Эрта турмуш қурган қизлар: узилган таълим, синган тақдирлар

Иллюстратив сурат

Қирғизистон Омбудсмани мамлакатда 18 ёшга тўлмаган қизларни турмушга бериш ҳолатлари кўпайиб бораётганидан хавотир билдирди.

Расмий маълумотга кўра, ўтган йили мамлакатда 13–17 ёш орасидаги 320 қиз фарзандли бўлган, қарийб 40 нафари ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатган. Бош прокуратура никоҳ тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ 34 та жиноят иши қўзғатган.

Жаҳон банки кўрсаткичларига кўра, Қирғизистон - Марказий Осиёда ўсмир қизлар ўртасида туғруқ вақтидаги ўлим кўрсаткичи бўйича иккинчи ўринда - ҳар 1000 нафарга 28 та.

Энг юқори кўрсаткич Тожикистонда — 15–19 ёшли қизлар орасида туғруқ ҳар 1000 нафарга 40 тани ташкил этади. Ўзбекистонда эса расмий рақамларга кўра, тахминан 1000 нафарга 34 нафардан тўғри келади.

Қирғизистон Омбудсман институти ва ҳуқуқ ҳимоячилари, қонунчиликдаги тақиқларга қарамай, вояга етмаган қизларни турмушга бериш ҳолатлари авж олаётгани ҳақида хавотир билдирмоқда.

Шундай қизлардан бири - Сумайя, биринчи фарзандини 18 ёшида туққанини айтади:

"Мени жуда кўп ҳақорат қилишди. Эрим ҳам, қайнонам ҳам, бутун оиласи ҳам. “Аёл кишини шундай тарбия қилишади”, деб сочимдан тортиб судрашарди. Ўша уйда мен ўзимни худди ҳеч кимдек ҳис қилардим".

Сумайя ҳозир учинчи фарзандини кутаяпти. У 17 ёшида турмуш қурган, илк қизини 18 ёшида туққан.

Унинг айтишича, турмуши давомида икки марта ҳомиласи тушган:

"Турмуш ўртоғим жуда тажовузкор ва рашкчи инсон эди. У мени уйдан чиқармас, тўрт ой давомида ота-онам билан кўриштирмаган. Кейин билсам, у менга уйланишидан олдин ҳам уйланган экан. Бу ҳақда бизга айтишмаган. Уни ёлғиз, деб таништиришган.... Турмуш қурганимиздан кейин деярли ҳар куни жанжал бўларди. Кейин алоҳида яшай бошлаганимиздан кейин аҳвол янада оғирлашди. Мени доим урарди. “Нега кўчага чиқдинг? Кимга кўринмоқчисан?” деб бақирарди... Ҳозир тирик қолганимга шукр қиламан".

Ҳозир Сумайя икки қизидан айрилганини айтади. У қизларини ўзида қолдиришни хоҳлаган, аммо суд доимий иш жойи йўқлиги сабабли, болаларни отаси тарбиясида қолдиришга қарор қилган.

"Ҳозир алимент тўлаяпман.Агар тўлолмасам, оналик ҳуқуқимдан маҳрум қилишлари мумкинлигини айтишади. Шу билан мени қўрқитишади... Қизларимни олиб кетишганида кичиги бир ёш уч ойлик, каттаси икки ярим ёшда эди. Мен эса уларни қайтариб олиш учун яна судга мурожаат қиляпман", дейди Сумайя.

Сумайя — эрта турмуш оқибатида ҳаёти издан чиққан юзлаб қириғизистонлик қизнинг бири.

Қирғизистон Омбудсман институти ҳар йили бу муаммонинг кўламини аниқлаш мақсадида сўровлар ўтказиб келади. Бу йилги сўровда 1000 нафар ўсмир қиз иштирок этган.

Натижаларга кўра:

Чуй вилоятида қатнашчиларнинг 52 фоизи 18 ёшга тўлмаганлар никоҳи кенг тарқалганини билдирган;

Ўш ва Талас вилоятларида бу кўрсаткич 41–42 фоизни ташкил этган;

Боткен вилоятида эса ҳар тўртинчи мактаб ўқувчиси бундай ҳолатларга дуч келганини айтган.

"Бу жуда жиддий муаммо. Биз мингдан ортиқ қизлар ва ўқитувчилар билан суҳбатлашдик. Мамлакатнинг жанубий ҳудудларида эрта никоҳлар кўп учрайди. Лекин бу ҳолатлар, одатда, яшириб келинади. Шунинг учун статистика ҳам воқеликни тўлиқ акс эттирмайди. Кўп ҳолатлар қиз фарзандли бўлгандагина маълум бўлади. Эрта никоҳнинг оқибатлари жуда оғир", дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Жамиля Капарова.

