Ўзбекистоннинг биринчи IPO’си инвесторлар ишончини ўзгартирадими? 

Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Лондондаги маросимда шахсан қатнашиб, IPO’ни иқтисодиётнинг очиқлик ва глобал интеграция йўлидан бораётганининг муҳим белгиси сифатида баҳолади.

Яқин вақтгача ёпиқ иқтисодиёт, давлат назорати ва заиф бозор механизмлари учун танқид қилиниб келинган Ўзбекистон бугун халқаро капитал бозорларига чиқишга уринмоқда. Лондонда ўтган ҳафта бўлиб ўтган Ўзбекистон миллий инвестиция жамғармаси - UzNIF IPO’си расмийлар томонидан мамлакат иқтисодий ислоҳотларининг янги босқичи сифатида тақдим этилди.

Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Лондондаги маросимда шахсан қатнашиб, IPO’ни иқтисодиётнинг очиқлик ва глобал интеграция йўлидан бораётганининг муҳим белгиси сифатида баҳолади.

“Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг Лондон Биржасидаги илк листинги муносабати билан бу ерда иштирок этиш биз учун чуқур рамзий маънога эга. Гап фақат тантанали маросимда эмас, ушбу лаҳзалар иқтисодиётимизни дунё билан ҳамнафас бўлиб фикрлаш, фаолият юритиш ва алоқа қилиш тарзидаги туб ўзгаришларни акс эттиради”, деди Мирзиёева.

Лондон биржасида UzNIF акцияларининг тахминан 30% қисми тақдим этилди.

IPO орқали 600 миллион доллардан ортиқ маблағ жалб қилинган ва инвесторлардан 2,8 миллиард доллардан зиёд талаб келиб тушган.

Ўзбекистон нима учун UzNIF ни тузди?

Вa умуман UzNIF ўзи нима?

UzNIF — бу Uzbekistan National Investment Fund, яъни Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасидир.

У 2026 йилда ташкил қилинди.

Ўзбекистон иқтисодиётига кўпроқ хорижий инвестиция жалб қилишни мақсад қилган.

Оддий қилиб айтганда, ҳукумат давлат йирик компанияларни халқаро стандартларга мослаштириб, инвесторлар учун жозибадор қилишни истаяпти.

Чунки узоқ йиллар давомида Ўзбекистондаги кўплаб йирик корхоналар коррупцияга ботган ва давлат назоратида бўлган.

Уларнинг бошқаруви эса кўп ҳолатда ёпиқ ва самарасиз деб баҳоланган.

Бу эса чет эл инвесторларини эҳтиёткор қилган.

Шу сабаб ҳукумат UzNIF ни ташкил қилди.

Фонд ичига: банклар, энергетика компаниялари, телеком операторлар
ва бошқа стратегик давлат активлари киритилди.

Ҳукумат фикрича, UzNIF иқтисодиётни модернизация қилишга ёрдам беради.

Яъни давлат иқтисодиётдаги улушини қисқартириб, хусусий секторни кучайтиришни истаяпти.

Компаниялардан шаффофлик, самарадорлик ва фойда талаб қилинади.

Аввал давлат компанияларида ҳисоботлар ёпиқ бўлган,
ортиқча бюрократия кучли бўлган, харажатлар самарасиз ишлатилган.

Ўзбекистонда давлатнинг муҳим компаниялари ҳар бирининг 25–40 фоиз улушини назорат қиладиган Миллий инвестиция жамғармаси ташкил этилди. Бу жамғарма давлатга тегишли, аммо уни бошқариш америкалик Franklin Templeton компаниясига берилган.

Бу активларни бошқаришга ихтисослашган жуда машҳур компания ҳисобланади. У дунё бўйлаб тахминан 1,3 триллион долларлик активларни бошқаради ва компанияларнинг фонд бозорларидаги имкониятларини оширадиган корпоратив қарорларга таъсир кўрсатади.

Халқаро биржага Ўзбекистоннинг телекоммуникация, энергетика, гидроэнергетика, авиация, темирйўл инфратузилмаси ва банк соҳасидаги муҳим давлат активлари чиқарилди.

Улар орасида Ислом Каримов давридаги энг йирик коррупциявий можаролар марказида бўлган, шаффофлик, монополия мавқеи ва давлат бошқаруви самарадорлиги бўйича танқид қилиб келинган ширкатлар ҳам бор.

UzNIF таркибидаги асосий компаниялар:

  • “Ўзбектелеком” ширкати.
  • “Ўзбекситон ҳаво йўллари” компанияси.
  • “Ҳудудий электр тармоқлари” ширкати.
  • “Ўзбекистон темир йўллари” шикарти.
  • “Ўзбекгидроэнерго”
  • “Иссиқлик электр станциялари”
  • “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси”
  • “Ўзсаноатқурилишбанк” каби йирик компаниялар бор.

