Нақдсиз савдога ўтиш: ислоҳотми ёки иқтисодий синов?

Ўзбекистоннинг 5000 сўмлик пулини санаб ўтирган аёл. Архив.

Дунёдаги энг арзон миллий валюталардан бирига эга Ўзбекистонда нақд пул кундалик ҳаётдан сиқиб чиқарилмоқда.

Энди кўчмас мулк ва автотранспорт савдоси, шунингдек, айрим товар ва хизматлар учун ҳисоб-китоблар фақат электрон шаклда амалга оширилади.

Аммо рақамли инфратузилма барча ҳудудларда бир хил даражада шаклланмагани ҳақида турли фикрлар мавжудлиги боис, мамлакат бу босқичга қай даражада тайёр деган савол ҳам кун тартибида турибди.

"Бундай қоида оддий аҳолини қийнайди"

Андижон вилоятининг Пахтобод туманида яшовчи 48 ёшли Шерзодбек Дўстов бир неча йил чет элда меҳнат қилиб тўплаган маблағига уйини таъмирламоқчи. У май ойида бошланадиган ишларга 100 миллион сўмдан ортиқ (8 минг доллардан кўпроқ) сарфлашни режалаштирган. Қурилиш материалларини одатдагидек бозордан сотиб олишни кўзлаган, аммо бунинг учун банкда ҳисоб очиб, тўловларни фақат электрон тарзда амалга ошириши талаб этилиши мумкин.

“25 миллион сўмдан кўпроқ савдо қилсанг, фақат банк орқали тўлаш керак деган қоида чиқибди деб эшитдим. Менимча, бундай қоида биз каби оддий аҳолини қийнайди, чунки ҳамманинг банкдан ҳисоб очиш имконияти йўқ”, — дейди у.

Ўзбекистонда ҳали барча фуқароларда банк ҳисобига эга бўлиш маданияти тўлиқ шаклланмагани боис, янги тартиб Шерзодбек каби одамларда қўшимча ташвиш уйғотмоқда.

Янги тартиб 1 апрелдан кучга киради. Ҳукумат талабига кўра, бозор ёки дўкондан қиймати 25 миллион сўмдан юқори товар харид қилувчилар ёзма келишув асосида тўловни фақат банк орқали амалга ошириши шарт.

Шунингдек, уй-жой ёки ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган автомобилларни сотиб олишда ҳам нақд пул қабул қилинмайди. Бундай битимлар фақат банк карталари ёки электрон ўтказмалар орқали амалга оширилади.

Нақдсиз пул талаби нафақат йирик савдога, балки аҳолининг кундалик харажатларига ҳам тааллуқли бўлади: коммунал тўловлар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги ҳисоб-китоблар ҳам нақдсиз шаклга ўтказилади.

Ўзбекистондаги банк карталари. Архив.

“Қорани оққа олиб чиқиш учун битта инструмент етарли эмас”

Мутаҳассислар бу қадамни ҳар бир пул айланмасининг расмий ҳисобга олиниши ва солиқ тўланишини таъминлаш, яъни “қора бозор”ни қисқартиришга қаратилган чора сифатида изоҳламоқда.

Ҳукумат буни яширин иқтисодиётга қарши курашда муҳим босқич сифатида кўрсатар экан, давлат телеканалларида аҳоли бу тартибни қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги лавҳалар кўпайган. Бироқ айрим мустақил нашрлар эътиборни эҳтимолий муаммоларга қаратмоқда.

“Бекитаман деган одам барибир айланиб ўтади. Фақат чекловлар билан “қора” бозорни “оққа” олиб ўтишнинг иложи йўқ. Тўғри, бу - инструментлардан бири. Лекин "қорани оққа олиб ўтиш" учун битта инструментнинг ўзи етарли эмас. Аввало, “Нима учун қорада ишлаяпти?” деган саволга жавоб топиш керак. Агар "оқ бозорга" кириш, яъни солиқларни тўлиқ тўлаб ишлаш одамга фойдали бўлмаса, унинг бизнес моделига ёки тирикчилигига тўғри келмаса, у барибир қорага қайтиб кетаверади. Шунинг учун оқибат билан эмас, сабаблари билан курашиш керак. Нақдсизлаштириш масаласи ҳозир қора бозорни оққа олиб киришга қаратилган, оқибат билан курашадиган чоралардан бири, деб ўйлайман”, - деган солиқ бўйича мутахассис Мурод Муҳаммаджонов kun.uz нашрига.

Президент фармони ва 2030 йилгача режалар

Нақдсиз тўловларга ўтиш тартиби президентнинг 2025 йил 10 декабрда имзолаган фармони асосида жорий этилмоқда. Ҳужжатга кўра, 2030 йилгача яширин иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш ва савдо ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида нақдсиз тўловлар улушини 75 фоизга етказиш режалаштирилган.

Адлия вазирлиги жорий йил 16 март куни нотариуслар ва банклар ўртасида олди-сотди битимлари бўйича электрон маълумот алмашиш тартиби расман рўйхатдан ўтказилганини маълум қилди.

