Humans ортидаги одамлар

HUMANS

Ўзбекистонда бу номни кўпчилик эшитган.

Кейинги бир ярим йилда бу ширкат шов-шув марказида қолди.

Карталардан пул йўқолиши, судлар, бир-бирини айблаётган компаниялар — гўё бу ҳақда айтилмаган гап қолмагандек.

Лекин гап бор.

Суриштирувимиз давомида биз ўнлаб ҳужжатларни қўлга киритдик. Humans ширкати тушунтиришлари ва ҳужжатларини ўрганиб чиқдик. Кўплаб манбалар билан суҳбатлашдик.

Беш ой давом этган суриштирувда бу бизнес империясида иштирок этган асосий фигуралардан бири — Ўзбекистоннинг биринчи оиласига яқин бўлган шахс экани аниқ бўлди.

Бир кечада изсиз йўқолган миллионлар

2025 йил декабрь ойи боши. Ўзбекистон бўйлаб Humans мижозлари эрталаб уйғониб, банк ҳисоблари бўшаб қолганини кўра бошлашди.

Ҳеч қандай огоҳлантириш йўқ.

СМС тасдиқ йўқ.

Изоҳ йўқ.

Жабрланувчилар карталаридан пул ечилгани ҳақидаги хабарлар.

Тошкентдаги бир кекса аёл йиллар давомида жамғарган пулларидан айрилганини кўрса, Фарғонадаги кичик бизнес эгаси ухлаб ётганида ҳисобидан 800 минг сўм йўқолганини билди. Хоразмда эса талаба контракт учун йиққан пулининг бир кечада ғойиб бўлганини аниқлади.

Уларни бирлаштирган нарса битта эди: Humans карталари ва Humans иловаси.

Жабрланувчилар, жумладан, қуйидагича шикоят қилишган:

“Мендан жами 23 миллион сўм ечган”.
“Жами 12 миллион 238 минг сўм менинг картамдан ечиб олишган”.
“600 минг-700 минг сўм, ҳар хил”.
“6 декабрда бўлган бўлса, бу муаммо, 7, 8- куни оммавий одамлар йиғилишни бошлади”.

Бир ҳафта ичида 20 мингдан ортиқ одам зарар кўрди. Деярли 600 минг АҚШ доллари — бирорта ҳам тасдиқ кодисиз ечиб олинган. Аммо пулини йўқотаётган минглаб одамлар бир нарсадан бехабар эди. Уларнинг пуллари сақланган компания бундан икки ой олдин суд қарори билан банкрот деб топилган эди.

2025 йил 14 октябрда Тошкент туманлараро иқтисодий суди Octobank аризаси асосида Humans’ни банкрот деб топган.

Бу қарор жамоатчиликка фақат 9 декабр куни маълум бўлди — яъни Humans мижозларининг пуллари йўқолгачгина ошкор қилинди.

Шу воқеалар фонида Озодлик қўлга киритган, Сингапурда имзоланган корпоратив ҳужжатлар компания бенефициарлари ҳақида оммага маълум бўлмаган яна бир исмни очиб беради. Бу исмни ошкор қилишдан аввал Humans қандай компания эканини тушуниш керак.

Сингапурдан келган сирли компания

Humans Ўзбекистон бозорига 2019 йилда деярли номаълум компания сифатида кирди. Ҳеч қандай бэкграундсиз, яп‑янги тузилма қисқа вақт ичида телеком, тўловлар, маркетплейс ва логистика каби стратегик соҳаларда тез суръатда кенгайиб, улкан бизнес тармоққа айланди.

"Humans очилгандан бери ишлатаман. Humans 2022 ёки 2021 йил очилган. Очилганида кўп одам мақтаган эди. Рақам сотиб олса бўлади, минутларни ўзим танлайман, мегабайтни ўзим танлайман. Қулай томонлари жуда кўп эди. Реклама жуда агрессив бўлган. Humans метро, телевизор, автобус, кўчаларда- ҳамма жойда эди” , дейди Телеграм каналларидан бирининг аминистратори. (Озодликка очиқ интервью берган бу йигит Humans ҳақидаги суриштирув эфирга узатилгач, ўзига бўлган босимлар сабаб исм-фамилиясини ўчириб ташлашни илтимос қилган. таҳр.)

