Душанба куни нефть нархлари ўсишда давом этиб, икки ҳафталик энг юқори кўрсаткичга етди. Бу АҚШ–Исроилнинг Эронга қарши урушига барҳам бериш бўйича саъй‑ҳаракатлар тўхтаб қолгандек кўринаётгани фонида юз берди.
Бу ҳолат Бирлашган Араб Амирликларидаги атом электр станциясига ҳужум қилингани ҳамда АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга нисбатан ҳарбий вариантларни муҳокама қилиши кутилгани ортидан рўй берди.
Осиё бозорларида эрталабки савдоларда халқаро эталон ҳисобланган Brent нефти қарийб 2 фоизга ошиб, баррели 110 доллардан ошди. АҚШ нефти нархи ҳам шунга яқин даражада ўсди.
Амирликлар расмийлари Барака атом электр станциясига берилган зарба манбаси ўрганилаётганини билдирди ва БАА буни “террористик ҳужум” деб атаб, жавоб қайтаришга тўлиқ ҳақли эканини таъкидлади.
Бирлашган араб амирликларида атом электр станциясида ёнғин келтириб чиқарган дрон ҳужуми ортидан Доналд Трамп “Эрон учун вақт ўтиб бормоқда. Улар жуда тез ҳаракат қилиши керак, акс ҳолда улардан ҳеч нарса қолмайди. ВАҚТ ЖУДА МУҲИМ!” — деб ёзди Truth Social’даги постида.
Бу баёнот АҚШ–Исроилнинг Эронга қарши урушига барҳам бериш ва Форс кўрфазида кемалар қатновини қайта тиклаш бўйича саъй‑ҳаракатлар тўхтаб қолган бир пайтда янгради.
Саудия Арабистони учта дронни уриб туширганини маълум қилиб, ўз суверенитети ва хавфсизлигини бузишга қаратилган ҳар қандай уринишга қарши барча зарур чораларни кўришини огоҳлантирди.
Ўтган ҳафта Трамп ва Хитой раиси Си Цзиньпин ўртасида бўлиб ўтган музокаралар дунёдаги энг йирик нефть импортчиси томонидан можарони ҳал этишга ёрдам берилишига оид аниқ ишораларсиз якунланган.
Шу билан бирга, Axios нашри хабар беришича, Трамп сешанба куни Эронга нисбатан ҳарбий ҳаракатлар вариантларини муҳокама қилиш учун юқори даражадаги миллий хавфсизлик маслаҳатчилари билан учрашиши кутилмоқда.