UzNIF орқали Ўзбекистон ҳукумати давлат активларини босқичма-босқич хусусий секторга беришни режалаштирган.

Сапарбай Жубаев, қозоғистонлик иқтисодий таҳлилчи.

“13та компания ҳисобидан жамғарма тузилиб Лондонда акциялари тақдим этилди. Глобал депозитар расписка шаклида акциялари бутун жаҳонга сотилади. Лекин сотиб оладиган Ўзбекистонни билмаслиги мумкин.

Бу иш билан шуғулланадиган компанияни билади холос.

Депозитарияни сотиб олади у пул Ўзбекистонга келади”, дейди Қозоғистондаги Евроосиё университети таҳлилчис Сапарбай Жубаев.

Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF)нинг бошқарувчиси сифатида АҚШдаги етакчи инвестиция компанияларидан бири Franklin Templeton ёлланган.

Franklin Templeton ушбу компанияларда корпоратив бошқарувни яхшилаш, молиявий шаффофликни ошириш ва уларни IPO ҳамда халқаро инвестицияларга тайёрлайди.

Экспертлар фикрича, Ўзбекистоннинг транспорт ва инфратузилма соҳаларида катта молиявий оқимлар мавжудлиги сабабли коррупция хавфи ҳали ҳам юқори ҳисобланади. Шунинг учун инвесторлар ва халқаро молия институтлари, аввало, шаффофлик ва мустақил назоратга катта эътибор қаратади.

Таҳлилчилар фикрича, бу компанияларга инвестор кириши — шаффофлик, корпоратив бошқарув ва халқаро инвесторлар учун жозибадорлик нуқтаи назаридан ўзгаришларга олиб келиши мумкин ва айни пайтда шу 13 та ширкатда коррупция ва таниш-билишчиликдан халос бўлиш имконияти ҳамдир.

Алишер Илҳомов, Лондондаги Dew Diligуnce гуруҳи таҳлилчиси.

“Энг аввало бу 13 та компания халқаро стандартларга мослашиш учун ислоҳотлардан ўтиши керак, уларга шундай имконият ҳозир бериляпти. Бу ширкатлар ўтмиши порахўрлик ва коррупцияга ботган ширкатлар. Айнан Franklin Templeton компаниясига нафақат бошқарув, балки шу компаниялардаги корпоратив бошқарув даражасини оширишга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш ваколати берилган. Бу орқали маълум бир самара кутилмоқда: эҳтимол, айрим компаниялар қисман хусусийлаштирилиб, мустақил равишда бозорга чиқиши мумкин. Аммо ҳозирча улар бозорга фақат ушбу инвестиция жамғармаси доирасида чиқмоқда. Лекин, кўрамиз нима бўлишини, ижобий таъсири бўлади деб умид қиламиз ”, -дейди таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Franklin Templeton раҳбарияти Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва хусусийлаштириш дастури самара беради деган ишончда.

Franklin Templeton Ўзбекистонда Руминия тажрибасини қўлламоқчи

Ширкат раҳбари Женни Жонсон Bloomberg мухбирининг саволларига жавоб берар экан, ўзи бошқараётган инвестиция компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда давлатга қарашли 13 та компанияни хусусийлаштириш жараёнида иштирок этаётганини айтди.

“Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотлар борасида жуда прогрессив ёндашмоқда. Ҳатто ҳозир дунёда энг юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичларидан бирига эга мамлакатлардан ҳисобланади. Айни чоракда ЯИМ ўсиши тахминан 9 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган йили эса бу кўрсаткич қарийб 8 фоиз бўлган. Ҳукумат давлатга қарашли корхоналарни хусусийлаштиришда ёрдам бериш учун Franklin Templeton компаниясини жалб қилди. Транспорт, коммунал хизматлар ва молиявий хизматлар соҳаларини қамраб олган 13 та компания махсус жамғармага бирлаштирилди”, таъкидлайди Жонсон.

Лондон биржаси эса дунё молия тизимида “ишонч маркази” сифатида қаралади.

Franklin Templeton Руминияда амалга оширган Fondul Proprietatea тажрибасини Ўзбекистонда ҳам қўллашни мақсад қилган.

У ерда давлат компаниялари корпоратив ислоҳотлардан кейин Европадаги йирик IPOлардан бирини амалга оширган ва инвесторларга юқори даромад келтирган.

Жонсон фикрича, бу жараённинг асосий мақсади — Ўзбекистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва давлат компанияларини халқаро стандартларга мослаштиришдир.

