Ўзбекистонда 1 апрелдан кучга кирган янги тартиб ортидан заправкаларда нақд пул бекор қилинди, уй ва машина савдоси банк орқали ўта бошлади, миллионлаб одамлар карта ва электрон тўловларга мослашишга мажбур бўлмоқда. Расмийлар буни яширин иқтисодиётга қарши муҳим қадам сифатида баҳолаяпти. Аммо ислоҳот билан бирга жойларда норозилик ҳам кучайди.
Заправкаларда навбат ва комиссия муаммоси
Андижонлик тадбиркор Ҳаётилло Байбаев пластик картадан комиссия олинишига қарши тармоқларда норозилик акцияси ўтказди. 2026 йил, апрел
Андижонлик тадбиркор Ҳаётилло Байбаев 1 апрелдан кучга кирган нақдсиз тўлов тартиби ортидан келиб чиққан муаммолар ҳақида ижтимоий тармоқларда бир неча бор норозилик билдирган. Унинг айтишича, қарор қабул қилинган бўлса-да, аҳолининг кундалик ҳаёти ва имкониятлари етарлича ҳисобга олинмаган.
"Энди халққа қийин бўляпти, холос, бошқа нарса бўлмаяпти. Асосийси - заправкалар, бензин қуясизми, газ қуясизми, ана шулар бўйича фақат пластик орқали бўляпти. Сотувчига нақд пул бераман десангиз, олмайман деяпти, фақат пластик. Спиртли ичимликлар ҳам фақат пластик орқали сотиляпти экан ва сигаретлар ҳам пластик бўйича сотиляпти. Бунинг одамларга ноқулайлиги — жуда кўпчилик давлат ишида ишламайди. Кўпинча бозорларда савдо қилади ё бошқа нарса қилади, уларда фақат нақд пул бўлгани учун, Paynet аппаратлар орқали, мисол, 100 минг сўм пул туширсангиз, 3 фоиз олиб қоляпти, 97 минг сўм тушириляпти. Одамлар сарсон бўляпти", дейди тадбиркор Ҳаётилло Байбаев Озодлик билан суҳбатда.
Янги тартиб айниқса ҳайдовчиларни жиддий сарсон қилмоқда. Картани тўлдиришда ундирилаётган 3 фоизлик комиссия, банкоматлар олдидаги навбатлар ва интернетдаги узилишлар автозаправкаларда узун тирбандликларни келтириб чиқарган.
Айрим ҳайдовчилар аввал бир неча дақиқада ҳал бўладиган жараён энди анча чўзилаётганини айтмоқда. Чекка ҳудудларда интернет сифати пастлиги эса рақамли тўловларга қўшимча тўсиқ бўлмоқда. Шу боис ижтимоий тармоқларда ислоҳотнинг мазмунидан кўра, унинг одамларга туғдираётган ноқулайликлари кўпроқ муҳокама қилинмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ҳайдовчилар янги тартибнинг жорий этилишига тайёргарлик етарли бўлмаганини айтмоқда. Уларнинг фикрича, комиссиялар бекор қилиниб, тўлов тизимлари барқарор ишлаганида ва одамларга олдиндан тушунтириш берилганида, бундай норозилик ва сарсонгарчилик кузатилмас эди.
Мухолифат етакчиси, иқтисодчи, профессор Хидирназар Оллоқулов
"Аҳоли свет, газ, метан бер дея-дея, навбатда тура-тура қишдан чиқиб олган эди, энди янги муаммолар гирдобига тушиб қолди. Жумладан, нақд пул муомаласи чекланди. Энди ёқилғи қуйиш шахобчаларида, уй-жой, машина олди-сотдисида нақд пул билан эмас, балки пластик карталар орқали тўловлар амалга ошириладиган бўлди. Нақд пул чекланди!", дейди мухолифат етакчиси, профессор Хидирназар Оллоқулов.
Бир қарашда янги тартибдан энг кўп таъсирланган ҳайдовчилар бўлди. Бироқ 1 апрелдан кучга кирган чекловлар фақат автозаправкалар билан чекланмайди. Ҳукумат қарорига кўра, нақд пулдан воз кечиш иқтисодиётнинг бир қатор соҳаларини қамраб олди.
Ўзбекистонликлар нақд пулда савдо қилишга ўрганган.
