Бир ой аввал сиёсий зиддият фонида лавозимдан бўшатилиб, мамлакатдан чиқиб кетган Ташиев 19 март куни Бишкекка қайтган.
Маҳаллий нашрларнинг маълумотларига кўра, Ташиев ўша куни Бош тергов бошқармасида беш соат сўроқ қилинган. Аммо сўроқдан чиққач, ҳеч кимга изоҳ бермаган. У тергов маълумотларини ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат имзолагани айтилмоқда.
Ташиев сўроқдан чиққан пайтда олинган сурат. Бишкек, 19 март, 2026 йил.
Ички ишлар вазирлиги Ташиевга нисбатан икки жиноят иши бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилди. Биринчи иш “Қирғизнефтегаз”даги коррупция айбловларига тааллуқли. Иккинчи иш ҳақида маълумот берилмаган.
“Расмий тушунтириш берилмаётгани турли тахминларга сабаб бўлмоқда. Ташиевнинг мамлакатга келмаслиги учун асос йўқ, фақат унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса, вазият бошқача бўлиши мумкин. Сиёсий жиҳатдан қараганда, унинг хорижда қолиши тўплаган сиёсий капитали ва рейтингига жиддий зарар етказарди. Шу боис у бу ҳолатни яхши англайди, деб ўйлайман. Унинг қўл остида ишлаган бир нечта шахслар қамалган, айбловлар эълон қилинган, аммо уларнинг айби қандай аниқланиши, қандай далил ва кўрсатмалар борлиги номаълум. Ташиевнинг кейинги тақдири эса яқинлари берган кўрсатмалар ва терговда тўпланган далилларга боғлиқ бўлади” - дейди Конституциявий суднинг собиқ судяси Клара Соороқулова.
Президент Садир Жапаров 10 февралда Ташиевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари лавозимидан озод этган. Ўша пайтда Германияда даволанаётган Ташиев бу қарор унинг учун кутилмаган янгилик бўлганини билдирган.
Ишдан олинганидан кейин у 13 февралда Бишкекка қайтган, 17 февралда яна хорижга чиқиб кетган. Қаерга ва нега кетгани ҳақида расмий маълумот берилмаган, аммо айрим манбалар у Испанияда эканини ёзган.
Ташиевнинг лавозимдан четлатилиши ортидан мандатини топширган парламент депутатлари (коллаж).
Ташиев лавозимдан кетгач, сиёсий тизимда бир қатор ўзгаришлар кузатилди. Парламентда унга яқин деб ҳисобланган бир нечта депутат мандатини топширди, айрим вазирлар ва шаҳар ҳокимлари истеъфо берди. Улар орасида укаси Шаирбек Ташиев парламент депутатлигидан кетса, яқин дўсти экани айтилган Жеңишбек Токторбаев Ўш шаҳар ҳокими лавозимидан бўшатилди. Миллий хавфсизлик қўмитасида Ташиевга яқин кадрлар ишдан олинди, айримлари қамалди.
Шу билан бирга, тадбиркорлар Ташиев раҳбарлиги даврида бизнесга босим ўтказилгани ва мулклар тортиб олингани ҳақида шикоят қила бошлади.
Давлат солиқ хизмати “Қирғизнефтегаз”даги коррупция схемалари ҳақида суриштирув эълон қилди. Ташиев ва унинг қариндошлари билан боғлиқ экани айтилган суриштирувда Давлат 3 млрд сомдан ортиқ зарар кўргани айтилади. Ташиевнинг ўғли Тай-Мурас Ташиев бу айбловларни рад этди.
18 март куни Ички ишлар вазирлиги ушбу иш доирасида бир нечта шахсни қўлга олган. Президент маъмурияти вакиллари “Қирғизнефтегаз” 2021 йилдан бери Ташиев таъсирида бўлганини билдирган.
Айрим сиёсий кузатувчилар Ташиевнинг кутилмаганда қайтиши байрам кунларида вазият кескинлашиши мумкинлиги ҳақида хавотир уйғотганини айтишмоқда.
Икки кун аввал “Қирғизнефтегаз” компаниясига оид иш доирасида Ташиевнинг ўғли сўроққа олинаётгани ҳақида хабар тарқалган, аммо Ички ишлар вазирлиги бу маълумотни рад этган эди. Сиёсат таҳлилчиси Эмил Жўраев Ташиевнинг қайтиши айнан шу ҳолат билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирди:
“Бугунги хабар кутилмаган бўлиб, айниқса байрам кунларида одамлар кўчаларга сайлга чиққанда вазият кескинлашмасми, деган хавотирларни пайдо қилди. Аммо Ташиевнинг қайтиши, эҳтимол, унинг оиласидагиларнинг “сўроққа олинди-олинмади” деган хабарлар билан боғлиқ. Унинг келиши Ички ишлар вазирлиги учун сюрприз эмас, олдиндан келишилган бўлиши мумкин. Ҳозирча фақат шубҳалар бор, аниқ далиллар эълон қилинмаган. Фейсбукда салбий фикр ёзганлар ҳам қамалиб турган бир пайтда, агар Ташиев қамалмаса, жамиятда ҳайрат уйғотади. Агар қамалса, катта сиёсий портлашга айланиши мумкин. Унинг тақдири хавфсизлик органлари баҳосига ва терговдаги далилларга боғлиқ бўлади”.
9 февралда 75 нафар собиқ давлат хизматчиси муддатидан олдин президент сайлови ўтказишни таклиф қилган мурожаат эълон қилингач, сиёсий вазият таранглашган. Мурожаатчилар Ташиев тарафдорлари сифатида тилга олинган, аммо баъзилари кейинчалик мурожаат мазмуни билан танишмасдан имзо чекканини айтган. Бу иш бўйича беш киши қамалган.
Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев (архив).
Қамчибек Ташиев узоқ йиллар давомида президент Садир Жапаровнинг яқин сиёсий ҳамкори бўлиб келган. У 2020 йилги ҳокимият алмашинувида Жапаровни қўллаб-қувватлаган ва Миллий хавфсизлик қўмитасини беш йилдан ортиқ бошқарган.
Унинг раҳбарлиги даврида сиёсий танқидчилар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига нисбатан таъқиб ҳолатлари кўпайгани ҳақида ҳуқуқ фаоллари айтиб келмоқда.
Президент Жапаров Ташиевни ишдан олиш қарорини “давлат ва халқ тинчлиги учун” қабул қилинганини айтган. Кейинчалик у “Кабар” агентлигига берган интервьюсида:
“Бир дўстим кетса, орқамда 7 миллиондан ортиқ дўстим бор”, - деган. Маҳаллий ахборот воситалари президент бу билан Қирғизистон аҳолисини назарда тутганини ёзган. Қамчибек Ташиев сўнгги воқеалар юзасидан ҳалигача оммавий баёнот бермаган.
Ташиев билан боғлиқ вазият Ўзбекистонда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлиб, турли нашрлар ушбу мавзуни атрофлича ёритишди. Кузатувларга кўра, аввал қирғиз амалдорларининг истеъфоси ўзбек жамоатчилиги ва ахборот воситаларида бундай даражада қизиқиш уйғотмаган.