Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида юз берган кучли портлаш ортидан қурбонлар сони юзасидан зиддиятли маълумотлар пайдо бўлди.
Расмийлар фалокат оқибатида 6 киши ҳалок бўлганини билдирган бўлса, Озодлик суҳбатлашган маҳаллий манбалар қурбонлар сони бундан бир неча баробар кўп бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Гувоҳлар сўзларига кўра, портлаш пайтида газ қуйиш ҳудудида ишчилар билан бирга маиший баллонларига газ олдириш учун келган аҳоли ва болалар ҳам бўлган. Манбалар айрим қурбонларнинг жасадлари қаттиқ куйиб кетгани сабабли уларни аниқлаш қийинлашаётганини иддао қилмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида жойлашган маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида 8 июн куни туш пайтида содир бўлган портлашда, расмий маълумотга кўра, 6 киши ҳалок бўлган.
Норасмий манбалар эса портлаш қурбонлари анча кўп бўлганини айтмоқдалар.
Портлаш 8 июн куни маҳаллий вақт билан соат 13.50да “Чаман” МФЙда жойлашган пропан газ қуйиш корхонасида содир бўлган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда, портлаш жуда кучли бўлгани ва унинг тўлқини анча узоқда бўлган автомобилларнинг ойналарига ҳам шикаст етказгани кўринади.
Озодлик олган хабарга кўра, ёнилғи тўла иккита автомобил юкини бўшатаётган пайтда ёнғин содир бўлиб, портлаш юз берган.
Расмий маълумотга кўра, иккита Cobalt енгил автомобили, 2 та газ ташишга мўлжалланган автомобиль ҳамда 2 та ер остидаги ёнилғи сақлаш резервуари ёниб зарарланган.
Исми сир қолишини сўраган “Чаман” МФЙ турғунининг айтишича, пропан маиший газ баллонларига ёнилғи тўлдириш корхонаси шундоқ маҳалланинг биқинида жойлашгани сабабли, у ерга баллонларига газ қуйдириш учун келган одамлар ва болалар ҳам бўлган:
“Жуда ҳам кучли портлаш бўлди. Унинг тўлқини ўша жойга яқин жойлашган ҳовлиларнинг дарвозасигача қўпориб ташлади. Менинг эшитишимча, ҳалок бўлганлар сони йигирмадан ортиқ бўлиши мумкин. Портлаш ўчоғида бўлган одамлар шу даражада куйиб кетганки, улардан нишон ҳам қолмаган, топишолмаяпти экан. Ҳозир ўша жойнинг атрофи бир неча километрдан ўраб олинган, ҳеч кимни яқин йўлатишмаяпти”.
Вилоят газ таъминоти корхонасининг исми сир қолишини сўраган мулозимининг Озодликка айтишича, техника хавфсизлигига риоя қилинмагани сабабли ушбу воқеа содир бўлган:
“Бу жой ҳам газ баллон тўлдириладиган, ҳам аҳолига сотиладиган жой. Шундан келиб чиқилса у ерда анча одам бўлган бўлиши мумкин. Ўша пайтда иккита катта машина бир-бирига газ ўтказиб бераётган пайтда, нимадандир учқун чиқиб иккаласи ҳам портлаб кетган. Ҳайдовчи ва ишчилар оддий техника хавфсизлигига риоя қилмаган”.
Озодлик Косон туманининг Дарча МФЙда яшовчи аёл ва унинг бир нафар вояга етмаган қиз фарзанди портлаш қурбони бўлганини, аёлнинг эри эса 70 фоиз куйиш жароҳати олиб, касалхонага ётқизилганини тасдиқлади.
Маҳалла фаолининг айтишича, бу оила пропан газ баллонига ёнилғи қуйдириш учун у ерга борган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, бу ҳодисани ўрганиш ва оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Ачилбай Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссияси ташкил этилган.
Озодлик манбаларининг иддао қилишича, қурбонлар сони 20 нафардан ортиқ.
Озодлик суҳбатлашган манбалар расмий эълон қилинган қурбонлар сони воқеанинг ҳақиқий кўламини акс эттирмаётган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Озодлик бу иддаоларга муносабат олиш учун Қашқадарё вилояти ИИББ матбуот хизмати раҳбари Ирода Расулованинг мобил телефонига бир неча бор қўнғироқ қилди. Аммо матбуот котиби қўнғироқларга жавоб бермай, ўчириб қўйди.
Бу каби техноген фалокатлар оқибатида ҳалок бўлганлар сонини озайтириб кўрсатиш ҳолатлари Ўзбекистонда кўп бўлган.
2024 йилнинг декабрида Фарғона шаҳридаги пропан газ қуйиш шохобчасида юз берган портлашда расмийлар 3 киши ҳалок бўлганини иддао қилган эди.
Аммо Озодлик суҳбатлашган гувоҳлар қурбонлар сони ўндан ортиқ эканлигини айтган эди.
Қашқадарё вилоятида сўнгги йилларда газ қуйиш шохобчаларида бир неча портлаш содир бўлди.
Ўтган йилнинг 16 июлида Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани марказида жойлашган пропан газ қуйиш шохобчасида кучли портлаш содир бўлган эди.
Аммо Озодлик суҳбатлашган кўкдалаликлар қурбон бўлганлар сони расмий маълумотдагидан анча кўп эканлигини айтган эдилар.
Ҳукумат комиссияси ҳодисани ўрганишни бошлаган бўлса-да, маҳаллий аҳоли ва Озодлик манбалари расмий маълумотлар воқеанинг ҳақиқий кўламини акс эттирмаётган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида газ қуйиш шохобчаларида содир бўлган бир қатор портлашлардан кейин ҳам қурбонлар сони юзасидан баҳслар кузатилган эди.
Бу эса техник хавфсизликка риоя қилиниши, назорат тизими самарадорлиги ҳамда фалокатлар ҳақида жамоатчиликка тўлиқ ва очиқ ахборот бериш масалаларини яна кун тартибига чиқармоқда.
Қаршидаги фожиа бўйича текширув натижалари эълон қилинмагунча, қурбонлар сони ва ҳалокат сабаблари ҳақидаги кўплаб саволлар жавобсиз қолмоқда.
Озодлик ҳодиса тафсилотлари ва қурбонлар сони ҳақидаги қарама-қарши маълумотларни ўрганишда давом этмоқда.