2026 йил 15 апрель куни Россия Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко Тошкентга олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан келди. Кремл вакили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказди.
Расмий пресс-релизларда "стратегик шериклик" ва "маданий алмашинув"га урғу берилган бўлса-да, ташрифнинг бош сабаби — Ўзбекистондаги илк атом электр станциясининг "амалий ижроси"ни мустаҳкамлаш экани таъкидланди.
Шу йилнинг март ойи охирида Жиззахдаги майдончада Кичик модулли реактор (КМР/SMR) учун илк бетон қуйиш ишлари бошланди. Тармоқларда Форишдаги қурилиш майдончасида бўлажак атом станциясининг пойдевори қуйилаётгани кадрлари ҳам пайдо бўлди:
Росатом давлат корпорацияси расмий ҳисоб китобларига кўра, АЭС лойиҳасининг тахминий қиймати 11 миллиард доллардан ошади.
Кузатувчилар Кириенко бошлиқ мутахассислар Форишдаги АЭС лойиҳасининг кичик ҳажмли КМРлардан анча йирик ва баҳсли бўлган ВВЭР-1200 блокларига ўтиш босқичи режа асосида кетаётганини текшириш эканини тахмин қилмоқда. Яқинда Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланган қўшимча келишувга кўра, лойиҳага иккита йирик қувватли блок ва иккита кичикроқ "РИТМ-200Н" қурилмаси қўшилди.
“Фергана” сайти муҳаррири, таниқли журналист Даниил Кислов эса Кириенко Тошкентнинг ушбу қиммат ва узоқ муддатли кенгайтириш режасига содиқ қолишини таъминлаш учун келг ан, деган фикрда.
- Атом Россия учун босим ўтказиш бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда таъсир қилиш воситасидир. Биз биламизки, Россия Беларусда АЭС қурган, Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам қуриш бўйича музокаралар кетмоқда. Постсовет ҳудудида АЭС қуриш имкониятига эга ягона гигант — бу Россия. Ўзбекистон улкан уран захираларига эга бўлса-да, уни бойитиш ва ядро ёқилғисига айлантиришни билмайди. Катта эҳтимол билан Ўзбекистон уранни Россияга юборади, у ерда қайта ишланиб, маълум шартлар асосида, жумладан, қайта сотиш учун Ўзбекистонга қайтарилади. Россия мана шу жиҳатдан Ўзбекистонга босим ўтказиш учун фойдаланиши мумкин, албатта. Лекин ҳозирча ҳаммаси ижобий кўринишда, дейди Даниил Кислов.
Ядро энергетикасидан ташқари, рус делегацияси нозик соҳаларда интеграцияни чуқурлаштириш масаласини илгари сурди. Томонлар Оммавий ахборот воситалари, ёшлар сиёсати ва рақамли технологиялар соҳасида "ҳамкорликни жадаллаштириш" бўйича келишувларга эришилгани айтилди. Таҳлилчилар буни Ўзбекистоннинг ички ахборот майдонини Москва стандартларига яқинлаштириш ҳаракати сифатида баҳоламоқда.
Молиялаштириш ва назорат
Озодлик олдинроқ соҳа мутахассисларининг Росатомнинг баҳсли АЭС блокларини Ўзбекистон ҳудудига жойлашуви ҳар томонлама ўрганилиши шартлиги борасидаги фикрларини эфирга узатган эди.
Шунингдек, ҳукумат бу лойиҳасининг қурилишига Enter engineering ширкатини жалб қилгани ҳам кўплаб саволларни туғдирмоқда.
Ўзбекистон энергетика мустақиллиги йўлидаги улкан “ютуқ” сифатида таърифланаётган атом электр станцияси қурилишига сарфланиши режалаштирилаётган рақамлар жамоатчиликда жиддий саволларни келтириб чиқаряпти.
Ўзбекистон илгари атомоходларда ишлатилган кичик ва йирик АЭС блокларини бир вақтнинг ўзида бир майдончада жойлаштирадиган дунёдаги биринчи давлат бўлади.
АЭС қурилиши қанчага тушади?
Энг муҳими, Жиззахнинг Фориш туманида пойдевор қуйиш ишлари бошланганига қарамай лойиҳа ўзбек бюджетига қанчага тушиши ҳанузгача очиқланмаган.