Humans давлат тендерларига тенг бўлган бир қатор имтиёзларни қўлга киритди: Ўзбектелеком инфратузилмасига кириш, давлат хизматлари тўловларига уланиш ва Upay каби стратегик активларни сотиб олиш.

"Бу ҳуқуқлар одатда ҳар қандай компанияга берилмайди", дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов:

Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.

“Гарчи асосий компания фақат 2019 йилда рўйхатдан ўтган бўлса ҳам, бу соҳада ҳеч қандай тажриба, асос, профессионаллик белгилари ёки обрў-эътиборга эга бўлмаган. Бирдан уларни жуда масъулиятли молиявий соҳага, яъни тўлов тизимига киритишади. Бу эса бу иш энг юқори даражадаги қандайдир ҳомийлик орқали амалга оширилганини кўрсатади. Савол шундаки, бунинг ортида ким турибди?” .

Humans’нинг пойдевори Сингапурда қўйилган. 2016 йилда у ерда HUMANS HOLDING PTE LTD номли холдинг рўйхатдан ўтган — кейинчалик бутун бизнес тармоқ айнан шу компания атрофида қурилади.

Расмий ҳужжатлардан аниқланган маълумотлар

Озодлик Сингапурнинг Корпоратив ва бухгалтерия назорати бўйича давлат агентлиги — ACRA ҳужжатларини қўлга киритди.

Ушбу расмий ҳужжатларга кўра, HUMANS HOLDING PTE LTD таъсисчилари 40 дан ортиқ бўлиб, уларнинг аксарияти россияликлар, тўрт нафари эса ўзбекистонлик.

Улар орасида энг йирик улуш эгаси — Шерзод Умаров - 44 минг акцияга эга. Бу исмни эслаб қолинг. Унга ҳали қайтамиз.

2019 йилда холдинг таркибида яна бир компания — HUMANS MOBILE LTD тузилади.

Иккала компания ҳам Сингапурдаги бир хил манзилда рўйхатдан ўтган.

Humans Mobile Ltd таъсисчилар сони 100 дан ошган ва улар орасидаги ўзбекистонликлар сони ҳам кескин кўпайган — жами 60 нафар.

Бу компанияда Шерзод Умаров 17 000 акция эгаси сифатида қайд этилган. Сингапурдаги Humans Mobile Ltd компанияси тузилганидан бир ой ҳам ўтмай, 2019 йил 6 августида Тошкентда “HUMANS” МЧЖ ташкил этилган.

Дастлаб компания таъсисчиси Сингапурдаги HUMANS MOBILE LTD компанияси бўлган.

Орадан икки йил ўтгач, Тошкентда “HUMANS COMPANIES” АЖ ташкил этилган ва “HUMANS” МЧЖнинг улушлари шу янги компанияга ўтказилган.

Аслида Сингапурдаги ўша ширкат “Humans Companies” АЖнинг ҳам 100 фоизли эгаси сифатида қайд этилган.

Кейинги йилларда тармоқ яна кенгаяди: “Humans Lab”, “Prime Fresh”, “Humans Trading”, “Humans Dealer” ва 2022 йилда сотиб олинган “Maroqand” АЖ.

“Ақллилар учун” - “супер-илова”

Humans иловаси 2020 йил июн ойида Ўзбекистонда ишга туширилганида, у ўзини “супер-илова” сифатида тақдим этди.

“Бу супер-илова смартфонингиздаги бошқа иловалар ишлашини ҳам назорат қилиш имконини беради. Бу илова ҳар қандай яширин тўловлардан ҳоли бўлиб, ҳалол ва шаффоф ишлайди”, деган эди ўша пайтда Humans Group асосчиси Владимир Добринин “супер-илова”ни реклама қиларкан.

Ҳаммаси битта жойда: SIM‑карта, VISA карта, тўлов тизими, бонус ва кэшбэклар — ҳаммаси телефонингизда. Улар буни “Ақиллилар учун” деб аташди.

Бу таклиф ишлади. Миллионлаб ўзбекистонликлар рўйхатдан ўтди.

Миллионлар ишлаган компания

Компания даромади миқёсини тасаввур қилиш учун рақамлар келтирсам: Humans ҳисоботига кўра, фақат Humans Pay тизимининг ўзи тахминан 60 миллион долларга баҳоланган ва 2024 йилнинг биринчи ярмида Humans Pay тушуми 5 миллион доллардан ошган.

