Жей Ди Вэнс: Эрон билан сўнгги музокараларда “яхши илгарилаш” бўлди

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Европадаги музокалари якунида ўз давлатининг Эрон билан сўнгги музокараларида “яхши илгарилаш” бўлганини таъкидлади.

- Биз пойдеворни қўйдик, ҳали уйни қурмадик, лекин Америка халқи учун яхши натижага эришиш йўлида муваффақиятли асос яратдик. Менимча, қанча иш қилинганини ҳаммамиз англашимиз муҳим, лекин очиғини айтганда, олдинда ҳали жуда кўп иш бор. Биз ядровий музокаралар, иқтисодий музокаралар бўйича олға силжишда давом этарн эканмиз, шунингдек, бўғозни миналардан тозалаш ва у ердаги ҳаракат оқими яна тикланишини таъминлаш устида ҳам ишлаяпмиз, - деди АҚШ вице-президенти.

21 июн куни Швейцарияда АҚШ, Эрон ва Покистон етакчилари ўртасида музокаралар биринчи босқичи бўлиб ўтди.

Иккала томон урушни барқарор тугатишга интилаётган бўлса-да, Эрон стратегик аҳамиятга эга Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйгани боис, шанба куни томонлар якуний келишувга эриша олмагани хабар қилинганди.

АҚШ ва Эрон етакчилари ўзаро тинчлик музокаралари учун 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш келишувига эришган. Аммо Теҳроннинг Ислом инқилобий гвардияси корпуси, шанба куни Исроилнинг Ливандаги ҳужумларига жавоб сифатида, Ҳормуз бўғозини яна ёпганини эълон қилди.

Покистон воситачилигида тузилган ва 17 июн куни Доналд Трамп ҳамда Масъуд Пезешкиён томонидан имзоланган вақтинчалик келишув қарийб тўрт ой давом этган урушни тугатишга қаратилган.

Бундан ташқари, Tasnim ахборот агентлигига кўра, Швейцариянинг Бургеншток шаҳрида 18 соатдан ортиқ давом этган музокаралар пайтида Теҳрон делегацияси АҚШ президенти Доналд Трампнинг сўнгги ҳарбий таҳдидларига норозилик сифатида музокараларни тарк этган.

Бироқ агентликнинг ўз “ишончли манбалар”ига таяниб хабар қилишича, бу билан музокаралар тўхтамаган, балки Қатар ва Покистон воситачилиги орқали давом этган.

Аввал ҳам бевосита музокаралар айрим пайтларда узилиб қолган, аммо воситачилар орқали хабар алмашувлари соатлаб давом этган ҳолатлар кузатилганди.

Бундан аввал Трамп ўзининг Truth Social платформасида, агар Эрон “Ҳизбуллоҳнинг муаммолар келтириб чиқариши”ни тўхтатмаса, “Эронга яна қаттиқ зарбалар бериш” билан таҳдид қилганди.

“Ҳизбуллоҳ» ҳам жангари гуруҳ, ҳам Ливан жанубининг катта қисмини назорат қилувчи сиёсий партиядир. Қўшма Штатлар уни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди, Европа Иттифоқи эса фақат унинг қуролли қанотини «қора рўйхат»га киритган.