Футбол бўйича Жаҳон чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолди.
Тарихда илк бор чемпионатда қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоаси Америкага етиб борди.
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилаётган ушбу глобал турнир ўзбек футболи учун янги даврни бошлаб берди.
Терма жамоани Жаҳон чемпионатида нима кутмоқда, "Оқ бўрилар" кейинги босқичга чиқа оладими - бу саволлар ҳозир миллионлаб футбол мухлисини қизиқтирмоқда.
"К" гуруҳидаги вазият
Ўзбекистон Жаҳон чемпионатининг "К" гуруҳидан жой олди ва унда Португалия, Колумбия ҳамда Конго Демократик Республикаси терма жамоаларига қарши майдонга тушади.
Португалия турнир фаворитларидан бири сифатида қаралмоқда ва айнан шу сабабли гуруҳдаги энг асосий таҳдид сифатида ажралиб турибди.
Гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар 1/16 финал босқичига йўлланмани қўлга киритади. Мусобақа бўйича энг яхши саккизта учинчи ўрин соҳиблари ҳам кейинги босқичга чиқиш имконига эга.
Ўзбекистон терма жамоасининг мусобақадаги юриши 17 июн куни Мехико шаҳридаги афсонавий “Эстадио Ацтека” стадионида Колумбияга қарши баҳс билан старт олади.
Кейинги учрашув 23 июн куни Ҳюстондаги "NRG Stadium”да Португалияга қарши ўтказилади. Гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйин 27 июн куни Атлантада Конго Демократик республикасига терма жамоасига қарши бўлиб ўтади.
Сўнгги тайёргарлик босқичида Ўзбекистон жамоасига икки ўртоқлик учрашуви тушди. Улардан биринчиси Эдмонтон шаҳрида Канада терма жамоасига қарши бўлиб, 2:0 ҳисобидаги мағлубият билан якунланди — учрашувнинг иккинчи бўлимида Жонатан Осорио ва Жейден Нелсонлар биттадан гол киритди.
Жаҳон чемпионатидаги тарихий дебют арафасида жамоа яна бир ўртоқлик учрашувини Нидерландия терма жамоасига қарши ўтказади. Ушбу муҳим турнирда Ўзбекистон терма жамоасини Италия билан 2006-йилда жаҳон чемпиони бўлган афсонавий сардор Фабио Каннаваро бошқариб боради.
“Бизда йўқотадиган ҳеч нарса йўқ!"
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийси ўртоқлик учрашуви якунлари, терма жамоанинг кучли томонлари ва йўл қўйилган хатоларни сарҳисоб қиларкан, ўйин шиддати ҳамда мухлислар қўллаб-қувватловининг қийматини алоҳида таъкидлади.
Фабио Каннаваро, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи: “Ҳар қандай учрашувларда албатта хатолар бўлади. Хатоларни 10 кундан кейинги ўйинларда эмас, айнан мана шундай ўртоқлик ўйинларида қилган яхшироқ.”
Каннаваронинг Ўзбекистон терма жамоасига келиши ўзбек футболида мунозара бўлганди.
Айрим мутахассислар Каннаваронинг мураббийлик фаолияти (хусусан, Хитой ва Европада клубларидаги тажрибаси) унинг футболчилик фаолиятидек ёрқин кечмаганини эслатиб, ундан қисқа вақт ичида мўъжиза кутмаслик кераклиги ва унга мослашиш учун вақт бериш лозимлигини айтишади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон термасининг муваффақиятли саралаш циклини словениялик мураббий Сречко Катанец, ундан кейин эса Тимур Кападзе бошқарганди.
Экспертлар Кападзенинг ишдан бўшатилиши мантиқсиз, деб баҳолаганига қарамай мундиалга ўзбек миллий термасини айнан италиялик мураббий олиб борди.
Футбол скаути ва менежери Мирон Гойхман фикрича, бу маънода Америкадаги чемпионат - бу фақатгина футболчилар учун ўзини кўрсатиш имконияти эмас:
- Каннаварога асосий баҳони Жаҳон Чемпионати беради. Тўғри, унда ўзбек футболи ва ўйинчиларини ўрганиш учун вақт кам эди. Шахсан мен учун Тимур Кападзени бош мураббий сифатида қолдириш самаралироқ кўринганди, лекин Федерация барибир яхшироқ билади… Каннаваро буюк футболчи бўлган, аммо мураббий сифатида ўзини ҳали тўлиқ кўрсатгани йўқ. Умид қиламизки, у Америкадаги ЖЧда ўзини ижобий томондан намойиш эта олади.
Қуръа ташлаш натижалари ва турнир олди жараёнлари жамоа учун кутилмаган сюрпризлар ва баҳсларни бошлаб юборди.
Ўзбекистоннинг учинчи ўйини Конго Демократик Республикаси терма жамоасига қарши бўлиб ўтади.
Бироқ, бу ўйин атрофида спортдан ташқари хавотирлар ҳам пайдо бўлди. Гап шундаки, Конго ҳудудида ҳозир яна Эбола вирусининг ёйилиши кузатилмоқда.
