"Олдинги раҳбарлар қамалди". Ўзбекнефтгаз мулозими президентдан ёрдам сўради

Ўзбекистонда нефт-газ саноати ва қурилиш секторининг катта қисмини эгаллаган энг йирик хусусий тузилма — Enter Engineering, Eriell ва Saneg компаниялари гуруҳи эгаси Бахтиёр Фозилов (ўнгда) президент Шавкат Мирзиёев билан, 15 апрел, 2021 йил

Ўзбекистонда қиймати қарийб 2 миллиард долларни ташкил этувчи Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш лойиҳаси давомида пул маблағларини ўғирлаш бўйича йирик жиноий схема фош этилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти берган маълумотга кўра, тергов бу жиноятга "Ўзбекнефтгаз" АЖ, солиқ органлари ҳамда бир неча компания раҳбари аралашганини гумон қилмоқда.

Бу орада терговга тортилишидан қўрққанини айтган "Ўзбекнефтгаз" мулозимларидан бири - Рустам Юнусов президентдан ёрдам сўраб ижтимоий тармоқларда мурожаат эълон қилди ва тизимда муаммолар борлигини айтди.

2024 йилда Kuwait Oil Company тизимидаги яхшигина ишини ташлаб, Ўзбекистонга қайтганини айтган нефт-газ соҳаси бўйича мутахассис Рустам Юнусов тез орада қамалиши мумкинлигидан қўрқиб, президентдан ёрдам сўради.

Рустам Юнусов ўтган бир неча йил ичида Ўзбекистон нефт-газ тизимида қонун бузилишлар бўлганига гувоҳ эканини таъкидламоқда.

Унинг иддаосича, ҳозир тизимдаги ҳақиқий айбдор бўлган "катта фигуралар" ҳамда бу соҳадан пул қилаётган соядаги миллиардерлар уни навбатдаги қурбон сифатида танлаган бўлиши мумкин.

"Менга шартномаларни, бажарилган иш актларини имзолаш буюрилганида мен улардан воз кечишга уринганман. “Мен хавфларни кўряпман. Эртага текширувлар бошланса мен жавобгар бўламан, қамаб қўйишади", деган эдим. Биз ҳеч қанақа сохта шартномаларни имзоламаганмиз. Бу ҳужжатлар ички назоратдан ва Ўзбекнефтгазнинг қатор департаментлар текширувларидан ўтгандан кейин имзоланган. Лойиҳани амалга ошириш учунгина керак бўлган шартномалар имзоланган", деб иддао қилади Юнусов.

Тармоқдаги чиқишида Юнусов ўзини, президент Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотлардан илҳомланиб, Қувайтдаги қулай шароит ва яхши ишдан воз кечиб, Ўзбекистонга қайтган ватанпарвар, деб тақдим қилмоқда.

"Халқаро лойиҳаларда малакага эга кучли мутахассислар гуруҳини қисқа вақт ичида йиғиб, биз қисқа вақт ичида 3та қувур қазидик. Улардан иккитасида - Шиғирлик ва Қизилжарда катта миқдорда газ топилди. Мана менинг ортимда улардан бири - Қизилжар. Лекин, менинг мурожаатим шундан иборатки, яқин орада терговга тортилсам керак, чунки мени ишга қабул қилган олдинги раҳбарият қамоққа олинган, мен ҳам қамалишим мумкин. Менга нисбатан жиноят иши сохталаштирилишидан хавотирдаман. Ваҳоланки ўтган бир йил ичида мен ҳеч бир қонунни бўзмаганман", деб даъво қилади Юнусов.

Рустам Юнусов Инстаграм тармоғида эълон қилган кетма-кет видеомурожаатларида конкрет қандай қонунбузарликлар борлигига ойдинлик киритмади.

Озодликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали изоҳ сўраб Рустам Юнусовга қилган мурожаатлари ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Аммо, у тилга олган жумлалар орасида “сохта шартномалар” ва афтидан амалда бажарилмасада бажарилган, деб кўрсатилган ишларнинг “актлари”ни тилга олди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ фаолиятида шу каби ҳолатлар тергов қилинаётгани ҳақида шу йилнинг 3 июн куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти маълумот берган.

Расмий айбловга кўра, тизим раҳбарларига миллиардлаб сўмлик қурилиш ва тендер шартномаларини ўзлаштириш, давлат харидларида нархни сунъий ошириш ва таъмагирлик қилиш айби қўйилган.

Тергов органлари бу шахслар номига боғланган ҳужжатли далиллар, банк транзакциялари ва оффшор схемалар мавжудлигини билдирди.

