Ўзбекистонда пилла етиштириш мавсуми бошланди.
Ҳар йилгидек бу йил ҳам, бу иш пилла етиштиришга масъул бўлмаган фермерларга, маҳалла фуқаролар йиғинларига топширилмоқда.
Фермерлар эса далада иш энг қизиган пайт, пахта ва буғдой парвариши долзарб бўлиб турган бир вақтда ипак қурти боқишга мажбурланаётганидан шикоят қилмоқдалар.
Президент қарорида пиллани фақат касаначилик тартибида етиштириш белгиланган бўлса-да, лекин бу оғир ишнинг масъулияти бошқалар бўйнига юкланмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
cocoon
Бу видео Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туманидаги Айғиркўл МФЙда олинган. Видеода гапираётган одам маҳалла оқсоқоли эканлиги айтилади.
Ипак қуртини боқишга бошқа жой қолмаган шекилли, раис МФЙ биносидаги хоналарни бўшатиш, гиламларни йиғиб қуртга сўкичак қилиш керак деяпти.
Оқсоқолнинг сўзларига қараганда улар МФЙ биносида ипак қуртини биринчи йил боқишаётгани йўқ.
Бу йил туманда ипак қурти парваришлашга Яккабоғ тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Сайёра Мухаммадиева масъул қилиб қўйилгани айтилади.
Яккабоғликларнинг айтишича, Хотин-қизлар бўлими бошлиғининг бундан ҳам долзарб бўлган бошқа иши йўқ шекилли, туман ҳокимлигининг Телеграм каналларида унинг уйма-уй, ташкилотма-ташкилот юриб ипак қурти тарқатаётгани суратлари акс этган.
Хабарларда тумандаги Қайрағоч, Дарё, Хонақа, Уйғур, Наврўз каби ўнлаб маҳаллада пилла тарқатиш жараёнлари давом этаётгани айтилади.
Навбатдаги видео эса Яккабоғ тумани, Янгиобод МФЙда олинган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
cocoon
Озодлик бу ҳолатга муносабат олиш учун Яккабоғ тумани ҳокими Абдунаби Ғиёсов билан боғланди. Ҳоким МФЙ биноларида пилла қурти боқилаётганини инкор қилди. Ҳокимнинг айтишича, бу нотўғри маълумот.
Озодлик ҳоким билан суҳбатлашгандан сўнг, маҳалла фуқаролар йиғинларининг Телеграм каналларидаги сиз боя томоша қилган видеолар ўчириб ташланди.
Ўзбекистонда пиллачилик президент фармони билан хусусий секторга ўтказилганига анча бўлди. Аммо Озодлик суҳбатлашган МФЙ раислари ва фермерларнинг айтишича лекин улар ҳануз пилла етиштириш учун шартнома қилишга мажбурланмоқда.
Аслида, президент қарорларига кўра, пиллани қайта ишловчи корхоналар пилла етиштирадиган касаначиларни, ишсиз аҳолини топиб улар билан шартнома қилиб ипак қурти боқишни йўлга қўйиши, уларни барг, ва асбоб-анжомлар билан таъминлаши керак.
Наманган вилояти, Поп туманидан бўлган фермер Адҳамжон Мамажоновнинг айтишича, ўтган асрнинг 90- йилларигача пиллачилик аҳоли учун сердаромад соҳа бўлган. Пилланинг саксон фоизини аҳоли ихтиёрий парвариш қилган. Пилла боқувчиларга имтиёзлар таклиф қилинган.
Масалан уй қуриш учун ер участкаси ёки арзон нархда қорамоллар . Бу имтиёзлар пилла учун тўланадиган пулдан ташқари бўлган.
Мустақиллик йилларида эса бу соҳа инқирозга кетди ва кўплаб қарорлар ва кўплаб қарорлар чиқишига қарамай тобора чўкиб бормоқда, дейди фермер:
“Одамлар пилла тутишдан бош тортмоқда . Ҳатто оддий камбағал қатлам ҳам бош тортмоқда. Масалан икки қути пилла тутган оила нари борса беш миллионга етар етмас даромад қилади. Бунинг учун оиланинг беш-олти аъзоси бир ой туну-кун меҳнат қилиши керак. Агар ўша беш киши кунлик меҳнатга чиқса бир кунда камида беш юз минг сўм ишлаб келади. Бир ойда ўн беш миллион сўм. Ва иш вақти ҳам саккиз соат. Пилла тутса бир ойда киши бошига бир миллионга етар етмас даромад қилади. Мана нима учун аҳоли пилла боқишни истамайди!”
Фермер аҳолининг пилла тутмаслик сабабларини қуйидагича изоҳлади:
“Биринчиси пилла нархи ўта паст, туну кун қилинган меҳнатга арзимайди.
Иккинчи сабаб одамлар хонадонлари ўтмишга нисбатан анча замонавий услубда таъмирланган ва улар бир ойлик арзимас пул учун пилла боққан уйларини яна катта пул эвазига таъмирлашни хоҳламайди.
Учинчи сабаб тут дарахтлари кесилиб кетганлиги, озуқанинг етишмаслиги ва плантациялар аҳволи ўнглаб бўлмас даражада ночорлиги”.
Бу йил касаначилардан сотиб олинадиган бир килограмм тирик пилланинг нархи 41 минг сўм қилиб белгиланган.
Ўзбекистон президенти 6 мартдаги қарори билан 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ипак қурти боқувчиларга пиллачилик кластерлари томонидан ҳақиқатда пилла учун тўлаб берилган маблағнинг 35 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.
Субсидия билан қўшиб ҳисоблаганда 1 кг пилла нархи 55 минг 350 сўмни ташкил этади.
Аммо сўнгги йилларда томчилатиб суғориш, электр энергия ва қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларига ажратилган субсидиялар эгаларига тўлиқ етиб бормагани манзарасида бу қарор ҳам пиллакорларни унчалик қувонтирмади.
Ҳозир ҳам аҳолида ипак қурти парваришлашга хоҳиш йўқ ва шунинг учун ҳам маҳаллий ҳокимиятлар фермерларга юклатгани каби турли хил босимлар орқали пилла етиштиришга мажбур қилмоқда.
Поплик фермер Адҳамжон Мамажоновнинг айтишича, аҳволни ўнглаш учун аввало мавжуд тут дарахтлари ва плантациялар қайта ҳисобдан ўтказилиши, пилла қурти боқишга мавсумий бинолар қурилиши учун имкониятлар берилиши ва пилла нархи кўтарилиши керак.
Ўзбекистонда пиллачилик — расмий ҳужжатларда хусусий ва ихтиёрий соҳа сифатида кўрсатилади.
Аммо амалда у ҳануз режа, топшириқ ва босим орқали бажарилаётган тизимнинг бир қисми бўлиб қолмоқда.
Аҳоли бу ишни иқтисодий жиҳатдан манфаатли деб ҳисобламайди.
Шунинг учун пиллачилик табиий равишда ривожланмаяпти — балки мажбурий равишда “ушлаб турилмоқда”.
Шундай экан, асосий савол очиқ қолмоқда:
Ўзбекистонда пиллачилик бозор қонунлари билан ривожланадими — ёки ҳали ҳам маъмурий босим орқали сақлаб туриладими?