ФИФА ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) турнир иштирокчилари хавфсизлигини қатъий назоратга олган.
Расмий баёнотларга кўра, конголик футболчилар ва делегация аъзолари АҚШ, Мексика ҳудудига киришдан олдин тўлиқ тиббий кўрикдан ва карантиндан ўтишган. Шу сабабли, майдонда ҳеч қандай эпидемиологик хавф мавжуд эмас, ваҳималарга эса асос йўқ.
“Сирли куч” статуси
АҚШга етиб борган ўзбек терма жамоа атрофида аллақачон қизиқ воқеалар ҳам бошланиб улгурди.
Ню-Йорк ва Лос-Анжелес аэропортларида жамоани юзлаб ватандошлар карнай-сурнайлар, улкан давлат байроқлари билан кутиб олишди.
Чемпионатда жамоани трибуналардан қўллаб-қувватловчи ўзбекистонлик мухлислар ҳам ўз машқларини бошлаб юборди, ўзбек футболчиларига мухлислик қилгани бутун Марказий Осиё давлатларидан ишқибозлар отланди:
Ижтимоий тармоқларда эса жамоа сардори ва ёш юлдузларнинг машғулотлардан кейинги кайфияти акс этган видеолар трендга чиқмоқда.
Ўзбекистон миллий термасига бағишлаб қўшиқлар ҳам битилди. Айни дамда, дунёнинг турли жойларида Ўзбекистон терма жамоасининг фанатлари пайдо бўлмоқда:
Ўзбекистон терма жамоасининг Америкага сафаридан аввал президент Шавкат Мирзиёев ҳам футболчилар билан учрашув ўтказди.
Тошкентдаги марказий стадионда Ўзбекистон миллий терма жамоасини Жаҳон чемпионатига кузатиш маросими тантана билан ўтказилди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасига эса Жаҳон чемпионатига олиб борадиган, бортига оқ бўри тасвири туширилган махсус учоқ тақдим этилди.
Океан ортидаги "Оқ бўрилар"
Дунё футболида ҳар бир терма жамоанинг ўз рамзий номи бор, масалан: Австралия — «Кенгурулар», Япония — «Кўк самурайлар», Дания - “Дания динамити”, Испания - “Қизил фурия”, Италия - “Скуадра Адзурра”, Англия -”Уч арслон”, Германия - “Бургутлар”...
Хориж ОАВлари ҳам Ўзбекистон терма жамоасининг оқ либоси ва тажовузкор ўйинидан келиб чиқиб, 2000-йилларнинг иккинчи ярмида илк бор "Оқ бўрилар" иборасини ишлата бошлаган. 2010-йилларга келиб, ЎФА ушбу номни расмий маркетинг бренди сифатида қабул қилди.
Кўпчиликда савол туғилади: нима учун Ўзбекистон миллий терма жамоасини айнан «Оқ бўрилар» (The White Wolves) деб аташади?
Экспертларга кўра, бу лақабнинг замирида рамзий маъно ётади.
Бўри — туркий халқлар маданиятида жасорат, эркинлик, енгилмас ирода ва жамоа бўлиб ҳаракат қилиш рамзи ҳисобланади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ташкил топган илк йилларданоқ — 1992 йилдан бошлаб оқ рангни ўз рамзи сифатида танлаган.
1992 йил 17 июнда Тожикистонга қарши ўтказилган миллий жамоа тарихидаги илк расмий учрашувдаёқ футболчилар майдонга оқ рангли либосда тушишган - ўшанда давлат байроғига мослаб либослар четида кўк ва қизил чизиқлар бўлган.
Шу сабабли, команданинг анъанавий асосий либоси оқ рангда бўлгани учун уларга "Оқ бўрилар" номи берилган. Мазкур бренд бугунда ўзбек футболининг халқаро майдондаги ташриф қоғозига айланган.
Айтганча, “Оқ бўрилар” президент куёви Отабек Умаровга алоқадорлиги иддао қилинадиган 7SABER томонидан ишлаб чиқилган расмий либосни ҳам тақдим этди.
Мутахассислар «Оқ бўрилар» ўйинини қандай баҳолаяпти?
Халқаро футбол таҳлилчилари ва экспертлари АҚШдаги Жаҳон чемпионати дебютанти бўлмиш Ўзбекистон терма жамоасини турнирнинг энг "сирли қора тулпори" (dark horse) деб баҳолашмоқда.
Футболчиларнинг аксарияти Европа, Осиё ва Россиянинг етакчи клубларида мавсумни муваффақиятли якунлаб, оптимал спорт формасида етиб келишган.
Элдор Шомуродов
Терма жамоанинг асосий футболчиларидан бири — капитан Элдор Шомуродов. У бу мавсумда Туркия чемпионатининг иккинчи тўпурари бўлди.
Шунингдек, дунёнинг энг машҳур клубларидан бири — “Манчестер Сити”да ўйнаётган ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановни ҳам алоҳида таъкидлаш керак.
Жамоа етакчилари қаторида “Истанбул Башакшеҳир” футболчиси Аббосбек Файзуллаев ҳам бор.
