Ўзбекистондан Жанубий Кореяга ишга юбориш тизимида йирик коррупция иши тергов қилинмоқда. Иш доирасида бир гуруҳ ДХХ мулозимлари ҳибсга олинган.
Бош прокуратура эълон қилган маълумотларга кўра, йиғилган ноқонуний маблағлар умумий ҳисобда қарийб 90 миллион долларга етган бўлиши мумкин.
Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқ-тартибот ва прокуратура тизимидаги бир-биридан мустақил манбаларга кўра, Ўзбекистондан давлат дастурлари орқали Жанубий Кореяга ишлаш учун юборилган минглаб фуқаролардан йиллар давомида катта миқдорда ноқонуний тўлов ва пора йиғилган.
Манбалар иддаосича, Кореяга кетувчилар рўйхатига кириш учун айрим фуқаролар 4 минг доллардан 10 минг долларгача пул беришга мажбур бўлган.
Ташқи миграция агентлигининг бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган Азизбек Тоштемиров Интерпол қидирувига берилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти 14 май куни бу борада баёнот тарқатди:
“Ташқи меҳнат миграция агентлиги, хусусий бандлик агентликлари собиқ мансабдорлари ва бошқа шахслардан иборат гуруҳ Кореяга меҳнат муҳожири сифатида ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион схема яратиб, 35 нафар фуқародан жами 263,5 минг АҚШ доллари ноқонуний олинганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Департамент томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”.
Озодликнинг хуқуқ-тартибот ва прокуратура тизимидаги бир-биридан мустақил манбаларига кўра, мазкур норасмий тўлов тизими Давлат хавфсизлик хизматидаги айрим юқори лавозимли амалдорлар ҳимояси ёки назорати остида ишлаган бўлиши мумкин.
Озодлик суҳбатлашган манбалар иддаосича, иш доирасида дастлаб ДХХ подполковниги Ганчар Узақов ҳибсга олинган, кейин ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармаси собиқ бошлиғи Алижон Ашуров ва унинг ўринбосари бўлган Темур Шорихсиев ва яна бошқа бир қанча ДХХ ходимлари ушланган.
Манбаларга кўра, бошқа фигурантлар ҳам сўроқ қилиниб кейинчалик қўйиб юборилган. Улар орасида ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармаси собиқ бошлиғи генерал Ғайратилла Ёзиев, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳром Ғозиев ҳам тилга олинмоқда.
Ушбу ишнинг яна бир фигуранти, ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармаси, тергов бўлими куратори Музаффар Нурбаев мамлакатдан қочиб кетгани айтилмоқда.
Тергов фигируантлари Озодликнинг Тошкентдаги қудратли ноқонуний “Офис” тузилмасига оид суриштирувлари қаҳрамонлари рўйхатида бўлишган.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Кореяга ишга юборилмаган 600 дан зиёд фуқародан ариза тушган ва ҳозир етказилган зарар миқдори аниқланган, зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда.
Расмий баёнотда шунингдек собиқ мансабдорлар ва бошқалар 230 фуқарони Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан 580 минг АҚШ доллари, Кореяга юборилган минг фуқародан ноқонуний равишда 5,6 млн. АҚШ доллари, шу тариқа жами 45 млн АҚШ долларни олгани аниқлангани айтилди. Арзи бўлганларга телефон рақамлари эълон қилинди.
Терговда, Кореяга ишга юборилаётганлардан 7-12 минг АҚШ долларигача пул фирибгарлик йўли билан олингани, жами аниқланган сумма эса қарийб 90 млн АҚШ долларни ташкил қилиши аниқлангани айтилди.
Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, бу коррупцион жанжал қиймати 90 миллион АҚШ долларидан анча юқори.
“Бу пасайтирилган сумма. Ҳар бир Кореяга юборилган кишидан 10 минг АҚШ долларидан пул олишган. Бир йилда ўртача 4000 киши юборилган. Қарийб ҳаммасидан олишган. Бу ҳали фақат Кореяга юборишда аниқлангани. Бошқа давлатлар билан ҳам аҳвол шундай. Полша масаласида ҳозир шундай вазият кузатиляпти. Хуллас, жуда катта коррупцилон схема”, дейди Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси.
Самарқанддан 15 минг АҚШ доллари пора бериб, Жанубий Кореяга кетган ўзбекистонликдан олинган маълумотга кўра, бу аслида йиллардан буён шаклланган ва ҳаммага кафтдек кўриниб турган схема эди.
Исмини ошкор қилишни истамаган самарқандликка кўра, Жанубий Кореяга визани 1 ойда олган.
“8 минг АҚШ доллари берсанг, 3 ойдан 6 ойгача кутасан, дейишди. 15 минг АҚШ доллари берсанг, бир ойда “Е 7” деган виза оласан, дейишди. Бир ойда олдик. Самарқандда вакили бор экан, Абдумурод деган. Ўша билан гаплашиб ҳал қилинаркан. Бу ерда Пусандаги кема заводига пайвандчиликка Кореядан келган экспертларни ўзи танлаб олди. 15 минг берганларнинг ҳаммаси имтиҳондан ўтди. Пул бермаган ҳеч ким ўтмайди имтиҳондан, буни ҳамма билади", дейди Жанубий Кореядаги самарқандлик меҳнат муҳожири.