Қирғизистон Омбудсмани Жамиля Жаманбаевага кўра, қизларнинг эрта никоҳига одатан оилавий иқтисодий қийинчиликлар, анъанавий қарашлар ва айрим ота-оналарнинг қизлар таълим олиши шарт эмас, деган тушунчалари сабаб бўлмоқда:

"Эрта никоҳ қизларнинг ҳуқуқлари, соғлиғи ва келажагига жиддий зарар етказади. Бу уларнинг таълим олишига тўсқинлик қилади, ривожланиш имкониятларини чеклайди. Муаммони ҳал қилиш учун қонунчиликни такомиллаштириш, жамоатчилик хабардорлигини ошириш ва тизимли чора-тадбирлар зарур".

Қирғизистон қонунчилигида никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланган. Бироқ қонунда "узрли сабаблар" асосида айрим ҳолатларда никоҳ ёшини пасайтириш имконияти ҳам сақланиб қолган.

Айрим ҳудудларда айнан шу норма қўлланилиб, вояга етмаган қизлар ота-оналарининг розилиги билан турмушга чиқарилмоқда.

"Кўп болали оилаларда, ёлғиз оналар ёки айрим оталар қизини яхшироқ шароитга эга эркакка турмушга беришни маъқул кўришади. Баъзан қалин пули ҳисобига оиланинг моддий аҳволини яхшилаш истаги ҳам бўлади. Кейинги пайтларда қизларни эрта турмушга беришни оқловчи ёки тарғиб қилувчи қарашлар кўпайиб бормоқда. Мактабни тугатмасидан қудалаш ҳолатлари учрайди. Буни алоҳида қадрият ёки урфга айлантириш яхши оқибатларга олиб келмайди. Жавобгарлик ҳақидаги маълумотлар ҳам етарли даражада тарқатилмаяпти. Агар бу муаммога қарши жиддий кураш олиб борилмаса, эрта никоҳ қурбони бўлган аёлларнинг тақдири янада оғирлашади", дейди "Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лигаси" раҳбари Назгул Турдубекова.

Омбудсман институти маълумотларига кўра, "одамлар нима дейди", деган қараш ва жамоатчилик босими кўп ҳолларда никоҳ ёшини камайтириш ҳақидаги мурожаатларга сабаб бўлади.

Мавзуга алоқадор

Қирғизистонда йил бошидан бери оиладаги зўравонлик бўйича 5000 дан зиёд ҳолат қайд этилди

Масалан, Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги "Оила ва болаларни қўллаб-қувватлаш бўлими"га ўтган йили тўққиз ой ичида саккизта ариза тушган. Уларнинг барчаси бўйича никоҳ ёшини пасайтиришга рухсат берилган.

"Биз қарорларни Оила кодексининг 14-моддаси асосида қабул қиламиз. Рухсат фақат узрли сабаблар мавжуд бўлган тақдирдагина розилик берилади. Бироқ, қонунчиликда бу узрли сабаблар аниқ белгилаб қўйилмаган. Шунинг учун уларни аниқлаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Амалда, асосан ота-онаси оғир касал бўлган ёки вояга етмаган қиз ҳомиладор бўлиб қолган ҳолатларда рухсат берилади.
Масалани махсус комиссия кўриб чиқади. Маҳаллий ҳокимият органлари ва милиция ҳам бу ҳақда хабардор қилинади. Қизнинг ўзи ҳам, ота-онаси ҳам чақирилади. Аввало тушунтириш ишлари ўтказилади. Айримлар бувиси ёки момоси оғир касал бўлиб қолгани, тўйни кўриб қолишни истаётганини сабаб қилиб кўрсатади. Бу маълумотлар ҳам тиббиёт муассасалари орқали текширилади", дейди Қорасув тумани "Оила ва болаларни қўллаб-қувватлаш бўлими" етакчи мутахассиси Гулназ Каримова.

Айни пайтда Қирғизистон Оила кодексининг янги таҳрири муҳокама қилинмоқда.

Ҳужжатда никоҳни фақат 18 ёшга тўлган шахслар тузиши мумкинлиги белгиланган. Шунингдек, оила эркак ва аёл ўртасидаги иттифоқ сифатида таърифланган.

