Россияда Мордовия муфтийси Раил Асаинов ва Карелиянинг собиқ муфтийси, фаластинлик Висам Али Бардвил қўлга олинди. Уларнинг ҳибсга олингани ҳақида биринчи бўлиб ҳукуматпараст «Первый деструктологический» Телеграм-канали хабар берди.
Унинг маълумотларига кўра, Россия Мусулмонлари диний идораси (МДИ) вакилларини оммавий ҳибсга олиш тадбирлари Москва, Саранск, Санкт-Петербург ва Саратов шаҳарларида бўлиб ўтган.
Ҳозирча фақат Асаинов ва Бардвилнинг қўлга олингани расман тасдиқланган.
МДИнинг Мордовия бўлими маълум қилишича, Асаинов 19 май куни Мордовия давлат университетининг «Ислом иқтисодиёти ва молияси» магистрлик дастури раҳбарига пора беришда гумонланиб ушланган.
Суд материалларига кўра, Бардвил 14 май куни Шереметьево аэропортида ҳужжатларини тақдим этишдан бош тортгани, қочишга урингани ва қаршилик кўрсатганидан кейин қўлга олинган. 20 май куни Москванинг Таганский район суди уни полиция ходимларига бўйсунмагани учун 15 суткага ҳибсга олди.
«Биринчи канал»даги «Время покажет» пропаганда дастури бошловчиси Руслан Осташконинг даъво қилишича, Санкт-Петербург шаҳрида «Шимоли-Ғарб мусулмонлари жамоаси» марказий диний ташкилоти раиси, алжирлик Хенни Моҳаммед ҳам қўлга олинган.
Саратовда эса вилоят муфтийси маслаҳатчиси, фаластинлик Эл-Хих Нидал Авадалла Аҳмед кучишлатар тизимлар эътиборига тушган. Уларнинг қўлга олингани ҳақидаги маълумотлар ҳозирча тасдиқланмади.
Унинг баёнот беришича, Москва, Петербург, Мордовия ва Саратовда қўлга олинган Россия МДИ вакиллари «Ихвон-ул Муслимин» («Мусулмон биродарлар» — Россия Федерациясида террорчи ташкилот деб тан олинган) ташкилоти ва хорижий тузилмалар билан алоқадор бўлиб чиққан».
Ҳукуматпараст "Рыбарь" Телеграм-каналининг ёзишича, "қўлга олинганлар Россия Мусулмонлари диний идораси раиси ва Россия Муфтийлар кенгаши раҳбари Равил Гайнутдиновнинг атрофидаги инсонлар билан боғлиқ".
Россия МДИ вакилларининг қўлга олиниши сабаблари юзасидан ҳозирча расмий баёнот берилмади.