"2024 йилнинг биринчи олти ойида Humans Pay'нинг доллар эквивалентидаги тушуми 5 миллион доллардан ошди. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 65 фоизга юқори. Шу даврда операциялар айланмаси ҳам ўтган йилга нисбатан 85 фоизга ўсган", дейилади “HUMANS” МЧЖ матбуот хизмати расмий баёнотида.

Шу тариқа, бир неча йил ичида Ўзбекистондаги барча Humans тузилмалари Сингапурдаги асосий компания атрофида бирлашиб, шартли равишда “Humans Group” деб аталадиган ягона тузилма сифатида шаклланди.

Добринин - ким?

Бу тизимни бошқарган одам — Владимир Добринин эди. У ҳозирда 52 ёшда.

Humans Group асосчиси Владимир Добринин

Добринин Россия фуқароси бўлиб, Австрияда туғилган.

Олдин у «ВымпелКом» ва Yota компанияларида ишлаган.

Бу икки компания Россиянинг йирик телекоммуникация ширкатларидир.

Ҳужжатларга кўра, у Humans Group’даги энг йирик улуш эгаларидан бири сифатида қайд этилган: тахминан 46 фоиз акция унга тегишли. Добринин бир вақтнинг ўзида Humans Group таркибидаги камида тўртта компанияда раҳбар лавозимини эгаллаган. Булар:

Humans Mobile PTE. LTD.
"HUMANS" MCHJ
"HUMANS COMPANIES" AJ
«HUMANS TRADING» MCHJ

Озодликда Добринин директор сифатида имзо қўйган ҳужжатлар бор.

Қоғозда у — бошқарувчи. Аммо қоғоз — ҳар доим ҳам ҳақиқий манзарани кўрсатмайди.

Махфий “Investor D”

Озодлик суриштируви Humans Group ортида жамоатчиликка номаълум бўлган яна бир шахс борлигини кўрсатади. Корпоратив ҳужжатларда у “Investor D” деб қайд этилган.

Озодлик Humans Group’га оид ўнга яқин корпоратив ҳужжатни қўлга киритди. Бу ҳужжатлар компанияда қарорлар қандай қабул қилингани ва фойда қандай тақсимлангани ҳақида расмий манбаларда очиқланмаган маълумотларни очиб беради.

Ҳужжатларнинг барчаси “ўта махфий” деб таснифланган ва оммага эълон қилинмаган.

Ушбу ҳужжатлар HUMANS MOBILE LTD компаниясининг фойда ва улушларига оид бўлиб, уларда асосан инвесторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этган. Ҳужжатларда компания номи HUMANS MOBILE PTE. LTD. деб келтирилган. Сингапурнинг ACRA давлат агентлиги ҳужжатларига қаралса, HUMANS MOBILE PTE. LTD. — HUMANS MOBILE LTD компаниясининг эски номи.

ACRA расмий ҳужжатларига кўра, HUMANS MOBILE LTD компаниясида ўзбекистонлик 60 таъсисчи борлигини юқорида айтдик.

Махфий корпоратив ҳужжатлар эса шундан далолат берадики, Сингапурнинг

расмий ҳужжатларида кўрсатилган таъсисчилар — оддий акциядорлар, улардан ташқари ACRAда умуман тилга олинмаган яна бир ўзбекистонлик шахс Investor D — HUMANS MOBILE LTD компаниясида алоҳида келишилган шартлар асосида иштирок этган.

Сингапурда имзоланган ушбу ҳужжатларга кўра, HUMANS MOBILE LTD компаниясининг олти инвестори бор ва улардан бири — “Investor D” — фойданинг 60 фоизига эгалик қилади.

Энг қизиғи шундаки, Investor D’нинг фойда улуши унинг расмий акцияларига мутаносиб эмас.

Ҳужжатларда унга 4,5 миллион акция тегишли экани, бу эса компания акцияларининг тахминан 15 фоизини ташкил этиши кўрсатилган.

Шунга қарамасдан, корпоратив келишувларда Investor D акциядор сифатида эмас, фойданинг асосий олувчиси сифатида белгиланган. Айрим ҳужжатларда унинг манфаатлари “алоҳида келишилган шартлар” сифатида қайд этилган.

“Investor D”нинг Humans Group тузилмасидаги роли аниқ тасвирланган.

“Инвестор Dга тўланадиган умумий сумма 8 500 000 АҚШ долларига (“Олинадиган миқдор чегараси”) етмагунча: Олиш учун мўлжалланган сумманинг 70% фақат Инвестор Dга тақсимланади, ва қолган 30% сумма Акционерлар ўртасида Pro Rata тамойили бўйича тақсимланади”, дейилади ҳужжатда.