Аммо, бош прокуратура ўз баёнотида бу гал ширкатлар номини қисқартирилган шаклда келтирди.

"Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси, Бухоро вилояти солиқ бошқармаси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “SH.G.” МЧЖ, “S.E.” МЧЖ ҚК, “A.” МЧЖ ва “E.E.” МЧЖ ҚКнинг Ўзбекистондаги доимий муассасаси масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш бўйича берилган 5,3 трлн сўмлик хизматлар ҚҚСдан озод этилган бўлса-да, ҚҚС суммасини электрон ҳисоб-фактураларга ноқонуний киритиб, бюджетда асоссиз равишда ҚҚС маблағини ҳосил қилиб, ушбу маблағни “A.” МЧЖнинг ҳисоб рақамига қайтарилишига ва “S.E.” МЧЖ ҚКнинг давлат олдидаги кредиторлик қарздорликларининг йўқ қилинишига эришиб, 643,2 млрд сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган".

Ҳозир тергов қилинаётган “Шўртангаз иши”га эътибор қаратган иқтисодчи Отабек Бакиров, жавобгарликка қуйи поғона бошқарувчилари тортилаётганига эътибор қаратди.

“Ҳа дарвоқе, шиширилган ва туя қилиб кўчирилган Шўртан-2 лойиҳаси воситасида қандай схемалар ясалгани бўйича шонли энергетиклар ва уларнинг шерикларининг иштирокини қўя турайлик, монополистимизнинг ҳужжат ва ҳисоботларини йиллар давомида кўрган, ўрганган аудиторлари, рейтинг агентликлари ҳеч нарса билмаган, англамаган деб ўйлайсизми?” дея савол ташлади иқтисодчи.

Ўзбекистон нефт-газ соҳасида бундай ноқонуний ишлар бораётгани ва бунинг эвазига мамлакат иқтисодига ўта катта миқдорда зарар етказилаётгани, муҳими бундай ноқонуний ишлар тепасида аслида Ўзбекистоннинг бугунги ҳокимиятига билвосита ёхуд бевосита шахслар, амалдорлар турганига оид иддаолар йиллардан буён айтиб келинмоқда.

Бунга қадар Озодлик радиосининг қатор суриштирувлари Ўзбекистон нефт-газ соҳасидаги катта талон-тарожлар ва соҳасининг тўлиғича бир йирик коррупцион тизим қўлига бериб қўйилгани ўртага чиққан суриштирувларни эълон қилган.

Йиллардан буён бу суриштирувларга муносабат билдирмаган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бугунги суриштирувларини 2026 йил бошида - президент Шавка Мирзиёев "Ўзбекнефтгаз" ва Давлат активлари агентлигида миллиардлаб сўмлик ўғирликларни текшириш топшириғини берганидан сўнг жонлантирди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, ҳозирда "Ўзбекнефтгаз" тизимида давом этаётган тергов доирасида ўндан ортиқ мансабдор қамоққа олинган ва сўроқ қилинмоқда.

Ҳозиргача ушбу иш доирасида жиноий схеманинг бевосита ташкилотчиси ва асосий ижрочисии бўлган 11 шахс ҳибсга олинган, 35 дан ортиқ киши тергов қилинмоқда ёки тергов ҳаракатларига жалб этилган.

Терговга тортилганлар орасида Рустам Юнусовдан ташқари, Солиқ қўмитасининг Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудийлаштирилган солиқ инспекциясининг масъул раҳбар ходимларидан бири, "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг лойиҳаларни бошқариш ва қурилиш назорати департаменти собиқ мулозими, хусусий тижорат тузилмалари раҳбарларининг номи тилга олинган.

Уларга нисбатан Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг қуйидаги оғир моддалари билан айблов эълон қилинган:

167-модда, 3-қисм (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш) — 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади;
205-модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
209-модда (Мансаб сохтакорлиги).

Аввалроқ ўзбек маҳаллий матбуоти, Ўзбекистон нефт-газ ва қурилиш секторини назорат қилиб келаётган энг йирик хусусий тузилма — Enter Engineering, Eriell ва Saneg компаниялари гуруҳи дефолт ёқасига келиб қолгани, ишчиларига жуда катта миқдордаги маошдан қарз бўлиб қолгани, ҳукумат компания асосчиси Бахтиёр Фозиловга қарашли қатор активларни сотувга чиқаришга қарор қилгани ҳақида хабар қилганди.

Айни пайтда, Ўзбекистонда ўз газ ва нефт қазиб олиш ҳажми ҳам йилдан-йилга камайиб бормоқда. Бу эса давлатни хориждан, хусусан Россиядан газ импортини кескин оширишга мажбур қилмоқда.