Тошкентнинг Олой бозоридаги банкомат. Архив

Иқтисодчилар мамлакатда терминал ва касса аппаратлари асосан шаҳарларда кенг тарқалганини таъкидлайди. Ҳудудларда эса савдо айланмаси асосан бозорларда амалга оширилиши боис, рақамли инфратузилма тўлиқ шаклланмаган жойларда бу ислоҳот қандай амалга ошиши ҳақида саволлар кўп.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида бир неча йил ишлаган, исмини ошкор этмаслик шарти билан “Озодлик” мухбирига гапирган мутахассис олдинда қатор муаммолар юзага келиши мумкинлигини айтди:

“Ўзбекистон валютаси - сўмнинг қиймати нафақат Марказий Осиёда, балки дунё бўйича ҳам энг нархи паст пуллардан бири эканини биламиз. Шу шароитда нақдсиз тўловларга ўтиш иқтисодиётни назорат қилиш ва бюджет тушумларини ошириш учун тўғри қадам. Лекин рақамли инфратузилма барча ҳудудларда бир хил даражада шаклланмаган, айрим жойларда интернет ва банк хизматлари билан муаммолар бор. Шунингдек, иш ҳақини картага олса ҳам, пулни тўлиқ ечиб олиб, кейин нақд ишлатадиган қатлам ҳали кўп. Шу боис мамлакат бу босқичга тўлиқ тайёрми, деган савол очиқ турибди”.

Ўзбекистон миллий банкининг 19 мартдаги маълумотига кўра: 1 АҚШ долларининг нархи - 12 200 сўм атрофида, 1 евро эса 14 100 сўм.

Расмий маълумотларга қайд этилишича, ҳукумат нақдсиз тўловлар тизими орқали яширин иқтисодиётни сезиларли қисқартиришга умид қилмоқда. Маҳаллий ва халқаро кузатувларда, Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улуши 2024–2025 йилларда 33–35 фоиз атрофида бўлиб, 2019 йилдаги 45–50 фоиз кўрсаткичдан камайгани айтилади. Мутаҳассислар асосий яширин фаоллик қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва хизматлар соҳаларига тўғри келишини таъкидлайдилар.

Касса назорати аппаратидан чиқарилаётган чек. Архив.

Қирғизистон тажрибаси: чекловлар ва муросалар

Марказий Осиёда яширин иқтисодга қарши кураш йўналишидаги ўхшаш амалиётни Қирғизистон 2022 йилда жорий этган. Патент тизими бекор қилиниб, ҳар бир савдо ва хизмат учун касса аппаратидан фойдаланиш мажбурий қилинган. Бу эса юзлаб савдогарларнинг норозилик акцияларига сабаб бўлган. Бир йил ўтгач, ҳукумат зарурат бўлса, патент тизимига қайтиши мумкинлигини, бозорда ишлаётган минглаб одамларнинг тирикчилигига зарар етказиш нияти йўқлигини билдирган.

Шунга қарамай, кузатувларга кўра, Қирғизистоннинг шаҳар ва қишлоқларида охирги икки йилда савдо ва хизматлар деярли нақдсиз тизимга ўтган. Мамлакатдаги барча банклар QR-код орқали тўлов хизматини жорий этган. Бундай хизматлар бизнес субъектлари учун алоҳида, жисмоний шахслар учун алоҳида тартибда жорий қилинган. Бизнес учун QR тўловлар солиқ тизимига уланади, шахсий QR эса фақат оддий пул ўтказмалари учун ишлатилади. Аммо мамлакатда нақд тўловга чеклов қўйилган эмас.

Дунёда нақд пул тўлиқ бекор қилинмаган

Жаҳон тажрибасида нақдсиз тўлов тизими XX асрнинг иккинчи ярмидан, айниқса банк карталари оммалашган 1970–1980-йиллардан бошлаб кенг тарқала бошлаган.

2000-йиллардан эса интернет-банкинг ва мобил тўловлар ривожи бу жараённи янада тезлаштирди.

Масалан, нақдсиз иқтисодиётга энг яқинлашган давлатлардан бири ҳисобланган Швецияда кўплаб дўкон ва муассасаларда нақд пул қабул қилинмайди.

Жанубий Корея ва Хитойда рақамли тўловлар QR-код орқали оммавийлашган, айниқса мобил иловалар орқали ҳисоб-китоб кундалик ҳаётнинг оддий қисмига айланган.

Европа давлатларида эса нақд тўловга тўлиқ тақиқ қўйилмаган, бироқ катта миқдордаги битимлар учун банк орқали ҳисоб-китоб мажбурий қилинган. Масалан, Францияда ва Италияда нақд тўлов лимитлари белгиланган.

Умуман олганда, аксарият давлатлар нақдсизлаштиришни босқичма-босқич, солиқ шаффофлиги ва молиявий интизомни кучайтириш воситаси сифатида жорий этган, бироқ деярли ҳеч қаерда нақд пул муомаласи тўлиқ бекор қилинмаган.

Жаҳон тажрибасига оид маълумотлар World Bank, International Monetary Fund ҳамда қатор давлатларнинг марказий банклари очиқ ҳисоботларига таянилган ҳолда тайёрланди.