Ҳормуз бўғози бўйича музокаралар 30 июн Қатарда ўтиши кутилмоқда

АҚШ ва Эрон “ҳозирча” ўзаро ҳужумларни тўхтатишга келишиб олди. Ҳормуз бўғози бўйича музокаралар 30 июн куни Қатар пойтахти Доҳада ўтказилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Axios нашри хабар қилди.

АҚШ расмийсидан иқтибос келтирилишича, томонлар “ҳозирча ҳарбий ҳаракатлардан чекинади” ва “Ҳормуз бўғозида кемалар эркин ҳаракатланиши мумкин”, шу билан бирга техник музокаралар давом эттирилади.

30 июн кунги музокаралар аввал Швейцарияда ўтказилиши ва асосан Эроннинг ядровий дастурига қаратилган эди.

Аммо, Ҳормуз бўғозидаги янги кескинлик сабабли музокаралар Доҳага кўчирилди ва эътибор стратегик сув йўлида кемалар хавфсизлигига қаратилди.

Бир ҳафта олдин Швейцарияда бўлиб ўтган музокараларда АҚШ делегацияси Эрон билан бўғозда ҳаракатни мувофиқлаштириш учун АҚШ ҳарбийлари ва Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси ўртасида “ишонч телефони” ташкил этишга келишган. Бироқ хабарга кўра, бу “ишонч телефони” ҳали ишга тушмаган.

Ўтган дам олиш кунлари АҚШ ва Эрон яна бир бор бир-бирининг объектларига зарбалар берди. Бу Ҳормуз бўғози атрофидаги кескинлик янада ошган пайтга тўғри келди.

АҚШ Эронни савдо кемаларига ҳужум қилишда айблади, Эрон эса буни АҚШнинг сўнгги “тажовузига” жавоб, деб атади.

АҚШ президенти Дональд Трамп 27 июн куни ижтимоий тармоқдаги баёнотида Эронни яна ўт очишни тўхтатиш келишувини бузишда айблади.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчига кўра, Ҳормуз бўғози орқали денгиз ҳаракатини бошқариш ва уни тўлиқ қайта очиш учун фақат Теҳрон масъул, бу борада бошқа ҳеч бир давлат ёки ташкилот масъулиятга эга эмас.

Арақчи бу баёнотни Бағдодда Ироқ ташқи ишлар вазири Фуад Ҳусайн билан ўтган қўшма матбуот анжуманида айтди.

Унинг таъкидлашича, стратегик сув йўли бошқарувига ҳар қандай аралашув 18 июнда имзоланган Эрон-АҚШ англашув меморандумини бузиш, деб ҳисобланади.

Эрон тавсия этилган денгиз йўналишларини ҳам эълон қилди: Теҳрон Форс кўрфазига кираётган кемалардан Ҳормуз оролининг жануби орқали, чиқаётган кемалардан эса Ларак оролининг жануби орқали ҳаракатланишни тавсия қилади.

Бу тавсиялар бўғозда янги ҳаракат қоидаларини англатадими-йўқми — Эрон расмийлари бунга аниқлик киритмади.