Украина Россия армиясининг логистикасини “тобора кўпроқ издан чиқаряпти”, деди президент Владимир Зеленский 24 июн кунги мурожаатида.
Унинг айтишича, Украина армияси Чебоксари ва Воронеждаги ҳарбий ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, Россия бўйлаб газ инфратузилмаларига зарба берган.
- Жумладан Воронеждаги ракеталар учун муҳим деталлар ишлаб чиқарадиган заводга зарба бердик. Яна бир муваффақиятли зарба Чебоксаридаги заводга берилди, у “Фламинго” ракеталари билан нишонга олинди. Фронт чизиғидан 1200 километрдан ортиқ масофадаги Оренбург вилоятидаги газ объектларига ҳам зарба берилди. Мен разведка хизматлари ва ҳарбийларга Россия уруш ҳаракатларини кенгайтириш учун фойдаланаётган объектларга нисбатан олдиндан ҳаракат қилишни топширдим, деди Украина президенти.
Украина раҳбарининг таъкидлашича, Украина дронлари нефтни қайта ишлаш заводларига берган зарбалар ортидан Россия бензин ва дизел танқислигига дуч келмоқда. Бу эса ёқилғи нархларининг ошиши ва ёқилғи шохобчаларида узун навбатларга сабаб бўлган.
У бу ҳолат учун Россия президенти Владимир Путинни айблаб, урушни тўхтатишдан бош тортмоқда ва “учрашув, ҳақиқий музокаралар ва муносиб тинчлик” бўйича таклифларни инкор этмоқда, деди.
Украинанинг маълум қилишича, узоқ масофали дронлар ёрдамида Россия энергетика инфратузилмасига зарба бериш стратегияси Россиянинг урушни молиялаштириш манбаларини қисқартириш ва Москва бошлаган тўрт йиллик можаро россияликлардан ҳам узоқ эмаслигини кўрсатишга қаратилган.
АҚШ президенти Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленскийга Россия билан можарода “яхши ҳаракат қилаяпти”, дея баҳо берди.
- Қаранг, у жуда ёмон эмас, яхши ҳаракат қилаяпти. Ҳар қалай, у ўзини ушлаб турибди. Ҳар икки томонда ҳам кўп одамлар ҳалок бўляпти. Лекин менимча, у яхши ҳаракат қилаяпти. У жасур, яхши жиҳозларга эга, лекин энг муҳими — у кучли жангчиларга эга, деди АҚШ президенти.
Маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, 24 июн куни Украина дронлари Россия назорати остидаги Қримда энг йирик шаҳарлардан бирида электр таъминотини ишдан чиқарган ҳамда Россиянинг марказий ва жанубий ҳудудларидаги объектларни нишонга олган.
Озодлик уруш шаротида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор текшириш имконига эга эмас.