У фойда тақсимотида устувор ҳуқуққа эга шахс сифатида белгиланган. У Humans Groupнинг шўъба компаниялари орқали олинадиган фойданинг катта қисмини олиш ҳуқуқига эга экани қайд қилинган.

"Инвестор Дга тўланиши лозим бўлган минимал сумма тўлиқ тақсимлаб бўлингандан кейинги ҳар қандай санада, олиниши лозим бўлган ҳар қандай маблағлар қуйидаги тартибда тақсимланади: олиниши лозим бўлган маблағларнинг 60 фоизи фақат Инвестор Дга тақсимланади, қолган 40 фоизи эса акциядорлар ўртасида Pro Rata тамойилига мувофиқ (яъни акциялар улушига мутаносиб равишда) тақсимланади", дейилади ҳужжатда.

Бу эса Investor D’ни оддий инвестор эмас, балки бизнеснинг асосий бенефициари сифатида кўрсатади.

HUMANS MOBILE LTD компаниясининг корпоратив ҳужжатларида тилга олинган инвесторлардан бири Озодлик қўлга киритган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади.

Ҳужжатларда Investor D’нинг қарорлар қабул қилиш жараёнида ҳам алоҳида ўрни борлиги кўрсатилади. Айрим ҳолатларда у билан келишилмасдан муҳим молиявий қарорлар қабул қилинмаслиги қайд этилган.

Энг қизиғи, дейлик, Humans банкрот бўлган тақдирда ҳам Investor D ҳеч нарса йўқотмайди. Бундай пайтда у 60 фоиз фойда ёки активларга эга бўлади.

"Шўъба жамият тугатилган, ёпилган ёки унинг фаолияти ихтиёрий ёки мажбурий тарзда тўхтатилган тақдирда, томонлар Инвестор Д шўъба жамиятнинг акциядорлар ўртасида тақсимлаш учун мавжуд активларидан — пул маблағлари, ўз капитали, ҳар қандай турдаги инвестициялар, кўчмас мулк, пул шаклидаги суммалар ёки ҳар қандай активлардан — 60 фоизига тенг миқдорни олиш ҳуқуқига эга эканига келишиб олган. Қолган акциядорлар эса шўъба жамиятнинг тақсимлаш учун мавжуд активларининг 40 фоизини пропорционал (Pro Rata ) тамойилига мувофиқ олиш ҳуқуқига эга", дейилади ҳужжатда.

Яна бир муҳим банд: ҳужжатларга кўра, дефолт ёки мажбурият бажарилмаслиги ҳолатида Investor D қўшимча акциялар олиш ҳуқуқига эга бўлган. Investor D учун бу компания капиталидаги қўшимча 15 фоиз улушни англатган.

Investor D - Ойбек Умаров

Хўш, Investor Dни ким деб ўйлайсиз? Бу шахсни сиз яхши танийсиз. У Озодлик суриштирувларида аввал ҳам кўп бор тилга олинган.

Ҳужжатни ўрганиш натижасида Investor D сифатида қайд этилган шахс — Ойбек Умаров экани аниқланди.

Ойбек Умаров ким?

Мисол, президент Мирзиёев кенжа куёви Отабек Умаровнинг Ойбек исмли укаси бор. Айни пайтда Ойбек Умаров исмли бошқа шахслар ҳам кўпку, дерсиз.

Биз топган ҳужжатга кўра, Ойбек Умаров 1986 йил 3 мартда туғилган бўлиб, Тошкент шаҳрида яшаши қайд этилган.

Ҳужжатдаги туғилган сана ва манзил Озодлик ихтиёридаги Отабек Умаровнинг укаси - Ойбек Муҳаммадалиевич Умаров паспорти нусхасидаги маълумотлар билан мос келади.

Хавфсизлик сабаблари ва манбани ҳимоя қилиш учун паспорт нусхаси қандай олингани ҳақида батафсил маълумот очиқланмайди. Бироқ суриштирувга қўшишдан олдин ҳужжат ҳақиқийлигини бир нечта мустақил манбалар орқали текшириб олдик.

Қўлимиздаги паспорт ва ҳужжатни солиштирганда улардаги имзо ҳам бир хил эканини кўриш мумкин.

