Россия президенти Путин ëқилғи таъминотидаги танқисликни тан олди

Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида ёқилғи танқислигини тан олди ва бутун мамлакат бўйлаб етарли миқдорда ёқилғи етказиб бериш устида махсус гуруҳ ишлаётганини билдирди.

Путин юқори лавозимдаги амалдорлар иштирокида ўтган йиғилишда гапираркан, ҳукуматни қишлоқ хўжалигини етарлича ёқилғи билан таъминлаш учун чоралар кўришга чақирди ҳамда дизел ёқилғисини экспорт қилишга тўлиқ тақиқ жорий этиш масаласи кўриб чиқилаётганини айтди.

- Ички истеъмолчилар манфаатларини кўзлаб бензин ва авиация ёқилғиси экспортига вақтинчалик тўлиқ тақиқ жорий этилди. Дизел ёқилғиси экспортига ҳам тўлиқ тақиқ киритиш зарурати кўриб чиқилмоқда. Сиз яхши биласиз, муаммолар ҳам ҳайдовчилар, ҳам бизнес учун сақланиб қолмоқда — ёқилғи қуюш шохобчаларида навбатлар, афсуски, ҳали ҳам бор. Ҳозир талаб қилинадиган турдаги ёқилғини ҳар доим ҳам топиб бўлмаяпти, - деди Владимир Путин.

Россия ҳукумати кўраëтган чораларга қарамай Москвада ëқилғи тақчиллиги давом этмоқда. 29 июн куни ҳайдовчилар ёқилғи қуйиш шохобчаларида навбатда туришга мажбур бўлгани кузатилди.

Россия ички ёқилғи бозори Украина томонидан нефтни қайта ишлаш заводларига уюштирилган ҳужумлар натижасида издан чиққан.

Экспертларга кўра, Москвани ëқилғи билан таъминлайдиган Капотня нефтни қайта ишлаш заводи 2026 йилнинг охирига бориб тўлиқ қайта ишга тушиши мумкин.