Россиянинг Ярославл шаҳрида шу йилнинг Ғалаба куни арафасида осиб қўйилган ҳарбий символика акс этган байроқни йиртиб олган эркак 17 май куни қўлга олинди.
Ҳодиса 15 май куни Которосл дарёси узра қурилган кўприкда содир бўлган.
76.RU нашри Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бошқармасига таяниб ёзишича, эркак қўлга олинганидан кейин ҳудудий полиция бўлимига олиб келинган ва унга нисбатан жамоат жойларида маст ҳолатда пайдо бўлиш моддаси (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 20.21-моддаси) бўйича баённома тузилган.
Тергов қўмитасининг вилоят бошқармаси маълум қилишича, унга нисбатан, шунингдек, Россия ҳарбий шон-шарафи рамзларини оммавий равишда таҳқирлаш моддаси (Жиноят кодексининг 354.1-моддаси 3-қисми) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Унга уч миллион рублгача жарима ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси таҳдид солмоқда.
Миллатчиларнинг "Многонационал" Телеграм-канали маълумотларига кўра, қўлга олинган шахс — Ўзбекистоннинг 31 ёшли фуқароси Болиёр Холиқуловдир. Катта эҳтимол билан полициячилар томонидан ёзиб олинган видеода эркак ўша пайтда маст ҳолатда бўлганини тан олган.