"Корея иши": Қидирувдаги собиқ амалдор $90 млн.лик схемада ўз раҳбарларини айблади

Бош прокуратура маълумотига кўра, Кореяга кетувчилар рўйхатига кириш учун айрим фуқаролардан 4 минг доллардан 10 минг долларгача пора олинган.

Интерпол қидирувида бўлган собиқ амалдор Азизбек Тоштемиров ижтимоий тармоқларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги раҳбарларига қарши коррупция иддаоларини илгари сурмоқда.

Қарийб бир ярим ой аввал Бош прокуратура Кореяга ишга жўнатиш ортидаги 90 миллион долларлик коррупция схемаси бўйича иш очган. Бу иш доирасида бир гуруҳ ДХХ мулозимлари ҳам ҳибсга олинган эди.

Бу иш Ўзбекистондан Жанубий Кореяга ишчи жўнатиш тизими атрофида ижтимоий тармоқлардаги баҳсларни янада кучайтириб юборди.

Асли андижонлик 36 яшар Азизбек Тоштемиров 2025 йилнинг март ойида коррупцион жиноятда айбланиб, Ўзбекистоннинг Кореядаги Миграция ваколатхонаси раҳбари лавозимидан олинган.

Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, 2026 йил май ойида у Кореяга ишчи жўнатиш тизимидаги эҳтимолий коррупция схемаси юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида фирибгарлик айблови билан Интерпол орқали қидирувга берилган.

Тоштемиров халқаро қидирувга берилгани ҳақидаги хабарлар ортидан ўзига тегишли экани айтилган Telegram каналида Миграция агентлигининг амалдаги раҳбари Беҳзод Мусаев ва агентликнинг собиқ раҳбари Афзал Ирматовга қарши қатор коррупция иддаолари эълон қилинди.

Озодлик Азизбек Тоштемировнинг иддаолари эълон қилинган ушбу Telegram каналнинг унинг ўзига тегишли эканини тасдиқлади.

Лекин Озодлик ҳозирча бу собиқ мулозим иддаолари ва эълон қилган ҳужжатлар, аудиоёзувлар, ўзаро ёзишмаларнинг ҳаққонийлигини мустақил равишда тасдиқлай олгани йўқ. Бундан ташқари, номи тилга олинган мулозимларнинг бу иддаоларга муносабат билдиргани ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Жумладан, жорий йилнинг 11 июнь куни мазкур каналда Азизбек Тоштемиров номидан эълон қилинган мурожаатда у ўзига қарши қўйилган фирибгарликка оид айбловларни “буюртма” деб атади ва одамларни бу айбловларга ишонмасликка чақирди.

Тоштемиров мурожаат матнида Кореяга ишчи жўнатиш тизимидаги коррупцион схемага агентликнинг бошқа раҳбарлари ҳам алоқадор деган иддао билан айрим ҳужжатлар, аудиоёзувлар, ўзаро ёзишмалар скриншотлари ва бошқа материалларни эълон қилишга киришди.

Унинг иддаосича, Кореяга юбориладиган номзодларни саралаш, хусусий бандлик агентликлари билан ишлаш ва бошқа жараёнларга оид қарорлар норасмий тарзда муҳокама қилинган, қабул қилинган.

Собиқ амалдор бу жараёнда агентликнинг юқори раҳбарлари ҳал қилувчи рол ўйнаган, деб иддао қилмоқда. Тоштемиров, хусусан Мусаевни Бош прокуратура маълум қилган 90 миллион долларлик коррупция схемасининг асосий бенефициарларидан бири бўлган, деб иддао қилмоқда. Ҳозирча Мусаевнинг бу иддаоларга жавоб бергани Озодликка маълум эмас.

Бундан ташқари, Тоштемировнинг даъвосига кўра, Кореядаги ваколатхона раҳбари сифатида фаолият юритган даврида у хизмат вазифаларидан ташқари агентлик раҳбари Беҳзод Мусаев ва унинг оила аъзоларининг шахсий топшириқларини ҳам бажаришга мажбур бўлган.

У Telegram каналида эълон қилган ёзишмалар ва изоҳлари орқали, ўз раҳбарларидан Кореядан қимматбаҳо косметика воситалари, мармар гўшти (Wagyu), атирлар ҳамда эркаклар потенцияси учун мўлжалланган дори воситаларини юбориш ҳақидаги топшириқларни ҳам олганини иддао қилмоқда.

Озодлик ҳозирча бу собиқ мулозим иддаолари ва эълон қилган ҳужжатлар, аудиоёзувлар, ўзаро ёзишмаларнинг ҳаққонийлигини мустақил равишда тасдиқлай олгани йўқ. Тоштемиров билан бевосита боғланишга қаратилган уринишлар ҳам ҳозирча натижа бермади.

Бундан ташқари, бу иддаоларга номи тилга олинган мулозимлар муносабат билдиргани ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Аммо, 20 июнь куни Миграция агентлиги Тоштемиров иддаоларига муносабат билдириб, уларни “асоссиз” деб атади:

“Сўнгги вақтларда айрим Телеграм каналлари ва бошқа интернет ресурсларида Миграция агентлиги раҳбарияти ҳамда ходимларига нисбатан ҳақиқатга тўғри келмайдиган, текширилмаган ва бир томонлама талқин қилинган маълумотлар тарқатилмоқда. Мазкур ҳолатлар бўйича ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда текширув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув натижаларига кўра барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади”.