“Уларнинг мақсади — ислоҳотларни амалга ошириш учун Ўзбекистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш. Бу жуда яхши усул. Биз бунга ўхшаш ишни 15 йил олдин Руминияда ҳам қилганмиз. У ердаги даромадлар ҳатто S&P 500дан ҳам юқори бўлган. Шунинг учун кўплаб мижозларимиз бунга жуда қизиқмоқда. Лондон биржасидаги IPO ҳақиқатан ҳам катта қизиқиш уйғотди. Тошкентда савдолар аллақачон очилган. IPO га талаб таклифдан тўрт баравар юқори бўлди. Бу инвесторларнинг Ўзбекистонга сармоя киритишни истаётганини кўрсатади. Айтиш керакки, бундай ишни амалга ошириш учун кучли лидерлик талаб қилинади. Лекин иқтисодиётни ислоҳ қилиш учун бу жуда муҳим. Биз бу жараёнда иштирок этаётганимиздан жуда ҳурсандмиз”, дейди Franklin Templeton раҳбари Жонсон.

Bloomberg мухбирининг Ўзбекистондаги марказлашган бошқарув ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Жонсон хоним Ўзбекистон президенти ислоҳотларни амалга ошириш учун мустақил бошқарув муҳимлигини тушунганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Franklin Templeton’га компанияларда корпоратив бошқарувни ислоҳ қилиш ва керак бўлса раҳбариятини ўзгартириш ҳуқуқининг берилиши инвесторлар учун муҳим ишонч омили ҳисобланади.

“Бу корхоналарни иш жараёнида менежмент ўзгариши мумкин. Қанақа ўзгаради. Ҳалиги халқаро компания Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси билан келишади. Мен сени акцияларингни сотиб берадиган бўлсам сен мана бу ўзгаришларни қилгин, буларни ҳусусийлаштиргин, буларга давлат аралашмасин, деган талабларни қўйиши мумкин. Буни ҳукумат бажарадими мен кафиллик беролмайман”, дейди Сапарбай Жубаев.

Лондон биржаси эса дунё молия тизимида “ишонч маркази” сифатида қаралади.

Шунингдек, бу бозор шаффофлик, аудит ва корпоратив бошқарув бўйича дунёдаги энг қаттиқ талабларга эга майдонлардан бири.

Шу маънода, Ўзбекистон халқаро молия тизимига “биз глобал қоидалар бўйича ишлашга тайёрмиз” деган сигнални бермоқда.

Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиева таъкидича, Лондондаги бу IPO Ўзбекистоннинг ёпиқ иқтисод моделидан халқаро бозор қоидаларига ўтишга уринаётганининг белгиларидан биридир.

“Бугун Ўзбекистон Лондонга чегаравий бозор сифатида эмас, балки ўз иқтисодий келажагини онгли равишда ўзгартириб бораётган мамлакат сифатида келмоқда. Ва ҳозир биз бу йўлнинг фақат бошида турибмиз”, деди Саида Мирзиёева.

Franklin Templeton каби йирик фондларнинг қизиқиши ва компания раҳбари Женни Жонсоннинг Ўзбекистон ислоҳотларини юқори баҳолаши ҳам муҳим сигнал бўлди.

Женни Жонсон кейинчалик Саида Мирзиёева билан видеосини тармоқда улашар экан бундай ёзди:

“Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси — UzNIF’нинг муваффақиятли IPO’си билан Ўзбекистонни табриклаймиз. Бу 2021 йилдан бери Лондон фонд биржасидаги энг йирик IPO бўлди. Ўзбекистоннинг илк халқаро IPO’сида иштирок этиш ва унга етакчилик қилишдан фахрланамиз. Лойиҳа орқали қарийб 700 миллион доллар жалб қилиниб, жаҳон инвесторлари дунёнинг энг истиқболли ўсувчан иқтисодларидан бири бўлган Ўзбекистон билан боғланди. Бу қадам хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун янги имкониятлар очади ҳамда бошқа ўзбек компанияларининг ҳам глобал капитал бозорларига чиқишига туртки беради.”

АҚШдаги Franklin Templeton — дунёдаги энг йирик инвестиция компанияларидан бири ҳисобланади. Компания инвестиция фондлари, пенсия жамғармалари, суғурта ташкилотлари ва хусусий инвесторлар маблағларини бошқаради. У 1947 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда акциялар, облигациялар, хусусий бозорлар ва альтернатив инвестициялар соҳасида глобал asset manager сифатида фаолият юритади.

