"Ҳизбуллоҳ" Ливан ва Исроил келишувини қоралади

"Ҳизбуллоҳ" раҳбари Наим Қосим Вашингтонда имзоланган Исроил — Ливан келишуви "таҳқирловчи" ва "суверенитетдан воз кечирувчи", деб атади.

Қосим бу келишув ўрнига Эрон ва АҚШ ўртасидаги меморандум амалда бўлиши керак, деб баёнот берди.

"Ҳизбуллоҳ" ҳам жангари гуруҳ, ҳам Ливан жанубининг катта қисмини назорат қилувчи сиёсий партиядир. Қўшма Штатлар уни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди, Европа Иттифоқи эса фақат унинг қуролли қанотини "қора рўйхат"га киритган.

Қосим баёнотида Исроил қўшинларининг жанубий Ливандан чиқиши учун бу гуруҳни қуролсизлантиришга уриниш - "қизил чизиқларни кесиб ўтиш"дир деб таъкидлади.

- Вашингтондаги келишув таҳқирловчи, шармандали ва суверенитетдан воз кечишдир. Бу келишув амалда мавжуд эмас ва унинг ўрнига Эрон — АҚШ англашув меморандуми қоидалари амалга оширилиши керак, - деди Наим Қосим.

Исроил ва Ливан 26 июн куни Вашингтонда бир неча кунлик музокаралардан сўнг келишув имзолади.

Бу келишув Исроил ва Эрон қўллаб-қувватлайдиган "Ҳизбуллоҳ" ўртасидаги тўқнашувларни тўхтатишга қаратилган бўлиб, ҳар икки томон уни дастлабки қадам сифатида баҳолаган.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳунинг айтишича, агар "Ҳизбуллоҳ" қуролсизланмаса, бу келишув Исроил қўшинларига жанубий Ливанда қолиш имконини беради.

Ливан президенти Жозеф Аун эса бу келишув мамлакат фуқароларининг "тўлиқ озод этилган" ҳудудларга қайтиш ва уй-жойларини тиклаш имконини бериши кераклигини таъкидлади ҳамда давлат суверенитетида эса "ҳеч қандай шерик" бўлмаслиги керак, деб баёнот берди.