Песков: Россия нефт маҳсулотлари импортини кўриб чиқмоқда

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, агар томонлар мақбул нархлар бўйича келишувга эришса, Москва четдан ёқилғи сотиб олишга тайёр.

Песков қайси давлатлар билан музокаралар олиб борилаётганига аниқлик киритмади.

- Биласиз президент якшанба куни ёқилғи масаласида йиғилиш ўтказди. Алоқалар олиб борилмоқда. Агар мақбул нархлар бўйича келишувга эришилса, импорт амалга оширилади. Бу бозорни барқарорлаштириш ва ҳозирги юқори талабни пасайтириш йўлидаги яна бир қадам бўлади, - деди Дмитрий Песков.

24 июн куни Reuters агентлиги Россия Қозоғистондан тахминан 50 минг тонна АИ‑92 бензини етказиб беришни сўраганини хабар қилган эди. Бироқ Остона бу хабарни расман рад этди: энергетика вазири Ерлан Аккенжанов Москвадан расмий сўров бўлмаганини билдирган.

Агентлик маълумотларига кўра, Россияда бензин ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан тахминан чоракка камайган. Шу туфайли, импортдан ташқари, ҳукумат ёқилғи экспортини чеклаш ва қайта ишловчиларга бериладиган субсидияларни ошириш имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда.

Бундан ташқари, халқаро агентликларга кўра, Москва ички бозор учун бензин ва дизел ёқилғиси сифат талабларини юмшатган ҳамда денгиз орқали ёқилғи етказиб бериш имкониятларини ҳам ўрганмоқда.