Компаниянинг Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF)нинг ишончли бошқарувчиси ва менежери сифатидаги вазифаси давлат улушига эга корхоналарда корпоратив бошқарувни яхшилаш, халқаро инвестицияларни жалб қилиш ва уларни IPO орқали жаҳон бозорларига олиб чиқишдан иборат.

Мавзуга алоқадор

АҚШ суди Ўзбекистоннинг Oxus Gold ширкатига 10,2 миллион доллар тўлаб бериши муддатини кечиктирди

"Капитал бозор хотирасини йўқотмайди"

Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсати ва ёпиқ бозор тизими яқин-яқинларгча танқид қилиниб келинган.

Инвесторлар учун асосий саволлар ҳали ҳам долзарб: Барча қарорлар фақат битта шахс - президент тасдиғидан ўтадиган Ўзбекистонда давлатнинг иқтисодиётга аралашуви чекланадими, суд тизими мустақил ишлайдими, хусусий мулк қай даражада ҳимоя қилинади?

Чунки глобал капитал учун энг муҳим нарса ишонч ҳисобланади.

“Ҳа, фонд биржаси — бу витрина. Аммо инвесторлар пулни витринага эмас, балки иқтисодий сиёсатни аниқ ва барқарор қиладиган институтларга қўяди. Булар биринчи навбатда: мустақил суд; мулк дахлсизлиги кафолати; қонунчилик барқарорлиги;маъмурий босимдан ҳимоя; шартномалар ижроси.Агар бу механизмлар йўқ бўлса, листинг қиммат PR лойиҳасига айланади ва унинг самараси чекланган бўлади”, дейди Швейцарияда яшовчи иқтисодий таҳлилчи Алишер Таксанов.

Женни Жексон Ўзбекистонда қарорлар кўп жиҳатдан президентга боғлиқ бўлса ҳам, ҳукумат инвесторлар ишончини ошириш учун мустақил бошқарув тизимини жорий қилмоқда.

Шу мақсадда Franklin Templetonга давлат компанияларида корпоратив бошқарувни назорат қилиш ва зарур ҳолларда раҳбариятни ўзгартириш ваколати берилган.

“Бизга керак бўлса компаниялар раҳбариятини ўзгартириш ваколатини берди. Давлат корхоналари ҳақида кўпинча: ‘Бу ҳукуматга яқин одамлардан иборат тизим’, деган қараш бўлади. Агар биз бунинг нотўғри эканини билсак, уни алмаштириш имкониятига эгамиз”, дейди Franklin Templeton раҳбари.

Йигирма йил олдин Ўзбекистон ғарб инвесторлари билан ишлашга уринган эди. Ўша пайтда мамлакатга йирик хорижий компаниялар, жумладан Британиянинг Oxus Gold компанияси ҳам кирган.

Натижа маълум: давлат билан низолар, лицензияларни бекор қилиш, солиқ даъволари, халқаро арбитражлар ва инвесторларнинг амалда мамлакатдан чиқариб юборилиши холатлари.

“Капитал бозор хотирасини йўқотмайди. Инвесторлар Ўзбекистонда аввал нималар бўлганини ва вазиятни қисқа вақт ичида тубдан ўзгартириш қийин эканини билади. Ислоҳотларга қарамай, маъмурий буйруқбозлик тизимнинг айрим элементлари Ўзбекистонда ҳануз сақланиб қолмоқда. Инвесторлар яхши билади: мустақилликнинг 35 йили давомида Ўзбекистонда хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам тизими тўлиқ шаклланмади. Бу йўналишда реал ва институционал ўзгаришлар бўлмас экан, бундай тақдимот ва PR-кампаниялар кутилган самарани бермаслиги мумкин”, деб фикр билдиради Алишер Таксанов.

Transparency International индексига кўра, Ўзбекистон 100 баллдан 31 балл олган ва коррупция даражаси юқори бўлган давлатлардан бири.

Қонун устуворлиги, мустақил судлар заифлиги, тийиб туриш ва мувозанат тизимининг чекланганлиги, ижро ҳокимиятига кучли боғлиқлик каби муаммолар Ўзбекистонда мавжуд.

Журналистлар ва блогерлар босим остида бўлиши, айрим ҳолларда таъқиблар ҳақида ҳам айтилади.

Матбуот эркинлиги инвесторлар учун нафақат инсон ҳуқуқи масаласи, балки коррупция ва давлат харидлари устидан жамоат назорати механизми ҳамдир.

Шу ўринда таҳлилчилар Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофли сари ислоҳотлар изчил давом этса, IPO’лар Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги энг жозибадор инвестиция марказларидан бирига айланишига хизмат қилиши мумкинлигини назардан соқит қилишмайди.