Бироқ агентлик баёнотида Тоштемиров томонидан эълон қилинган алоҳида ҳужжатлар, аудиоёзувлар ва бошқа материалларга муносабат билдирилмаган.

Тоштемиров илгари сурган иддаоларнинг айримларини қисман тасдиқловчи воқеалар бунга қадар содир бўлган.

Жумладан, Тоштемиров айблаётган агентликнинг собиқ раҳбари Афзал Ирматов 2022-2023 йилгача, агентликка раҳбарлик қилаётган пайтида Жанубий Кореяга боришни истаган меҳнат муҳожирларидан ортиқча маблағ йиғишда айбланган ва катта миқдордаги фирибгарликда айбланиб, Юнусобод туман жиноят ишлари суди томонидан 8 йилга қамалган эди.

Бироқ, 2024 йил 30 июл куни Тошкент шаҳар суди апелляция ҳайъати унга қамоқ жазоси ўрнига 180 миллион сўм жарима ва 3 йилга миграция соҳасида ишлаш тақиқи тайинлади ва суд залидан озод қилди.

Тоштемиров эса аслида содир этилган қонунбузарликлар ва жиноятлар кўлами катта экани ва бу ҳаракатларнинг аксари ҳануз тергов қилиниши кераклигини даъво қилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти 14 май куни Ўзбекистондан Жанубий Кореяга ишга юбориш тизимида йирик коррупция иши тергов қилинаётганини маълум қилган. Расмий баёнотда жиноят кўлами 90 миллион АҚШ долларидан атрофида экани айтилган.

Мавзуга алоқадор

Кореяга ишга жўнатиш ортидаги $90 млн.лик схема. Бир гуруҳ ДХХ ходимлари ҳибсда

Озодлик бу борадаги расмий айблов ва номи тилга олинган давлат идоралари ҳамда мулозимларига оид видеодастурни эълон қилган. У билан исталган пайтда Озодлик сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида танишишингиз мумкин.

Бу ўринда ўзбекистонлик фаоллар Тоштемировга қарашли экани айтилган Телеграм каналидаги иддаоларни катта қизиқиш билан кузатмоқда ва тармоқларда фаол муносабат билдирмоқда.

Боиси, Тоштемиров даъво қилаётган мулозимлардан бири - Беҳзод Мусаев номи бунга қадар ҳам жамоатчиликнинг кескин тақиди ва норозилигига сабаб бўлган муаммолар марказида қолаётган эди.

Қолаверса, Беҳзод Мусаев 2010-2011 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг биринчи ўринбосари бўлиб фаолият юритган ва очиқланмаган сабабларга кўра ишдан бўшатилган эди. Ўша кезда Ички ишлар вазирлиги Беҳзод Мусаевни иқтисодий жиноятларда гумонланиб қидирувга бергани ҳақидаги маълумотлар ҳам пайдо бўлган, аммо бу маълумотлар расман тасдиқланмаган эди.

Бу эълон¸ Ўзбекистон ИИВ расмий сайтидан 2018 йилнинг 13 март куни Тошкент вақти билан кечки соат 8 да нусха олинди.

Аммо, 2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Беҳзод Мусаев хориждан Ўзбекистонга қайтган ва бирданига юқори лавозимлар - Соғлиқни сақлаш вазири, Давлат солиқ қўмитаси раиси ва Бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2024 йил сентябрдан эса Миграция агентлигига раҳбарлик қилмоқда.

Жорий йилнинг 14 май куни Бош прокуратура Жанубий Кореяга ишга юбориш тизимида йирик коррупция иши тергов қилинаётганини маълум қилган.

Айни пайтда Озодлик ихтиёрида Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев ёки агентликнинг собиқ раҳбари Афзал Ирматовнинг мазкур жиноят иши доирасида текширув ёки терговга жалб қилинганини тасдиқловчи маълумот мавжуд эмас.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратура тизимидаги бир-биридан мустақил манбаларига кўра, Кореяга ишчи жўнатиш билан боғлиқ эҳтимолий коррупция схемаси Давлат хавфсизлик хизматининг айрим юқори лавозимли амалдорлари ҳимояси ёки назорати остида фаолият юритган бўлиши мумкин.

Бунга қадар Озодлик суҳбатлашган манбалар, мазкур иш доирасида дастлаб ДХХ подполковниги Ганчар Узақов ҳибсга олингани, кейинчалик ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармасининг собиқ раҳбари Алижон Ашуров, унинг ўринбосари бўлган Темур Шорихсиев ҳамда яна бир қатор хавфсизлик хизмати ходимлари ушланганини иддао қилган эди.

Манбалар тилга олган тергов фигируантлари Озодликнинг Тошкентдаги қудратли ноқонуний “Офис” тузилмасига оид суриштирувлари қаҳрамонлари рўйхатида бўлишган.

Ҳозирга қадар бу иддаолар Ўзбекистон Бош прокуратураси ёки бошқа идоралари томонидан на тасдиқланмади, на инкор қилинди.