Охирги пайтларда Москва ва Тошкент ўртасида бу масаладаги тортишувларнинг ўзагини айнан лойиҳанинг қиймати ташкил этаётгани маълум бўлиб қолди. Жорий йилнинг март ойида “Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаев кам қувватли АЭСнинг Ўзбекистонда қурилиши 2 миллиард доллардан ошмаслигини ишонч билан таъкидлаган эди.
Alter Ego каналига берган интервьюсида у 6 млрд долларга Ўзбекистонда “катта АЭС қуриш мумкин” дея ишонч билан гапиради.
Мулозим АЭС қурилиши ва унинг нархига оид рақамлар борасида президент Шавкат Мирзиёевга доимий ҳисобот берилиб келинаётгани ва унинг қиймати руслар таклиф қилганидан 300 млн долларга арзонлаштирилганини ҳам таъкидлади.
Бироқ, “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёвнинг яқинда берган баёноти муҳокамаларнинг янада кўпайишига сабаб бўлди. Унингча, кичик АЭСлар қурилиши рус бюджетига жуда катта даромад келтиради ва минглаб россияликларни иш ўринлари билан таъминлайди.
"Фақат кичик блок қурилишининг ўзи 2 трлн рублгача буюртмалар ҳажмини беради, бандлик нуқтаи назаридан эса – иш ўринлари яратиш, бу Россия Федерациясида бевосита мингга яқин иш ўрнини яратишдир. Макроиқтисодий самаралар нуқтаи назаридан бу Россияга инвестицияларнинг қурилиш босқичида сарфланган ҳар бир рублга бир ярим рублгача ва атом электр станциясини эксплуатация қилиш босқичида икки рублгача қайтишидир," деган Алексей Лихачёв.
2 триллион рубл - бу тахминан 24 миллиард 700 млн доллар деганидир.
Бу масала ўзбек жамоатчилигида ўринли саволларни юзага келтирди.
Бундан сал олдинроқ эса - 2025 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари Абдужамил Қалмуратов Жиззах вилоятида кичик атом станцияси қурилиши давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилишини маълум қилганди. Унинг айтишича, лойиҳанинг қиймати 1 млрд доллардан ошмайди ва якуний сумма контрактда белгиланади.
Илгари "Росатом"га раҳбарлик қилган Кириенко — атом объектини бошқарадиган молиявий ва маъмурий тизим бўйича асосий музокарачи ҳисобланади. Ушбу ташриф Россияга қарши халқаро санкциялар ва минтақавий сув муаммоларига қарамай, Кремль Жиззах АЭСни Марказий Осиёдаги ўзининг энг муҳим саноат экспорти сифатида кўраётганидан далолат беради.
Кузатувчилар буни шунчаки рамзий ташриф эмас, балки лойиҳа Ўзбекистон учун "орқага йўл қолмайдиган" даражада тезлашишини таъминловчи "назорат нуқтаси" бўлаётганини айтмоқда.
Кремлнинг ишонган вакили
Касби инженер бўлган Сергей Кириенко охирги йилларда айрим муаммоли минтақаларда вазиятни Кремл фойдасига ҳал этиш бўйича Владимир Путиннинг ишончли вакилига айланди.
“Киндер-сюрприз” лақабли сиёсатчи Сергей Кириенко ўзи ким? У Владимир Путин администрациясида нималарга жавобгар?
- Кириенко Россия президенти администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлишига қарамай, кўп йиллардан бери сирли шахс бўлиб қолмоқда. У ҳақда маълумот кам, миш-мишлар эса бисёр. У сиёсат майдонида 1998 йили Ельцин даврида пайдо бўлган. Ўшанда Ельцин кутилмаганда анча ёш бўлган 35 ёшли Кириенкони бош вазир лавозимига сурди. Орадан бир неча ой ўтиб дефолт юз берди ва Россия молия тизими бутунлай инқирозга учради. Айнан шу фалокатдан сўнг Кириенкони «киндер-сюрприз» деб атай бошлашди. Бироқ бу инсоннинг сиёсий карьераси шу билан тугамади.