1 апрелдан бошлаб қуйидаги соҳаларда нақд пул чекланди:
- автозаправкаларда бензин, газ ва дизел хариди;
- давлат хизматлари;
- коммунал тўловлар;
- алкогол ва тамаки маҳсулотлари;
- 25 млн сўмдан юқори товар ва хизматлар;
- кўчмас мулк олди-сотдиси;
- 10 йилдан ошмаган айрим транспорт воситалари савдоси.
- Бундан ташқари, барча савдо нуқталари учун ягона QR-код тизими жорий этилган.
"ПФ-246-қарор бўйича пластик карталарга кўпинча газ заправкалари, бензин ва бошқа, мисол, спиртли ичимликлар, сигаретлар асосан пластикка сотиляпти. Лекин бозорларда бу унчалик билинмаяпти. Заправкаларда QR-код қилиб қўйган, у QR-кодлар кўп заправкаларда ишламаяпти. Кейин ёши катта одамлар пластик картани тушунмайди, иложсизликдан Paynet иловаси орқали 3 фоиз зарарига бўлса ҳам тушириляпти", дейди тадбиркор Ҳаётилло Байбаев.
Расмийлар изоҳи
Айни пайтда Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Нодир Сайдуллаев янги тартиб аҳолига қийинчилик эмас, аксинча қулайлик яратишни кўзлаганини таъкидлайди:
Ўзбекистонда банкоматларнинг ишламаслик ҳолатлари тез-тез кузатилади.
“Бу фуқароларимиз учун янги талаб, мажбурийлик ёки чеклов эмас. Балки қулай хизмат етиб бориши, яъни тўлов қилиш осон бўлиши, тасдиқ олиши тез бўлиши, банк ва тўлов инфратузилмаси учун узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсад ҳисобланади”.
Кузатувчилар фикрича, янги тартибнинг асосий муаммоси қарорнинг ўзида эмас, унинг қандай жорий этилганида бўлди.
Қарор кучга киришидан олдин аҳолига етарлича маълумот берилмагани, комиссиялар, қулай ва бепул тўлов усуллари, тайёр инфратузилма ҳақида очиқ тушунтириш ишлари олиб борилмагани айтилмоқда.
Натижада ижобий мақсадга эга ислоҳот кўпчиликка “мажбурий оворагарчилик”дек кўринди.
Комиссиялар баҳси: ислоҳотдан ким ютаяпти?
Ижтимоий тармоқлардаги танқидлар орасида энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири — айрим тўлов операторлари янги тартибдан фойдаланиб, аҳоли учун қўшимча комиссия ва харажатларни юклагани бўлди.
“Айрим тўлов тизимлари эса вазиятдан фойдаланди, чангалзорда ўз маҳсулотларини банк маҳсулотларидан етарлича хабари йўқ ҳайдовчиларга ваҳшийларча тиқа бошлади, картани тўлдириш учун отнинг калласидек комиссиялар жорий этгани аниқ бўлди. Регулятор эса заиф истеъмолчиларни яна ўз ҳолига ташлаб қўйди. Ҳеч қурса тижорат банклари комиссияларига нисбатан татбиқ этилган чекловларни тўлов операторларига ҳам қўллаш ҳақида ўйлашмади. Оқибатда эса барчаси ҳўлу қуруқ баробар ёнди, олчоқ тўлов операторларини деб тижорат банкларининг имижи ҳам зиён кўрди. Бундай сукунат эса давлат ва жамият ҳаёти учун ўта жиддий ҳисобланган ислоҳот 2–3 “қоракўз”нинг чўнтаги учун қилингандек таассурот уйғотди”, дея ёзди Davletovuz Телеграм канали.
Ўзбек сўми - дунёдаги энг арзон миллий валюталардан бири ҳисобланади.
Кузатувчилар фикрича, бу ҳолат ислоҳотнинг мақсадидан кўра, ундан ким фойда кўраётгани ҳақидаги саволларни кучайтирди.
Бу баҳс ортидан айрим жамоатчилик фаоллари ва мухолифат вакиллари ҳам комиссиялар масаласига эътибор қаратди. Уларнинг фикрича, нақдсиз тизимга ўтиш аҳоли учун қўшимча молиявий юкка айланмаслиги, акс ҳолда ислоҳотга нисбатан ишонч сусайиши мумкин.
