Чехия бош вазири Тошкентда: Поездлар, инвестиция ва янги лойиҳалар

Бош вазир Андрей Бабиш бошчилигидаги Чехия ҳукумати делегацияси Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари бўйлаб турнеси доирасида Ўзбекистонга келди.

Чехия ҳукумати вакилининг Озодликка билдиришича, делегация таркибида Чехия Республикасининг элликдан ортиқ ишбилармонлари ҳамроҳлик қилмоқда.

Чехия матбуоти музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон темир йўл ва жамоат транспорти учун чех электропоездларини экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланиши ҳақида хабар берди.

Шунингдек, электропоездларни Ўзбекистонда йиғиш ва босқичма-босқич ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, бунинг учун Тошкент давлат транспорт университети қошида кадрлар тайёрловчи Škoda академияси очилиши кутилмоқда.

Чехия ҳукумати расмийларига кўра, сафарнинг асосий мақсади Чехия экспорти ва ўзаро савдони қўллаб-қувватлашдан иборат.

"Чехиянинг энергетика, транспорт, машинасозлик ва мудофаа саноатининг 50 та йирик компаниялари минтақага йўл олмоқда. Аксарият компаниялар минтақада муваффақиятли фаолият юритмоқда, бошқалари ҳамкорлик ва сармоя учун янги имкониятлар изламоқда”, дейди Чехия Саноат ва транспорт конфедерацияси президенти Ян Рафай.

Чех сиёсатчиси, миллиардер Бабиш ANO ҳаракати етакчиси бўлиб, уни кўпинча ўнгчи популист ёки евроскептик сифатида таснифлашади.

У Чехияда 2025 йилда ўтказилган парламент сайловларида ғолиб чиқди, ҳукуматни 2021 йилдан бери бошқариб келган Петр Фиала ўрнига бош вазир курсисини эгаллади.

Бабиш Ўзбекистонга ташриф буюраётган Чехия Республикасининг учинчи бош вазири бўлди.

Петр Фиала 2023 йилда, ундан олдин Милош Земан Чехия бош вазири бўлган пайт 1999 йилда Тошкентга борган.

Чехия республикаси Ўзбекистоннинг Шарқий Европадаги анъанавий ҳамкори ҳисобланади. 2025 йилда ҳамкорлик ҳажми 200 миллион доллардан ошган Ўзбекистонда Чехия иштирокидаги 44 та корхона, шу жумладан 14 та корхона 100% чех капитали билан фаолият юритади.

Škoda поездларини ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади

Чехия матбуоти музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон темир йўл ва жамоат транспорти учун чех электропоездларини экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланиши ҳақида хабар берди.

Шунингдек, электропоездларни Ўзбекистонда йиғиш ва босқичма-босқич ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, бунинг учун Тошкент давлат транспорт университети қошида кадрлар тайёрловчи Škoda академияси очилиши кутилмоқда.

Плзен шаҳрида жойлашган Šкоdagroup компанияси Бабишнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида ҳар бири 12, 5 миллион евро турадиган ўнта поезд бўйича шартнома имзоланишига умид қилмоқда.

"Бу ҳар бирининг қиймати 12, 5 миллион евро бўлган ўнта поезд бирлиги. Лекин гап хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, бутун лойиҳани молиялаштириш ҳақида бормоқда, шунинг учун буюртма кўлами анча катта", дейди Šкоdagroup компанияси матбуот вакили Ян Свеҳла.

2023 йилда ҳам Šкоdagroup “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати билан қиймати 320 млн еврога тенг 30 та электропоезд етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган эди. Режага кўра, ишлаб чиқариш жараёни 2024 йилда бошланиши лозим бўлган. Бироқ молия билан боғлиқ муаммолар сабаб келишув амалга ошмай қолганди.

Бу сафар компания Чехия давлат суғурта агентлиги EGAP, Европа комиссияси ва “Global Gateway” дастури кўмагида шакллантирилган янгиланган таклиф билан қайтган.

Чех трамвайлари

Ўтган асрнинг 60-йилларидан бери чех трамвайлари Тошкент манзарасининг ажралмас қисми бўлиб келган.

2016 йилда Тошкентда трамвай линиялари ҳеч қандай концепция ва муқобил ечимсиз бекор қилингач, Чехия трамвайлари пойтахтдан Самарқандга олиб кетилди.

Миллионлаб доллар сарфлаб янги трамвайлар сотиб олинган трамвай қатновидан воз кечишга қарор қилингани танқидларга сабаб бўлганди.

