Fars ахборот агентлиги: АҚШ Эронга бешта шартни илгари сурди

Эроннинг ярим расмий Fars ахборот агентлиги якшанба куни маълум қилишича, АҚШ Эроннинг сўнгги тинчлик таклифига жавоб сифатида бешта шартни илгари сурган.

Хабарга кўра, бу шартлар орасида: АҚШнинг уруш зарари учун ҳеч қандай компенсация тўламаслиги; Эроннинг 400 килограмм бойитилган уранни АҚШга топшириши; Эронга фақат битта ядровий объектни ишлатишга рухсат берилиши бор.

Шунингдек, Вашингтон Эрон активларини музлатишни бекор қилишни рад этган, турли фронтлардаги сулҳ эса музокаралар бошланишига боғлиқ қилиб қўйилган.

Ҳозирча Эрон ёки АҚШ томонидан бу хабарга расмий муносабат билдирилмаган.

Fars ахборот агентлигининг таҳлилчиларга таяниб ёзишича, АҚШ таклифи баҳсларни ҳал этишга эмас, балки музокаралар орқали можаро давомида эришилмаган сиёсий ва ҳарбий мақсадларни қўлга киритишга қаратилган.

Сешанба куни Fars Эрон АҚШ билан иккинчи раунд музокаралар учун ҳам бешта шарт қўйганини хабар қилди. Улар орасида: барча фронтларда, айниқса Ливанда, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш; санкцияларни бекор қилиш; музлатилган Эрон активларини қайтариш; уруш зарари учун товон тўлаш; Ҳормуз бўғози устида Эрон суверенитетини тан олиш талаблари бор.

Эрон ва АҚШ 28 февраль куни Теҳрон ва Эроннинг бошқа шаҳарларига АҚШ ҳамда Исроил зарбалари билан бошланган 40 кунлик жанглардан сўнг, 8 апрель куни ўт очишни тўхтатишга келишган эди.

Кейинроқ, 11–12 апрель кунлари Эрон ва АҚШ делегациялари Исломободда музокаралар ўтказди, бироқ келишувга эриша олмади.

Можарони тугатишга қаратилган саъй‑ҳаракатлар доирасида сўнгги ҳафталарда томонлар Покистон орқали бир неча бор келишув лойиҳалари билан ўзаро алмашган.