"Пластик картанинг ўзини олиш - пул, пластик картага пул солиш - пул, пластик картадан пул ечиш - пул, фоизда. Пластик картадан бошқа тўловлар учун пул ўтказиш- пул, 2–3 фоиз ечади ўзи. Солиқни тўлаб, ҳар катта-катта жарималарни тўлагандан кейин ишлаб топган маошдан ёки пенсиядан қанча қоляпти? Ўшалардан ҳам шундай ечиб олинаверса. Бу масалаларнинг ҳаммаси аҳолига қулайлик, енгиллик эмас, муаммо, ноқулайликларни ҳосил қиляпти. Ахир ҳукуматнинг, унинг вазирликларининг, банкларнинг барча ҳаракати аҳолига қулайлик яратишга қаратилиши керак-ку?", дейди мухолифат етакчиси, профессор Хидирназар Оллоқулов.
Марказий банк раҳбарияти эса бу масалага бошқача ёндашув билдирди. Расмийларга кўра, картани тўлдириш комиссиялари — бозор ва рақобат масаласи. Қайси банк қулай шарт таклиф қилса, мижоз ўша хизматни танлайди.
Бироқ иқтисодчи Отабек Бакиров ислоҳотлар харажатини истеъмолчи тўламаслиги кераклигини айтиб, нақдсиз тизимга ўтишда картани тўлдириш комиссияси бекор қилиниши зарурлигини таъкидлайди:
“Ислоҳотлар учун товон истеъмолчи бўйнига юкланса ва боз устига кимлар учундир навбатдаги пул ишлаш воситасига айланиб қолса, эзгу мақсадлар бир четда қолиб кетаверса, ўзгаришларга қўллов ҳам, ишонч ҳам бўлмайди, қайтанга турли фитна назариялари урчийди. Нақдсиз тўловларга ўтилишидан солиқ тизими ютади, бу шубҳасиз ва шундай бўлиши керак. Айни пайтда монополист тўлов тизимлари ва нақд пул қабул қилувчи инфратузилмани яккахон эгаллаган тўлов ташкилотлари ҳам ютди ва ютмоқда (чорак ўтиб триллионлаб дивиденд олишни бошлашади). Лекин улар олчоқлик қилиб муҳим босқичда истеъмолчи томон бир қадам ҳам юрмади. Буни эслаб қолиш ва унутмаслик лозим.”
Ҳукумат кутган натижа: яширин иқтисодиёт қисқарадими?
Расмий Тошкент янги тартибни яширин иқтисодиёт улушини камайтириш, нақд айланмани камайтириш, солиқ базасини кенгайтириш ва иқтисодий жараёнларни шаффофлаштириш йўлидаги муҳим қадам сифатида тақдим қилди. Ҳукумат ҳисобича, янги механизм тўлиқ ишласа, йирик бозорлар расмий майдонга чиқади, тушумлар ошади, ҳисоб-китоб интизоми кучаяди ва мамлакат босқичма-босқич рақамли иқтисодиётга яқинлашади. Бу эса тезкор эмас, узоқ муддатли давлат сиёсати сифатида баҳоланмоқда.
Иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев.
"Энди янги тартибнинг Ўзбекистон иқтисодиётига фойдаси катта дейиш қийин-у, лекин яширин иқтисодиётни камайтиради, уни бу тартиб тўла йўқ қилади, дея олмаймиз, лекин камайтиради. Кўп жойларда яширин иқтисодиёт мавжуд, масалан, алкогол, сигаретлар сотувида. Шуни энди очиқдан-очиқ расмийлаштиришга мажбур бўлишади", дейди иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев.
1 апрелдан кейинги дастлабки рақамлар давлат кутган натижанинг маълум қисми ишлаётганини кўрсатди. Марказий банк маълумотига кўра, автозаправкаларда нақдсиз тушум кескин ошган, эскроу ҳисобварақлари орқали эса минглаб уй ва автомобиль битимлари расмийлаштирилган. Бу янги тартиб иқтисодий айланмани банк тизимига торта бошлаганини англатади.
Рақамлар ортидаги ҳаёт: аҳоли учун қўшимча ташвишлар
Бироқ рақамлар ортида оддий одамнинг кундалик ҳаёти турибди. Банкомат қидираётган ҳайдовчи, комиссия тўлаб карта тўлдираётган ишчи, интернет йўқ жойда сарсон бўлаётган қишлоқ аҳолиси учун ислоҳот ҳозирча қулайлик эмас, қўшимча ташвиш сифатида сезилмоқда.