Тошкентда трамвай қатнови тўхтатилгунга қадар Чехиядан олиб келинган замонавий Vario LF трамвайлари ҳаракатланарди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда чех трамвайларини кўздан кечиргач, уларнинг яна Тошкентга қайтишини исташини билдирди.

Шаҳарда янги транспорт тармоғи учун 11 та асосий йўналиш, 15 та айланма йўналиш, 92 та туташтирувчи ва 42 та таъминот йўналишларини ташкил этиш режалаштирилган.

Бунинг учун Ўзбекистон Чехиядан ҳар бири 1 миллион АҚШ долларидан зиёд турадиган 20та трамвай, эски трамвайлар учун эса будловчи қисмлар сотиб олмоқчи.

Шунингдек, чех мутахассислари янги трамвай линиялари тортилишида ҳам қатнашиши кутилаётир.

Ўзбекистонга трамвай сотиш масаласи сиëсий об-ҳаво боис ўзгаргани тарихдан маълум.

2001 йилда Прагада ҳибсга олинган Ўзбекистон мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳни Тошкентга экстрадиция қилишдан Чехия ҳукуматининг бош тортиши икки мамлакат ўртасига совуқчилик солган эди.

Чехиянинг ўша пайтдаги Президенти Вацлав Ҳавел Ўзбекистон билан муносабатлардаги иқтисодий манфаатларни четга суриб, Муҳаммад Солиҳни Прага қасрида қабул қилган.

Муҳаммад Солиҳ Чехияда қўлга олиниб Ўзбекистонга берилмагани учун расмий Тошкент чех трамвайларини сотиб олиш бўйича 50 миллион долларлик шартномадан воз кечган эди.

Вацлав Ҳавелнинг "бир диссидентни 50 миллион долларга алиштирмайман" деган гапи сиëсатнинг иқтисоддан устунлигини кўрсатган гап сифатида тарихга кирди.

Прага ва Тошкент ўртасида авиапарвозлар

Чехия томонига кўра, Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги, хусусан, ўсимликчилик ва саноат ишлаб чиқаришида қўшма сармоявий лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини ҳам кўриб чиқмоқда.


Ўзбкистонликлар учун магистратура ва докторантура дастурларини амалга ошириш имкониятлари ҳам Тошкентдаги муҳокамалар марказида бўлиши кутиляпти.

Карлов университети, Прагадаги Чехия техника университети ва Масарик университети каби олийгоҳлар Ўзбекистоннинг муҳандислик, ИТ ва бошқа йўналишлар бўйича дастурларни таклиф этмоқда. Ҳозирда Чехияда 300 га яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.

Чехия ҳар йили Ўзбекистон фуқаролари учун 150 та иш визаси квотасини ажратади. Бу орқали, айниқса, соғлиқни сақлаш ва қарияларга қараш соҳаларига мутахассислар жалб қилинади. Чехияда 3000 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси саноат, қурилиш, савдо ва бошқа соҳаларда меҳнат қилиши айтилади.

Айни пайтда “Қанот Шарқ” авиакомпанияси баҳор ва ёз мавсумида Тошкент ва Прага ўртасида тўғридан-тўғри, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” эса Тошкент ва Карлови Вари ўртасида мавсумий рейсларни амалга оширади.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Чехия Республикасидаги элчихонасининг расмий очилиш маросимига тайёргарлик кўрилмоқда.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов 2014 йилда Чехияга таклиф қилинган.

Ўшанда халқаро ва Чехия ҳуқуқ фаолларининг жиддий босими туфайли Чехия Бош вазири ва қатор вазирлар¸ шунингдек Прага мэри Ислом Каримов билан учрашувларга “вақт топа олмаслигини” билдирганидан сўнг¸ Ўзбекистон президенти Прага сафарини бекор қилган эди.

Чехия Бош вазири Андрей Бабиш Ўзбекистонга ташрифи аввалида Озарбайжон ва Қозоғистонда бўлди.

"Кавказга бўлган ушбу бизнес миссияси ҳукуматимизнинг аниқ устувор йўналишини, яъни иқтисодий дипломатияни акс эттиради. Биз Европа Иттифоқидан ташқаридаги давлатлар орасида ҳам кучли ва барқарор ҳамкорларга эга бўлишимиз керак, шунинг учун ҳам Иттифоқдан ташқаридаги биринчи саёҳатимиз Озарбайжонга, кейин эса Қозоғистон ва Ўзбекистонга олиб келади”, деб таъкидлаган Бабиш.

Чехия бош вазири сўзларига кўра, ушбу мамлакатларда чех компаниялари учун салмоқли салоҳият мавжуд ва бу давлатлардаги ҳамкорлар Чехия билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришдан жуда манфаатдор.