Бир неча йилдан сўнг у сиёсатга муваффақиятли қайтди. Ўша пайтларда у «Ўнг кучлар иттифоқи» (СПС) партиясининг фаол аъзоси эди. Хакамада, Немцов ва Кириенко Россиянинг келажаги деб қараладиган прогрессив сиёсатчилардек туюларди. Кейин Немцов ўлдирилди, 2016 йилда эса Кириенко Путин администрацияси раҳбари ўринбосари этиб тайинланди. Россиянинг 2024 йилдаги Украинага бостириб киришидан сўнг у Россия ички ва ёшлар сиёсати, ватанпарварлик тарбияси, ИТ ва медиа соҳаларининг расмий кураторига айланди. 2025 йилдан бошлаб эса у Россиянинг яқин хориж, жумладан, Марказий Осиё билан шерикчилик алоқаларини ҳам назорат қила бошлади. Жорий йилнинг март ойида у қўлида қурол ва ҳарбий кийимда босиб олинган Украинанинг Мирноград шаҳри кўчаларида юргани акс этган кадрлар тарқалди. Бу кадрлар унинг Украинанинг босиб олинган ҳудудларида нақадар муҳим рол ўйнашини тасдиқлади, дейди журналист Даниил Кислов.
Борис Елцин Сергей Кириенкони бош вазир этиб тайинлаган давр. 1998 йил, август.
Айрим таҳлилчилар Кремл маъмурияти Венгрияда Виктор Орбаннинг сайловларда ютқазиши ва Молдованинг МДҲ тузилмасидан чиқиб кетишини бу масалаларга жавобгар айнан Сергей Кириенконинг “юмшоқ сиёсати” мағлубияти сифатида кўраётганини қайд этмоқда. Ҳозирда “киндер-сюрприз” Арманистондаги сайловларга аралашув масаласи устида иш олиб бораётгани иддао қилинмоқда.
2020 йил октябр ойида ЕИ ва Буюк Британия мухолиф Алексей Навалнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳолда Кириенко ва бошқа россиялик мансабдорларга қарши санкциялар жорий қилди. 2021 йил март ойида Президент администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари АҚШ санкцияларига учради, 2022 йил март ойида эса — Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ ҳолда Япония санкцияларига учради.
2022 йил апрель ойининг охирида Кириенко ички сиёсат куратори вазифасидан ташқари ДХР ва ЛХР билан муносабатлар куратори этиб тайинлангани маълум бўлди. Бундан бироз олдин унинг Донбассга ташрифи ва автомат кўтарган ҳолда камералар олдида пайдо бўлган эди.
Кузатувчилар Сергей Кириенконинг Тошкентга кутилмаган ташрифи АЭС қурилишига розилик берган Қозоғистондаги ҳолат билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Халқаро санкциялар остида қолаётган Росатом билан ҳамкорлик қилишга қўрқаётган Қозоғистон Олма-Ота вилоятида “Балхаш” АЭСи қурилишига хориж компаниялар, хусусан Хитойни жалб қилаётгани Кремлни хавотирга солмоқда.
Мишустин ва Арипов учрашувидан фарқли ўлароқ, Кириенконинг бу ташрифи режалаштирилмаган эди, дея давом этади "Фарғона" нашри директори:
Даниил Кислов
- Кириенко АҚШда Ўзбекистон вакилларининг олий мартабали шахслар билан самарали учрашувлари ўтказилиб, инвестиция кенгаши иш бошлаганидан 10 кун ўтиб кутилмаганда келди. Менимча, Кремлда бундай фаолликдан хавотирга тушишди ва вазиятни ўрганиш учун Кириенкони юборишди. «Ўзбекистон Россиядан бутунлай юз ўгириб, АҚШ оғушига отилмаяптими?» ва «Сиз ким билансиз?» деган саволларни бериш эди.
Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари АЭС қуриш бўйича бошқа мамлакатларга ҳам мурожаат қилишлари мумкин эди. Бироқ Россия атом энергетикаси соҳасида кучли ва минтақа учун анча фойдали лойиҳалар, технологик база ва кадрлар тайёрлашни таклиф қилмоқда. Бу минтақани келажакда ўзига боғлаб қўйиш демакдир. Россия ҳозир дунё учун «токсик» (заҳарли) бўлиб қолгани сабабли бошқа ҳеч қаерда ҳеч нарса қура олмайди. Зарур бўлса, у бундан манипуляция қилиш учун фойдалана олади. Мен Ўзбекистон ҳукуматининг ташқи сиёсатини очиқчасига мақтамоқчи эмасман, чунки камчилик ва муаммолар етарли, аммо Сергей Кириенкони қабул қилаётган Шавкат Мирзиёевнинг «қўйнида ўз кўзири» бор. Аслида Ўзбекистон аллақачон Россия оғушида эмас ва бу борада Мирзиёевни кўп векторли сиёсати учун мақтаб қўйган бўлардим.
Айни дамда, Ўзбекистон Жиззах вилоятидаги АЭС лойиҳаси учун "нейтрал" маслаҳатчилар сифатида Беларус мутахассисларини жалб қилиши мумкин. Бу ҳақда Минскга ташрифи чоғида гапирган вице-премьер Ачилбай Раматовга кўра, мамлакатда бу лойиҳанинг "ҳали кўплаб рақиблари" бор.
Ўзбекистонга "сюрприз"
Сергей Кириенконинг Ўзбекистон билан алоқалари тарихи узун, бироқ вақт ўтиши билан унинг роли сезиларли даражада ўзгарди.
Кириенконинг минтақа билан фаол алоқалари "Росатом" раҳбари (2005–2016) бўлган давридан бошланган. У минтақага ядро энергетикаси ғоясини "сотган" асосий рус мулозими эди. У Тошкентга кўп марта келиб, ВВЭР-1200 технологиясини Ўзбекистон энергетика тақчиллигининг ягона ечими сифатида тақдим этган.
Россия Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари сифатида унинг ташрифлари энди кўпроқ "назоратчи" ва сиёсий тус олди.
Шу тариқа Кириенко Кремлнинг йирик саноат лойиҳалари санкциялар ёки минтақавий баҳслар туфайли тўхтаб қолмаслигини таъминловчи "ишончли вакили"га айланди.
Озодликка маълум бўлишича, келажакдаги Ўзбекистон атом электр станцияси учун кадрлар барча даражаларда тайёрлаш ҳам йўлга қўйилган. Тошкентда очилган Россиянинг Миллий тадқиқот ядро университети МИФИ филиалида талабалар электр энергетикаси, иссиқлик техникаси ва иссиқлик физикаси, шунингдек, ядро физикаси ва технологиялари йўналишлари бўйича таълим олмоқдалар.
Кириенко аввалига ядро технологиялари бўйича "сотувчи" сифатида келган бўлса, энди у Ўзбекистоннинг энергетик ва рақамли инфратузилмаси Москвага боғлиқ бўлиб қолишини таъминловчи сиёсий ижрочи сифатида келмоқда.
Испанияда яшовчи журналист Даниил Кислов бу сиёсатни "Автомат кўтарган юмшоқ куч" деб атади:
- Назаримда, Марказий Осиё Россия учун ҳалигача унга нисбатан нисбатан содиқ бўлган ягона минтақа бўлиб қолмоқда. Кремлда шундай мантиқ пайдо бўлди: минтақа Европа, Хитой ёки АҚШ каби «душманлар» томонга оғиб кетмаслиги учун уни шериклик лойиҳалари, пуллар ва имтиёзлар билан озиқлантириб туриш керак. Россия бу минтақани ўз таъсир доирасида ушлаб қолиш учун бор имкониятини ишга солади. Арманистон ва Озарбайжондаги вазият, Молдованинг МДҲдан чиқиши бунинг исботидир. Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё Россияга кучли иқтисодий ва сиёсий қарамликда қолмоқда ва улар бу қарамликдан қачон халос бўлиши номаълум.
Аммо агар бу содир бўлса, Россия ўз автоматларини иттифоқчиларига қарши қаратиши мумкин. Худди 2014 йилда Украина билан содир бўлганидек. Қозоғистон ва Ўзбекистонга қилинаётган таҳдидлар бунга далилдир. Мана нима учун бу «юмшоқ куч» менга қўрқинчли туюлмоқда.