Шунингдек, Озодлик мустақил равишда Ўзбекистон ҳукумати ва Марказий банкка яқин манбалар орқали ушбу шахс ҳақиқатдан ҳам президент Шавкат Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаровнинг укаси Ойбек Умаровнинг ўзи эканини тасдиқлади.

Шундай қилиб Investor D нинг Ойбек Муҳаммадалиевич Умаров экани борасида шубҳа қолмади.

Ойбек Умаров онаси Гўзал Умарова билан. Ойбек Умаровнинг ҳозирча очиқ манбалардаги ягона бу сурати Умарова туғилган кунига атаб тайëрланган видеороликдан олинди.

Юқорида Шерзод Умаров исмли шахс Humans’нинг Сингапурда рўйхатдан ўтган икки асосий компанияси таъсисчилари рўйхатида қайд этилганини айтдик.

Шерзод Умаров отаси¸ президентнинг кичик куëви Отабек Муҳаммадалиевичнинг амакиси Шуҳрат Умаров билан.

Шерзоднинг Ойбекка қандай алоқаси бор?

Очиқ манбаларга кўра, у асли Қўқон шаҳридан бўлиб, ҳозирда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида доимий рўйхатда туради.

Манбалар иддаосича, у Ойбек ва президент куёви Отабек Умаровнинг жияни бўлади.

У Озодликнинг “Мирзиёевлар Амирлиги?” суриштируви қаҳрамонларидан бири.

Ойбек Умаровга қайтсак, ўзини жамоатчиликка кўрсатмайдиган қўқонлик 40 яшар бу тадбиркор йигитни ижтимоий тармоқдан топиб бўлмайди.

На Facebook, на Instagram ва на Telegram да Ойбек Муҳаммадалиевич Умаров деган қўқонликдан асар ҳам йўқ. Бироқ унинг исми сизга Озодликнинг суриштирувларидан маълум. У ҳақда ўнга яқин суриштирувда гапирилган.

Жумладан, “Мирзиёевнинг қудаваччаси қандай қилиб миллиард долларлик бизнес эгасига айланди?” номли суриштирувда Ойбек Умаровнинг Ўзбекистонда ўнлаб бизнес лойиҳалари билан боғлиқ экани аниқланган эди.

Президент Мирзиëевнинг қайинжияни Ойбек Умаров исми "Пандора ҳужжатлари" (Pandora Papers) номи берилган глобал суриштирувда ҳам тилга олинган. Унда Ойбек Умаровнинг Ирландиядаги компаниялари ҳақида сўз борган.

Humans расмийларига саволлар

Озодлик беш ой давомида Humans расмийлари билан бир неча бор боғланди. Дастлаб мулоқот Телеграм орқали, кейин эса электрон почта ёзишмалари орқали давом этди. Суриштирув жараёнида пайдо бўлган саволлар компанияга расмий равишда юборилди.

Жумладан, 26 март куни Ойбек Умаровнинг HUMANS MOBILE LTD компанияси даромадининг 60 фоизига шериклиги масаласи юзасидан қўшимча изоҳ сўраб, Озодлик Humans компаниясининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси Наташа Иконниковага электрон почта орқали қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:

  • Investor D — Ойбек Умаровга компаниядаги тахминан 15 фоиз акциядорлик улушига нисбатан номутаносиб равишда 60 фоиз фойда ажратилиши қандай ҳуқуқий ва иқтисодий асосларга таянган?
  • Investor D розилигисиз муҳим молиявий қарорлар қабул қилинмаслиги Ойбек Умаровнинг компанияда де-факто назорат ваколатларига эга эканини англатадими-йўқми?
  • Investor D’нинг фойда тақсимоти ва қарор қабул қилишдаги мавқеи уни бизнеснинг асосий бенефициар эгаси сифатида кўришга асос берадими ёки йўқ?

Humans томонидан юборилган расмий жавобларда компания Investor D ҳақидаги ушбу саволларга тўғридан‑тўғри жавоб бермади. Уларнинг жавоби қуйидагича бўлди.

“Сизнинг ташкилотингиз Humans Group нинг гўёки инвесторлари ҳақида гапирган, аммо бирор корпоратив ҳужжатга таянилмаган. Расмий тарзда маълум қиламизки, сиз биздан ҳеч қандай корпоратив ҳужжат сўрамагансиз ва ўзингиз тилга олган ҳужжатларни ҳам биз билан ўртоқлашмагансиз. Шу боис, сизнинг саволингизга жавоб бериш имкониятига эга эмасмиз”, дейилади Humans компанияси мутахассиси Наташа Иконникова хатида.

