Исроил Ливан ҳудудига зарба беришда давом этмоқда

Ливан давлат ахборот агентлиги хабар беришича, Исроил томонидан бир нечта зарбалар берилиши ортидан Жанубий Ливан осмонига қaлин тутун кўтарилди.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил ўртасида 16 апрель куни эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, тўқнашувлар давом этмоқда. Ҳар икки томон бир-бирини келишувни бузганликда айбламоқда.

“Ҳизбуллоҳ» ҳам жангари гуруҳ, ҳам Ливан жанубининг катта қисмини назорат қилувчи сиёсий партиядир. Қўшма Штатлар уни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди, Европа Иттифоқи эса фақат унинг қуролли қанотини «қора рўйхат»га киритган.

Исроил Жанубий ва Шарқий Ливанга зарбалар беришни давом эттирмоқда ҳамда хавфсизлик сабабларини важ қилиб, мамлакат жанубидаги чегара ҳудуддаги уйларни вайрон қилмоқда.

Ҳизбуллоҳ эса Шимолий Исроил ва Ливан ҳудудидаги Исроил ҳарбий позицияларини нишонга олишда давом этмоқда.

Байрутнинг жанубий ҳудудларидан бўлган оилалар Исроилнинг янги зарбаларидан қўрқиб, шаҳар соҳилига қочишди ва бу ерда аллақачон вақтинча чодирларда яшаётган кўчирилган ливанликларга қўшилди.

Исроил Байрутнинг жанубий ҳудудларини “Ҳизбуллоҳ” учун таянч нуқта деб ҳисоблайди.

Бир киши айтишича, ҳатто йўлаклар ҳам одамлар билан тўлиб кетган.

Душанба куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакат Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га қарши зарбаларни кучайтиришини айтди.

- Мен ва мудофаа вазири, шунингдек Қуролли кучлар Бош штаби раҳбари топшириғи билан Ливандаги операцияларимизни кучайтирмоқдамиз. Исроил Қуролли кучлари катта кучлар билан ерда ҳаракат қилмоқда ва стратегик устунлик позицияларини эгалламоқда. Биз шимолдаги Исроил аҳоли пунктларини ҳимоя қилиш учун хавфсизлик буфер ҳудудини мустаҳкамлаяпмиз, дейди Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу.

Шундан сўнг Исроил армияси Ливаннинг шарқий Бақаа водийсидаги Ҳизбуллоҳ инфратузилмасига ва бошқа ҳудудларга зарба бераётганини маълум қилди.

Сешанба куни Исроил армияси жанубий Ливандаги Набатия шаҳри аҳолисини эҳтимолий ҳаво зарбалари олдидан ҳудудни тарк этишга чақирди.

Сўнгги зўравонликлар АҚШ расмийси “Ҳизбуллоҳ” Исроилга ўқ узмаслик ҳақидаги огоҳлантиришларга амал қилмаганини айтган бир пайтга тўғри келди.

Ҳизбуллоҳдан ҳозирча расмий изоҳ берилмади.

Исроил ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган гуруҳ ўртасида ўзаро зарбалар давом этмоқда.

Теҳрон АҚШ билан музокараларда кенг қамровли урушни тугатиш шарти сифатида Исроилнинг Ливанга ҳужумларини тўхтатишни талаб қилган.

Бироқ вазиятнинг янада кучайиши аллақачон мураккаб бўлиб турган музокараларга таҳдид солиши мумкин.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Эрон билан келишувга эришиш “бир неча кун вақт олиши мумкин”лигини айтди.

Бу АҚШ кучлари Эрон жанубида “ҳимоя характердаги зарбалар” берганидан кейин можаронинг яқин орада тугашига бўлган умидларни пасайтирди.