Миллий валютада «Ўзбек сўми республика ҳудудида ҳамма тўловлар учун ўз қиймати бўйича қабул қилиниши шарт» деб ёзиб қўйилган.
"Ваҳоланки, ўзбек сўми — миллий валютамизда «Ўзбек сўми республика ҳудудида ҳамма тўловлар учун ўз қиймати бўйича қабул қилиниши шарт» деб ёзиб қўйилган. Лекин муомалада мана чекланди. Қани бу ерда қонун? Нега Конституциямизга мувофиқ келадими-келмайдими, қонунлар, фармонлар, қарорлар қабул қилинаверади? Биринчидан, мана шу «ўз қиймати бўйича қабул қилиниши шарт» деб ёзиб қўйилган бўлса-ю, лекин чекланди. Унда миллий валютамиз пулини муомаладан йиғиштириб олиш керак. Йиғиштириб олиб, агар янгидан муомалага киритиладиган бўлса, мана шу «ўз қиймати бўйича қабул қилиниши шарт» деган ёзувлар олиб ташланиши керак", дейди мухолифат етакчиси, профессор Хидирназар Оллоқулов.
Ижтимоий тармоқлар реакцияси: ҳажвлар кўпаймоқда
Янги тартиб кўплаб муаммо ва норозиликларга сабаб бўларкан, ижтимоий тармоқларда турли ҳажвий чиқишлар ва танқидий постлар ҳам кўпаймоқда. Ўзбекистонда таниқли блогер Евгений ўзининг навбатдаги ҳажвий видеосида давлат амалдорларига пора ҳам нақдсиз кўринишда берилиши кераклигини киноя билан тилга олди.
Тизим одамларга мослашадими?
Марказий Осиёда яширин иқтисодиётга қарши курашнинг ўхшаш йўлидан Қирғизистон ҳам ўтган. 2022 йилда у ерда патент тизими бекор қилиниб, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида касса аппаратидан фойдаланиш мажбурий қилингани юзлаб савдогарларнинг норозилик акцияларига сабаб бўлган. Орадан бир йил ўтиб, Бишкек ҳукумати зарурат туғилса патент тизимига қайтиш мумкинлигини, бозорда ишлаётган минглаб одамларнинг тирикчилигига зарар етказиш нияти йўқлигини билдирган. Бу рақамлаштириш ислоҳотлари ҳатто қўшни мамлакатларда ҳам осон кечмаганини кўрсатади.
Мавзуга алоқадор
Нақдсиз савдога ўтиш: ислоҳотми ёки иқтисодий синов?Айни пайтда, дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳатто нақдсиз иқтисодиётга энг яқинлашган давлатларда ҳам нақд пул тўлиқ бекор қилинмаган. Швецияда кўплаб муассасалар нақд қабул қилмайди, Хитой ва Жанубий Кореяда QR тўловлар кундалик ҳаётга айланган, Европа давлатларида эса катта битимлар банк орқали ўтказилади. Бироқ деярли ҳеч қаерда нақд пул муомаласи бутунлай тугатилмаган.
Ўзбекистон ҳукумати эса муаммолар ва норозиликларга қарамай ислоҳот самарали бўлаётганини таъкидламоқда.
Марказий банк маълумотига кўра, биринчи ҳафтада эскроу ҳисобварақлари орқали 6 мингдан зиёд битим расмийлаштирилган. Расмийлар буни катта бозорларни шаффофлаштиришдаги илк натижа сифатида баҳоламоқда.
Расмийларга кўра, 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ва автомобиль олди-сотдисининг нақдсиз шаклга ўтказилиши натижасида йилига 60–100 триллион сўм маблағ банк тизимига кириб келиши мумкин. Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров фикрича, бу банк бозорида рақобатни кучайтириб, кредит ставкаларининг пасайишига ҳам туртки бериши мумкин.
Таҳлилчилар наздида икки ҳафталик тажриба бир ҳақиқатни кўрсатди: муаммо нақдсиз тўлов ғоясида эмас, унинг қандай жорий этилганида.
Энди савол — давлат тизимни одамларга мослаштирадими ёки одамлар тизимга мослашишга мажбур бўладими?
Сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз? Фикрингизни изоҳларда қолдиринг.