Озодлик ўз тасарруфидаги ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини бир‑биридан мустақил бир нечта манбалар орқали тасдиқлатди. Жумладан, юқорида қайд этилганидек, HUMANS MOBILE LTD’нинг корпоратив ҳужжатларига имзо қўйган инвесторлардан бири ушбу ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган.

Бироқ Озодликка компания номи ўзгарганидан кейин корпоратив ҳужжатлардаги шартлар ҳам ўзгарган‑ўзгармагани аниқ эмас.

HUMANS MOBILE LTD номи HUMANS Ўзбекистон бозорига кирганидан тахминан бир йил ва уч ярим ой ўтгач - 2020 йилнинг 25 ноябр куни ўзгартирилган. Бу эса компаниянинг ички корпоратив келишувлари, акциядорлик таркиби ёки фойда тақсимотига оид шартлар қай даражада ўзгаргани масаласини очиқ қолдиради.

Ҳозирча бу борада расмий изоҳ ёки ҳуқуқий тасдиқ мавжуд эмас.

"Офис"га алоқадорлик иддаоси

Озодликнинг аввалги суриштирувларида Humans компанияси билан боғлиқ яна бир муҳим омил тилга олинган. Бир нечта мустақил манбалар ва гувоҳлар Humans’нинг Тошкентдаги “Офис” деб аталадиган яширин тузилма ҳимоясида бўлгани ҳақида иддао қилган.

“2019 йил ташкил қилинган ушбу фирма симсиз алоқа кўрсатиш хизматлари билан шуғулланиб келган. Озодлик қўлга киритган ҳужжатга кўра, «HUMANS» МЧЖ 2022-2023 йиллар давомида “Ўзбектелеком” ширкатидан жами 532 млрд сўм қарз бўлгани ҳолда қарзларни тўлашдан қочиб келган", дейилади “Офиснинг қулаши” суриштирувида.

Озодлик суриштирувида “Офис” деб аталган норасмий тузилманинг Отабек Умаровга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги иддаолар ҳам илгари сурилган.

Умаровнинг Америкадаги адвокатлари орқали Озод Европа/Озодлик радиосига қатъиян билдиришича, унинг “Офис” деб номланган структурага ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 25 ноябрь куни ўз куёви, ДХХ полковниги ва президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари бўлган Умаровни ишдан олган.

Ўша пайтда Humans раҳбарияти Озодликка ‘Офис’ билан боғлиқ иддаоларни рад этган ва компаниянинг ҳар қандай норасмий тузилмалар билан алоқаси йўқлигини маълум қилган.

Бироқ Озодликка гапирган бир нечта мустақил манбалар Humans атрофидаги зиддиятлар айнан “Офис” тузилмаси фош бўла бошлаган даврда кескин кучайганини айтади.

2024 йилдан бошлаб Humans атрофидаги бир қатор низолар бир вақтда юзага кела бошлади ва компаниянинг молиявий аҳволига оид хабарлар тарқалди.

Бу жараёнлар охир-оқибат компаниянинг банкрот деб эълон қилиниши билан якунланди.

2025 йил 8 май куни Тошкент шаҳар иқтисодий суди «Ўзбектелеком»нинг Humansга нисбатан 500 миллиард сўмлик даъвосини қаноатлантирган. Бир ой ўтиб, Octobank ҳам 500 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик бўйича даъвони ютиб олган.

Юқорида “Офиснинг қулаши” суриштирувида “Ўзбектелеком” билан Humans ўртасидаги можарога бироз тўхталгандик. “Ўзбектелеком” 2022-2023 йиллар давомидаги қарзини орадан икки йил ўтиб суд орқали ундирган.

Octobank ва Humans ўртасидаги можаро эса бироз жиддийроқ. Суд материалларига кўра, Humans’га нисбатан банкротлик жараёни айнан Octobank даъвоси билан бошланган.