Аббосбек Файзуллаев
Айрим экспертларнинг фикрича, жамоада ЖЧ каби катта босим остидаги турнирларда тажриба етишмаслиги панд бериши мумкин.
- Ўзбекистон футболчиларининг Жаҳон Чемпионатига иштирок этиш имкониятини қўлга киритганини камситмаган ҳолда айтаманки, агарда квоталар сони 48тага етказилмаганда унда иштирок эта олмасди. Ўзбекистонлик футболчиларга “К” гуруҳига тушган жуда кучли жамоалар орасидан ёриб ўтиш лозим бўлади, дейди исми сир қолишини сўраган футбол экспертларидан бири.
Opta суперкомпютерининг сўнгги янгиланган прогнозида Ўзбекистон терма жамоасининг чемпионатда ғалаба қозониш эҳтимоли 0,08% деб баҳоланди.
Opta фаворитлар рўйхатида биринчи ўринда Испания, сўнгра Франция ва Англия туради. Ўзбекистон эса Иордания ва Гаити билан бирга букмекерлар томонидан энг паст баҳоланган жамоалар қаторида.
- Ўзбекистон — Жаҳон чемпионати дебютанти, шу сабаб уларни яхши билмайдиган хорижлик экспертлар имкониятларини паст баҳоламоқда. Ваҳоланки, Америкадаги иқлим ва шароитларда барча жамоаларга қийин бўлади ва "Оқ бўрилар“ бу ерда кутилмаган натижа кўрсатиши мумкин. Аслида, миллий жамоа бу турнирда аллақачон ўйнаши керак эди — аввалги сафарларда унга бор-йўғи бир очко ёки биттагина ғалаба етмай қоларди. Бу гал энг муҳими — шунчаки кейинги босқичга чиқиш эмас, балки юқори сифатли футбол кўрсатишдир. Йигитлар мақсади — Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда ҳам футболни юқори даражада ўйнай олишларини бутун дунёга намойиш этишдан иборат! - дейди футбол таҳлилчиси Мирон Гойхман.
Исмини маълум сабабларга кўра очиқлашни истамаган бошқа бир футбол таҳлилчисига кўра, ўзбек футболи олдида ҳали жуда кўп муаммолар турибди:
Яна бир ўзбекистонлик футбол таҳлилчиси фикрича, энг катта муаммо - футбол давлат томонидан бошқарилишида:
-Ўзбекистон спорт раҳбарияти ўзбек футболини кўп йиллик давлат дотацияларидан чиқариши керак. Давлат корхоналари бўйнига юклаш билан жаҳон миқёсидаги футболни яратиб бўлмайди. Мана ёшлар жамоалари ютуқларини кўриб турибмиз, ривожланиш бор. Лекин қарангки, ўсмирлар терма жамоасининг бирорта ҳам аъзоси Ўзбекистон клубларида тўп сурмайди. Нега уларнинг бирортаси ҳам кучли биринчиликка сотилмаган? Клублардаги ойлаб маошдаги қарзлар, коррупция, келишилган ўйинлар, бозор талаб ва таклифлари инобатга олинмаслиги, селекция масалалари… Ҳаммаси қатъий ечим талаб қиладиган масалалар. Қачонгача футболни ривожлантириш президент қарорлари асосида амалга оширилади?
Жаҳон чемпионатига Ўзбекистондан нафақат футболчилар, балки ҳакамлар ҳам боришади.
Булар - бош ҳакам Илгиз Танташев ҳамда қанот ҳакамлари Тимур Гайнуллин ва Андрей Цапенколардир.
Чемпионат бошланишидан олдин терма жамоа иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади: 1 июн куни Канадага қарши, 8 июн куни эса Нидерландияга қарши.
10 июндан бошлаб мундиал якунига қадар жамоа АҚШнинг “Атланта Юнайтед” клуби базасида машғулот ўтказади.
Терма жамоа мундиалдаги илк ўйинини 18 июн куни Мексикада Колумбияга қарши ўтказади.
Кейинги икки учрашув эса АҚШда бўлиб ўтади: 23 июн куни Ўзбекистон турнир фаворитларидан бири — Португалия билан, 28 июн куни эса Конго ДР терма жамоаси билан куч синашади.
- Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатидаги иштироки тарихий аҳамиятга эга. Бу воқеа бутун дунё эътиборини нафақат ўзбек футболига, балки бутун Марказий Осиё минтақасига қаратади. Минтақада энг кучли бўлган Ўзбекистон терма жамоаси ортидан бошқа қўшни республикалар ҳам ўз даражасини оширишга интилади. Бутун дунё улар ўйинларини кузатиб: "Қаранг, улар қандай чиройли футбол кўрсатишяпти!“ дея ҳавас қилишини истардим", - дея хулоса қилади футбол менежери ва журналист Мирон Гойхман.
Орзиқиб кутилаётган бу чемпионатда кучсиз жамоа йўқ. Ўзбекистон терма жамоаси тарихда мундиалга чиққан Марказий Осиёдаги биринчи жамоа бўлиб қолади.
Қайси жамоа кейинги босқичлардан ўтади, кимлар финалгача етиб боради - буни вақт ва майдондаги тортишувлар кўрсатади.