Муқаддам бу агентликда бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган мулозими ҳам самарқандлик муҳожир келтирган маълумотларни тасдиқлайди:
“Тасаввур қилинг, бир йилда 4 мингта одам, ҳар биридан камида 8-10 минг АҚШ долларидан пул олишди. Ҳар бир вилоятда ўзини одамлари бор. Борадиганлар жетон олиши билан телефон қилиб, пулни йиғиб олишади. Водий тарафда пул бермайман, деганлар чойхоналарда разборка ҳам қилишган. Бу ҳаводан пул ишланадиган бизнес, шунинг учун бу тўхтамайди. Қайриб ҳамма бошлиқлар қамалади".
Ташқи миграция агентлигида катта миқдорда коррупцион схема ҳақидаги хабар билан қарийб бир пайтда, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ бўлим бошлиғи Азизбек Тоштемировни халқаро қидирувга берилгани ўртага чиқди. Интерпол расмий сайтида унинг қидирувга берилганига оид хабар жойланди.
Бу Ташқи меҳнат миграцияси ёки унинг мулозимлари алоқадор кўрилган биринчи коррупцион жанжал эмас.
Айнан Азизбек Тоштемиров исми - 2023 йилда матбуотга ошкор бўлган видеоёзув ва кейинчалик расман қайд этилган пора жанжали марказида турган эди.
“Миграциядаги бу жанжал билан коррупция тўхтамайди. Бу ерда ҳамма катта раҳбарлар қамалган, ўрнига келганлар яна буни давом эттиради. 2005 йилда Афзал Эрматов қамалганди, ўшандан бери бу идора аслида ДХХ назоратида, схема ҳам уларга ўтган ва шундан кейин 12 минг долларга чиқиб кетди. Бу ҳаводан пул ишланадиган бизнес, шунинг учун бу тўхтамайди” , дейди Ташқи минграция агентлиги собиқ мулозими.
Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқ-тартибот ва прокуратура тизимидаги бир-биридан мустақил манбаларга кўра, бу иш терговидан хабардор манбанинг айтишича, аслида Жанубий Кореяга ишчи юборишдаги бу катта схема - айни пайтда катта жиноят иши доирасида бир эпизод бўлиб ўтмоқда.
Манбаларнинг иддао қилишича, терго қарийб бир йилдан буён давом этмоқда.
“Бу катта иш доирасидаги бир эпизод, лекин сумма жуда юқори. Ҳатто, Давлат активлари агентлиги кўраётган ишларда кўпи билан 10 миллион долларлик эпизодлар аниқланган. Бу ерда эса 90 миллион доллар, тасаввур қиляпсизми? 2023 йилнинг мартидан бошланган, ўшанда бу идорани ДХХ назоратига олган, ўз одамларини қўйишган. Терговда ҳозир Корея катта йўналиш бўлиб турибди", дейди Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси.
Озодлик мазкур иддаолар юзасидан Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва мутасадди идораларга сўров юборди. Ҳозирча расмий муносабат олинганича йўқ.
Ҳуқуқ-тартибот ва прокуратура тизимидаги бир-биридан мустақил манбалар тилга олган тергов фигируантлари Озодликнинг Тошкентдаги қудратли ноқонуний “Офис” тузилмасига оид суриштирувлари қаҳрамонлари рўйхатида бўлишган.
Жумладан, “Алибобо” лақаби билан танилган, ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган полковник Ашуров Алижон Ғаниевич 2024 йил 22 ноябрь куни ишдан олинган. Кейинчалик унинг қўл остида ишлаган бир неча нафар ходим, жумладан, иккита подполковник Темур Шорихсиев ва Ганчар Узақовлар ҳам лавозимидан бўшатилган.
Ҳукумат ва ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбаларга кўра, мазкур истеъфолар президент маъмурияти мулозими Комил Алламжоновга нисбатан уюштирилган суиқасд уриниши ортидан амалга оширилган истеъфолар қаторида бўлган.
Расмий идоралар ҳозирга қадар ёпиқ ҳисобланган ДХХ тизимидаги ушбу ишдан бўшатишлар юзасидан очиқ маълумот берган эмас.
Полковник Ашуров ва подполковник Узақов номи “давлатга хиёнат”да айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Экология вазирлигининг собиқ мулозими Нозимжон Абдуллаев иши доирасида ҳам тилга олинган.
Абдуллаев президент Мирзиёев номига ёзган хатида Ашуров ва Узоқов томонидан қийноққа тутилганини иддао қилган.
Озодлик мавзуни ўрганишда давом этади. Дастурларимизни кузатиб боринг.