Айни пайтда Humans суд қарори бир томонлама тартибда қабул қилинганини даъво қилиб, Octobank’ка нисбатан қарши даъво қўзғатганини хабар қилган:

“Humans VISA карталари эгаларининг мурожаатлари банк томонидан умуман эътиборсиз қолдирилган ёки жиддий кечикишлар билан кўриб чиқилганлиги каби юзлаб қоидабузарликлар қайд этилган. Гап банкнинг асосий операцион жараёнларининг яроқсизлиги туфайли Humans VISAнинг якуний фойдаланувчилари азият чеккани ҳақида кетмоқда. Humans VISA мижозлари манфаатларини кўзлаб, Humans бу масалаларни бир неча бор кўтарган, вазиятни тўғрилашга ҳаракат қилган, аммо банк эмитент вазифасини бажара олмаслигини доимий равишда тасдиқлаган.”

Humans Group Бутунжаҳон банки қошидаги Халқаро инвестиция низоларини ҳал этиш маркази — ICSIDга Ўзбекистонга қарши арбитраж даъвоси киритиб, Ўзбекистон айрим давлат органлари орқали компанияга босим ўтказгани ва унинг фаолиятига тўсиқлар қўйганини иддао қилган.

Humans Group Марказий банк ва “Ўзбектелеком”ни ўз ҳуқуқларини бузганликда айблаб, “Ўзбекистонда Humans бизнеси рейдерлик йўли билан тортиб олинаётгани” иддао қилинади:

“Уларнинг мақсади — Ўзбекистондаги Humans компаниялар гуруҳи устидан бошқарувни қўлга олиш, амалдаги бизнесдаги улушлар ва молиявий оқимларни қайта тақсимлаш, Humans компанияси томонидан яратилган технологиялар ва мижозлар базасидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳамда якуний ҳисобда Сингапурда рўйхатдан ўтган компаниянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестицияларини йўққа чиқаришдан иборат”.

Бу ерда яна бир нозик савол туғилади. Агар корпоратив ҳужжатларда “Investor D” сифатида қайд этилган президентнинг куёви Отабек Умаровнинг укаси Ойбек Умаров компания фойдасининг 60 фоизига шерик бўлган асосий бенефициарлардан бири бўлса, у ҳолда Ўзбекистон устидан халқаро арбитражга мурожаат қилиш жараёнида унинг роли бўлганми ёки йўқми?

Humans раҳбарияти Investor D ҳақидаги саволларни муҳокама қилишдан четга чиққанидан кейин, бу масалага ойдинлик киритиш имкони бўлмади.

Шу боис, Ойбек Умаровнинг арбитраж жараёнидаги эҳтимолий роли ёки таъсири масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда.

Ойбек Умаровдан Озодликка расмий жавоб

Cуриштирув эълон қилиниши арафасида Ойбек Умаровдан Озодликка расмий жавоб келди.

Озодлик берган саволларга жавобан Умаровнинг адвокати таҳририятимизга йўллаган хатда Ойбек Умаров HUMANS MOBILE LTD компания акцияларининг тахминан 15 фоизига эга бўлса-да, компания даромадининг 60 фоизига эга бўлиши қуйидагича изоҳланган.

“Таърифланаётган “60% / 15%” тузилмаси акциядор имтиёзи эмас, балки корпоратив ҳужжатлардан алоҳида расмийлаштирилган келишув асосида Мижозим киритган қўшимча мулкий ҳиссани қоплаш бўйича компаниянинг шартномавий мажбуриятидир", дейди Ойбек Умаровнинг адвокати Шерзод Абдулқосимов.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ойбек Умаров номидан жавоб йўллаган адвокат Шерзод Абдулқосимов аввал Humans атрофидаги асосий фигурантлардан бошқа бири — ҳужжатларда “Инвестор Е” сифатида тилга олинган Максим Сдитановнинг ҳам адвокатидир.

“Ҳозирги кунда умумий қарздорлик 12 миллион доллар. Максим 8 миллион доллар - 66 фоиз HUMANS Uzbekistanни бизнесини даъво қиляпти. 4 миллион ўша қарз берилган, қайтариш лозим бўлган 4 миллион суммани суд орқали ундиришни сўраяпти. Жавобгар сифатида МЧЖ HUMANS, АО HUMANS яъни аксиядорлик жамияти HUMANS ва учинчи, қўшимча жавобгар сифатида Владимир Добрининнинг ўзи шахс сифатида ўтяпти. Яъни Максим Стиданов даъвогар, МЧЖ HUMANS жавобгар, HUMANS аксиядорлик жамияти жавобгар ва Владимир Добринин жавобгар. Даъво мазмуни шундан иборатки, HUMANS Uzbekistan бизнесининг 66 фоизи Максим Стидановга расмийлаштириб бериш ва 4 миллион доллар ундириш”, дейди айни пайтда Стидановни ҳам ҳимоя қилаётган адвокат Шерзод Абдулқосимов.

