиз.”

Озодлик Garden Catering Trade МЧЖ вакили тилга олган эмлаш масаласини аниқлаштирди.

Заҳарланиш кузатилган боғчалардан бирининг исми сир қолиши шарти билан гаплашган ходимига кўра, болалар ўтган ҳафта ҳақиқатда ҳам эмланган ва аммо эмланиш ихтиёрий шаклда бўлган.

- Фарғона вилояти бўйича 32 та боғчадан 170 та бола қизамиққа қарши эмланган. Заҳарланиш эмланган болалар орасидагина кузатилмаган. Кейин болалар вакцинадан кейинги 3 кун ичида ён таъсирини сезади. Кейтеринг ширкатдагилар айбни ўзидан соқит қилиш учун шунақа дейишётгандир, - деди ходим.

Расмийларнинг маълум қилишича, Garden Catering Trade ширкати айни пайтда Фарғона ва Қувасой шаҳарлари, Фарғона ва Қувасой туманларидаги мактабгача таълим муассасаларига озиқ-овқат етказиб бериш билан ҳам шуғулланади.

Ушбу МЧЖ, очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, 2024 йилнинг июн ойида Фарғонада очилган ва 100 фоизлик улушининг эгаси сифатида Bozorov Iqboljon Xabibulloyevich исмли шахс кўрсатилган.

Бу ширкатга боғчаларга овқат етказиш ҳаққининг берилишига эса, Kun.uz нашрининг аниқлик киритишича, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг 2024 йил 25 июлда боғчаларда соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича чиқарган қарори асос бўлган.

Айрим фарғоналиклар ҳозир ижтимоий тармоқлар, хусусан Telegram каналларида болаларнинг оммавий заҳарланганига оид хабарлар ўчирилаётгани ва маълумотлар чекланаётганидан арз қилмоқда. Расмийлар бу даъволарга изоҳ берганича йўқ.

Жамоат фаоллари, шунингдек, болаларнинг Фарғонадаги оммавий заҳарланиши юзасидан жамоатчиликка етарлича маълумот берилмаётгани ва расмийлар вазиятни имкон қадар юмшатиб, “эътиборга арзимас” қилиб тақдим этишга уринаётганидан хавотир билдирмоқда:

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова Фарғона боғчаларидаги вазиятни назоратига олинганини маълум қилди.

2025 йилнинг сентябрь ойида Тошкент вилоятида ҳам 82 та давлат мактабгача таълим ташкилотида 1922 нафар бола овқатдан заҳарланган эди.

Бунга қадар “Док-1 Макс” йўтал сиропидан 68 нафар бола вафот этгани ва 18 нафар бола ногирон бўлиб қолгани расман маълум қилинган эди.

Суд жабрланган оилаларга судланувчилар ҳисобидан компенсация пули ундирилишини қарор қилган, айрим оилалар товон пули ҳануз берилмаганини айтмоқда.

Фарзанди «Док-1 Макс фожиаси» оқибатида вафот этган ва ногирон бўлиб қолган бир гуруҳ ота-она товон пулини талаб қилиб, президент Шавкат Мирзиёевга махсус мурожаат ҳам йўллаганди.