Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти 2026 йилги матбуот эркинлиги индексини эълон қилди. Ўзбекистон рейтингда бир поғона юқорилаб, 180 та давлат ичида 147-ўринни эгаллади.
Тарихида биринчи марта дунё мамлакатларининг ярмидан кўпи матбуот эркинлиги ҳолати “мураккаб” ёки “жуда мураккаб” тоифаларга кирди.
"Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг 180 мамлакат кирган рўйхатида Ўзбекистон ўтган йилгидан бир поғона юқорилаган.
Ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича дастури раҳбари Жанна Кавальенинг Озодликка айтишича, буни ўсиш деб бўлмайди, мамлакатда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳамон “жуда мураккаб”.
“Ўзбекистон ташкилотимиз янги эълон қилган Жаҳон матбуот эркинлиги индексида 180 давлат орасида 147-ўринни эгаллади. Техник жиҳатдан бир поғона юқорилаган бўлса-да, буни ўсиш дея олмаймиз. Аслида, унинг умумий рейтинги бироз пасайиб кетди, бу эса дунёдаги энг оғир аҳволда қолаётган вазиятни тасдиқлайди.
Ўзбекистон ҳукумати очиқлик ва ислоҳотлар имиджини яратишда давом этмоқда. Аммо бу парда ортида медиа муҳитида сезиларли яхшиланиш кузатилмади. Мустақил журналистика ниҳоятда заиф бўлиб қолмоқда ва танқидий лавҳалар учун майдон қисқаришда давом этмоқда”, таъкидлайди Кавалье.
Чегара билмас мухбирлар ташкилоти рейтингида Қирғизистон Ўзбекистондан бир поғона юқори - 146-ўринда.
Тожикистон рейтингда 155, Туркманистон 173-ўринларда.
Қозоғистон эса Ўзбекистондан икки поғона паст - 149-ўринни эгаллаган.
Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, Ўзбекистонда камида беш журналист қамоқда.
“Ҳозирда камида беш нафар журналист қамоқда ёки уй қамоғида. Масалан, ўтган йилнинг март ойида блоггер Сирожиддин Одилов нозик мавзуларни ёритгани учун ҳибсга олинган эди. Унинг ҳибсга олиниши жиддий хавотир уйғотади ва унинг ҳимояланиш ҳуқуқи бузилган кўринади.
Ҳибсга олишлардан ташқари, мустақил оммавий ахборот воситалари иқтисодий босим, халқаро молиялаштиришни йўқотиш, туҳмат бўйича суд жараёнлари таҳдиди ва танқидий овозларни ўчиришга қаратилган мувофиқлаштирилган онлайн ҳужумларга дуч келмоқда. Қорақалпоғистон каби вилоятларда мустақил журналистика деярли йўқолди. Ўзбекистонда ҳақиқат аниқ: ислоҳотлар ваъдаларига қарамай, матбуот эркинлиги қатъий назорат остида қолмоқда - ва чинакам плюрализм ҳали ҳам имкони йўқ”, - дейди Кавалье
Ўзбекистонда сўнгги бир ҳафтада ўнлаб нашрлар ва фаолларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари “қоидабузарликлар”га ишора қилиниб ўчирилди.
Журналистлар содир бўлган воқеани сўз эркинлиги ва мустақил ахборот воситалари фаолиятига “мувофиқлаштирилган тажовуз” сифатида баҳолашди.
Президент Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келганига 10 йил тўляпти ва бу давр ичида мамлакат матбуотида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди, бу халқаро ташкилотлар ҳисоботларида ҳам эътироф этилди. Аммо, шунга қарамай, Ўзбекистон журналистлар фаолиятини кескин чеклайдиган давлатлар орасида қолмоқда.
Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Матбуот эркинлиги рейтингида Норвегия кўп йиллар кетма-кет етакчи бўлиб келмоқда. Кейинги ўринларни Нидерландия, Эстония, Дания, Швеция эгаллади.
Рўйхатнинг сўнгги ўринларида Эрон, Хитой, Шимолий Корея ва Эритрея жойлашган.