Humans томонидан Озодликка юборилган расмий жавобда компания Сдитановни “ёлғон кўрсатма бериш” ва “фирибгарлик”да айблаган.

“Жаноб Сдитанов ёлғон кўрсатма бериш ва фирибгарлик билан шуғулланган, шу муносабат билан компаниямиз ушбу масалани Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юборган”, дейилади Humans компаниясининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси Наташа Иконникова хатида.

Абдулқосимовнинг маълум қилишича Ойбек Умаров Humans’нинг Ўзбекистон ҳудудидаги компаниялари билан умуман боғлиқ эмас

Яъни, 60 фоиз даромадга даъво қиладиган шахс, уларнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги Humans таркибида ҳеч қандай мақомга эга бўлмаган.

"Мижоз ҳозирда Ўзбекистонда “Humans” бренди остида фаолият юритувчи бирорта ҳам юридик шахснинг таъсисчиси, акциядори, бенефициар мулкдори, директори ёки бошқа мансабдор шахси эмас ва шу пайтгача ҳам бундай мақомларга эга бўлмаган.

Мижоз Humans лойиҳасида (на Сингапурда, на Ўзбекистонда) ҳеч қандай операцион ролга эга бўлмаган ва ҳозир ҳам эга эмас; лойиҳа тўлиқ ва якка тартибда жаноб Добринин ҳамда у жалб қилган, фақат унга ҳисобот берувчи менежмент жамоаси томонидан бошқарилган", дейди Ойбек Умаровнинг адвокати Шерзод Абдулқосимов.

Интерпол қидируви

Бу иш доирасида яна бир кескин бурилиш юз берди: Humans раҳбари Владимир Добринин Интерполнинг халқаро қидирувлар рўйхатига киритилди. Интерпол ҳужжатларига кўра, у 2025 йил 9 декабрь куни қидирувга берилган ва унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки моддаси — ноқонуний қимор фаолияти ва пул ювиш бўйича айбловлар қўйилгани қайд этилган.

Интерпол ҳужжатларида Добринин Maroqand орқали 99,5 миллион сўм миқдоридаги маблағларни Ўзбекистонда ноқонуний деб ҳисобланган 1xBET ва MelBET платформаларига ўтказиш билан боғлиқ ишлар доирасида шубҳа остига олингани ёзилган.

Очиқ қолган яна бир муҳим савол — Humans карталаридан пуллари ечилган минглаб фуқароларнинг пулини ким қайтариши кераклиги. Озодлик суҳбатлашган жабрланувчиларнинг айтишича, ҳозирга қадар уларга етказилган зарар қоплангани йўқ.

Humansнинг қарши даъвоси тақдири номаълум. Ўша пайтда музлатилган пуллар тақдири ҳам маълум эмас. Мижозлар ҳалигича пулларини қандай олишни билишмаётганидан шикоят қилиб келишмоқда.

Озодлик Владимир Добринин билан боғланишга ҳаракат қилди. Humans расмийлари билан мулоқотлар давомида дастлаб у билан суҳбат уюштиришга келишилган эди. Аммо кейинчалик компания халқаро арбитраж эшитувлари бошлангани сабаб интервьюдан бош тортди.

Натижада 20 мингдан ортиқ одам ҳали ҳам жавоб кутмоқда. Компенсация йўқ. Жавобгарлик аниқ эмас. Компания банкрот. Асосий раҳбар қидирувда.

Суриштирув давомида Ойбек Умаров адвокати Озодликка юборган жавобида унинг Humans Mobile Pte. Ltd. компаниясидаги юқори даромад улушини “пул кўринишида бўлмаган мулкий ҳисса” билан изоҳлаган эди.

Бироқ бу ҳисса айнан нимадан иборат бўлгани қандай актив ёки бошқа ресурс шаклида киритилгани — очиқланмаган.

Озодлик ушбу ҳисса қайси ҳужжатлар ва келишувлар асосида баҳоланганига ойдинлик киритишни сўраб Умаров адвокатига қўшимча савол юборди. Ҳозирча жавоб олганимизча йўқ.

Демак, Озодлик суриштирувлари давом этади.