Мавзуга алоқадор

Хотин-қизлар қўмитаси никоҳ ёшини оширишни таклиф қилмоқда

Омбудсман институти эса қонундаги "узрли сабаблар" ҳақидаги нормани бутунлай бекор қилишни таклиф қилмоқда.

"Биз никоҳ ёшини 18 ёш қилиб қолдириш ва ундан истисно қилиш имконини берувчи “узрли сабаблар” нормасини олиб ташлашни таклиф қилдик. Қонунда бундай бўшлиқлар бўлмаслиги керак. Лекин қонунларни қаттиқлаштиришнинг ўзи муаммони ҳал қилмайди. Муҳими — амалдаги қонунлар ижросини таъминлаш ва давлат идораларининг самарали ишлашидир. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бундай ҳолатлар жорий йилнинг биринчи чорагида яна 40 фоизга ошган", дейди жумладан Қирғизистон Омбудсмани Жамиля Жаманбаева.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакат бўйича 140 минг 681 та туғруқ қайд этилган. Шулардан 320 таси вояга етмаган қизлар ҳиссасига тўғри келган.

Улар орасида 13 ёшли бир қиз, 14 ёшли тўрт қиз фарзандли бўлган. Энг юқори кўрсаткич Жалолобод вилоятида қайд этилган. Бу ерда 15–17 ёш орасидаги 81 нафар ўсмир қиз фарзанд туққан.

Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, эрта никоҳга мажбурлаш, бундай никоҳни расмийлаштириш ёки унга кўмаклашиш жиноят ҳисобланади.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, ўтган йилнинг тўққиз ойида бу каби ҳолатлар бўйича 34 та жиноят иши қўзғатилган ва 94 киши судланган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатда 20 минг 736 нафар аёл аборт қилдирган. Яъни, Қирғизистонда ёш аёллар ва вояга етмаганлар орасида ҳам бола олдириш ҳоллари ошаётгани айтилмоқда.

Шундан, 15–17 ёшли қизлар орасида — 40 ҳолат, 18–19 ёшлилар орасида — 1032 ҳолат қайд этилган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳудудлар кесимида энг кўп ҳолат Ўшда — 225 ҳолат ва Жалолобод вилоятида — 115 ҳолат қайд этилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, эрта ёшда фарзанд кўрган ёки ҳомиладорликни тўхтатган қизларнинг кўпчилиги жинсий зўравонлик қурбони бўлган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, 2024 йилда Қирғизистонда 14 ёшгача бўлган 53 нафар бола жинсий зўравонлик қурбони бўлган. 2025 йилнинг дастлабки саккиз ойида эса бу кўрсаткич 42 нафарни ташкил этган.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, вояга етмаган шахс билан никоҳ тузиш, уни шунга мажбурлаш ёки бундай никоҳга кўмаклашиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Мавзуга алоқадор

Тожикистонда имом-хатибдан бошқа шахснинг никоҳ ўқиши тақиқланади

Қирғизистон Жиноят кодексининг 172–176-моддаларига мувофиқ:

Вояга етмаган шахсни никоҳ муносабатларига киришишга мажбурлаш,
уни никоҳ мақсадида ўғирлаш ёки олиб қочиш каби ҳаракатлар учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Шунингдек, вояга етмаган шахсларга диний никоҳ ўқилишига йўл қўйган шахслар ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳолатда жазо 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

Марказий Осиёда ўсмир қизлар ўртасида туғруқ билан боғлиқ хавф кўрсаткичлари мамлакатлар кесимида фарқ қилади.

Жаҳон банкига кўра, энг юқори кўрсаткич Тожикистонда қайд этилган — бу ерда 15–19 ёшли қизлар орасида туғруқ даражаси 1000 нафарга 40 тани ташкил этади.

Қирғизистон эса учинчи ўринда: бу мамлакатда ушбу кўрсаткич 28 нафарни ташкил қилади, бироқ оналар ўлими даражаси минтақадаги энг юқорилардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда эса расмий рақамларга кўра, ўсмир қизлар туғруғи — тахминан 1000 нафарга 34 атрофида баҳоланади.

Ўзбекистон расмийлари сўнгги ўн йилда эрта никоҳлар сони кескин камайган, демоқда. Аммо, шу билан бирга, ўсмир қизлар ўртасида эрта ҳомиладорлик ва туғруқ ҳолатлари юқори сақланиб қолаётгани қайд этилмоқда.

Мавзуга алоқадор

Ўзбекистон эрта никоҳ муаммоси мавжуд давлатлар рўйхатида